Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:55

МТС Ўзбекистонни халқаро арбитражга берди


Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи Вашингтондаги халқаро марказ ICSID Россиянинг МТС уяли телефон ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси лицензияси бекор қилинишига оид шикоятларини ўрганишга киришди.

Россиянинг МТС ширкати даъво қилишича, 2012 йил ўрталарида Ўзбекистондаги фаолияти тўхтатилиши ноқонуний бўлган ва натижада 1 миллиард 80 минг АҚШ долларли соф даромаддан қуруқ қолган.

Тортишувда МТС манфаатларини Британиянинг Debevoise & Plimpton юридик ширкати ҳимоя қилади. Ўзбекистон ҳукумати томонида эса Американинг Boies, Schiller & Flexner юридик ширкати турибди.

Ўтган ой суд коллегияси раиси этиб W. Michal Reisman тайинланди. У ва яна икки ҳакамдан иборат гуруҳ МТС ширкати даъволарини кўриб чиқади.

ICSID маълумотларига кўра, МТС уяли телефон ширкати шикоятлари аслида ўтган йил ноябр ойининг ўрталарида келиб тушган.

2004 йилда "Ўздунробита" мобил алоқа ширкатининг акцияларини сотиб олган МТС Ўзбекистон бозорида 2012 йил июнига қадар фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия ширкатини молиявий қаллобликлар ва солиқдан қочишда айблаши ва ширкат лицензиясининг тўхтатилиши ортидан 10 миллионга яқин мижозлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бир кунда тармоқдан узиб қўйилган. МТСнинг Ўзбекистондаги мулки ҳибс этилган эди.

Ўшанда МТС Ўзбекистондаги шўъба корхонасига қарши қилинган “ноқонуний амаллар” оқибатида кўрган зарарларини ундириш учун халқаро даражадаги барча ҳуқуқий воситаларни ишга солишини билдирганди.

МТС Ўзбекистон ҳукуматидан қанча пул даъво қилаётгани маълум эмас.

Сармоялар хавфсизлиги тўғрисидаги Вашингтон конвенцияси доирасида фаолият юритувчи ICSID 2006 йилда АҚШнинг "Зарафшон Нюмонт" ширкатининг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан даъволарини ўрганган.

Ўшанда "Зарафшон Нюмонт" атрофидаги можаро Ўзбекистон ҳукумати америкалик сармоядорларга 80 миллион АҚШ долларини қайтариши билан якун топганди.

Ўзбекистон хорижий сармоядорлар учун бизнес юритиш қийин мамлакатлардан ҳисобланади. Кузатувчиларга кўра, МТС билан боғлиқ можаро Ўзбекистоннинг хорижлик сармоядорлар учун ишончини яна ҳам тушириб юборди.
XS
SM
MD
LG