Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:24

Бишкекда 3 ёшли қизалоқ зўрланди


Бишкекда ўтган ҳафта уч ёшли қизалоқни отаси зўрлагани ва шундан сўнг пичоқлагани тўғрисида хабар тарқалди. Бунинг ортидан қирғиз жамиятида педофилия муаммоси долзарблашиб бораётгани аён бўлди. Сўнгги уч ой ичида Қирғизистонда балоғатга етмаган 34 бола жинсий зўрланган.

Қирғизистонлик бир гуруҳ фаоллар мамлакатда педофилия иллатининг кўпайиб бораётгани сабабли парламентдан балоғатга етмаган болаларни зўрлаган шахсларни кимёвий йўл билан ахталаш тўғрисидаги қонунни тезроқ қабул қилишни талаб этмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси парламентда иккинчи ўқишда қабул қилинган эди. Лойиҳа қонун сифатида қабул қилиниши учун у парламентда яна бир марта муҳокама қилиниши зарур.

-Йилдан-йилга Қирғизистонда норасидаларни зўрлаш кўпайиб бораяпти. Масалан, ўтган йили Бишкекнинг Арчабешик мавзесида 8 ёшли қизни зўрлаб, кейин ўлдириб кетишган эди. Куни кеча эса 3 ёшли қизни зўрлаб, 12 жойига пичоқ урибди. Бу каби воқеаларни айтаверсак тугамайди. Парламент бундай одамларни бичиш тўғрисидаги қонунни тезроқ қабул қилишини талаб қиламиз, деди қирғизистонлик фаоллардан бири Атир Абдрахматова.

Суҳбатдошимиз айтиб ўтган сўнгги воқеа, маълумотларга қараганда, Бишкек атрофидаги Мурас Ўрда қишлоғида содир этилган. Қишлоқда яшовчи 29 ёшли шахс маст аҳволда уч ёшли қизини жинсий зўрлаб, кейин пичоқлаган. Икки қовурғаси синдирилган ва юзи пичоқ билан тилиб ташланган уч ёшли қизалоқ Бишкекдаги касалхоналардан бирининг жонлантириш бўлимида сақланмоқда.
Отаси томонидан хўрланган қизча беш кундан сўнг хушига келган. Бироқ шифокорларнинг айтишларича, унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Уни зўрлаган шахс эса қамоққа олинган.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 2013 йилнинг уч ойи ичида ўттиздан ортиқ бола зўрланган.

-2012 йилда ўсмирларни жинсий зўрланиши билан боғлиқ 151 ҳолат рўйхатга олинган. Бу жиноятларнинг 148 таси фош этилган. Жорий йилнинг уч ойи ичида эса 34 бола зўрланган. Афсуски, йилдан-йилга педофилия жинояти кўпайиб бормоқда. –деди ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Жоробай Абдраимов.
Қирғизистон парламенти депутатлари педофилларни кимёвий бичиш орқали бундай жиноятлар сонини камайтириш мумкин деб ҳисоблайдилар. Мазкур қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Дастан Бекешовнинг айтишича, ўлим жазоси бекор қилинган Қирғизистонда педофилларга қарши курашнинг ягона йўли уларни кимёвий йўл билан ахталаш бўлиб қолмоқда.

-Албатта, бу қонуннинг фойдаси бўлади. Сабаби Қирғизистонда ўлим жазоси бекор қилинган, мажбуран бичиш ҳам қонунларимизга тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам бу ишни бутун дунёда қўлланиладиган кимёвий ахталаш йўли билан амалга ошириш таклиф қилинаяпти, -деди Дастан Бекешов.

Қирғизистондаги саломатликни сақлаш йўналишида фаолият юритаётган нодавлат ташкилотларининг билдиришларича, педофилия Жаҳон саломатлик ташкилоти рўйхатига киритилган руҳий касаллик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шифокорларнинг кўпчилиги бемор деб ҳисобланувчи педофилларга нисбатан бундай жазо чоралари қўлланишига қарши чиқмоқда. Уларнинг фикрича, педофилларни қамаш эмас, даволаш зарур.
XS
SM
MD
LG