Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:55

Россия суди Магнитскийни айбдор деб топди


Сергей Магнитский Россияда суд қилинган илк марҳум бўлди
Сергей Магнитский Россияда суд қилинган илк марҳум бўлди

Москва суди марҳум адвокат, Россия ҳукумати расмийларини фирибгарликда айблаган Сергей Магнитскийни солиқлардан бўйин товлаганликда айбдор, деб топди. У билан бирга сиртдан ҳукм қилинган Hermitage Capital жамғармаси раҳбари Уильям Браудер суд қарорини "Европада кейинги 10 аср давомида вафот этган одам устидан чиқарилган биринчи ҳукмдир" дея атади.



Сергей Магнисткий Россияда суд қилинган илк марҳум бўлди. Hermitage Capital инвестицион жамғармасининг адвкоати бўлган Магнитский 2009 йилда, 37 ёшида тергов изоляторида калтаклангани ва унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаганидан кейин вафот этган эди.

Магнитский иши Россияда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига оид вазият ёмонлашиб бораётгани ҳақидаги хавотирларни янада кучайтирди.

У 2008 йилда Россия ҳукумати расмийларини давлат маблағини ўзлаштирганликда айблаши ортидан солиқдан бўйин товлаганлик айби билан ҳибсга олинган эди. Магнитский Россия амалдорлари фирибгарлик орқали 230 миллион АҚШ долларига тенг маблағни ўзлаштирганини фош қилган эди.

Унинг 11 ой давомида ҳибсда сақлангани ва изоляторда нобуд бўлгани халқаро ҳамжамият тарафидан қораланди. Қўшма Штатлар Магнитскийнинг ўлимига алоқадор расмийларга санкция жорий қилди.

Судда марҳумнинг яқинлари қатнашишни истамагани боис, Магнитскийни ҳимоя қилиш учун суд томонидан адвокат тайинланган эди. Давлат томонидан тайинланганига қарамасдан адвокат Николай Герасимов Магнитскийнинг яқинлари жиноят ишини қайта бошлаш тўғрисида ариза бермагани боис, суд мажлисини ноқонуний деб ҳисоблашини айтиб келди.

Магнитскийнинг беваси Наталья Жарикованинг адвокати Дмитрий Харитонов пайшанба куни Озодликка берган интервьюсида суд ҳукмига бундай муносабат билдирди.

- Сергейни бир йил давомида ҳимоя қилган адвокат сифатида, бўлиб ўтган суд маҳкамасини майнабозчилик деб ҳисоблайман. Биз принципиал тарзда бунда иштирок этишни истамадик,- деди адвокат.

Пайшанба кунги суд маҳкамасида Hermitage Capital жамғармаси раҳбари Уильям Браудер ҳам 17 миллион АҚШ долларига тенг солиқдан бўйин товлаганликда айбдор, деб топилди.

Судя Игорь Алисов сиртдан суд қилинган Браудерни тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

- Браудерга, жазо муддатини қисман қўшган ҳолда, умумий режимдаги колонияда тўққиз йиллик қамоқ жазоси берилсин ва Россия ҳудудида уч йил давомида тадбиркорлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилсин,- дея ҳукмни ўқиди судя.

АҚШда туғилган британиялик инвестор Уильям Браудер Россияда чуқур илдиз отган коррупцияни фош этиш ва Магнитскийнинг ўлимига масъул, деб кўрилган амалдорларни жазолашга қаратилган халқаро кампанияни бошлаган.

Пайшанба куни эълон қилган баёнотида Браудер Москва суди қарорини “Иосиф Сталин давридан бери Россия тарихидаги энг шармандали онлар”, дея атади.

“Бу Европада кейинги 10 аср ичида вафот этган одамга чиқарилган биринчи ҳукмдир”, дейлади баёнотда.

“Бу ҳукмга ҳар қандай усуллар билан эришиш уринишлари Путин ўзи етакчилик қилаётган ўғрилик ва коррупция тизимини фош қилмоқчи бўлганларни жазолаш учун нималар қилишгача боришга тайёрлигини кўрсатади”, деган Браудер Сергей Магнитский ва унинг яқинлари учун адолатни қарор топтирмагунча курашни давом эттиришни ваъда қилди.

Браудерни тўққиз йилга ҳукм қилган Россия адлия тизимининг уни қўлга олиш имконлари ўта чекланган.

Браудер Британияда яшайди ва Интерпол уни халқаро қидирувда бўлганлар рўйхатига киритишдан бош тортган. Халқаро полиция Браудерга қарши айбловларни сиёсий мотивларга асосланган дея тан олган.

Сергей Магнитский 11 ой давомида тергов изоляторида бўлган пайтда қамоқхона нозирлари тарафидан қўпол муомалага дуч келгани, хусусан калтаклангани ва мунтазам тарзда тиббий ёрдам ололмаётганини айтиб келган.

Гепатит, диабет ва юрак хасталиги билан оғриган адвокат тергов изолятори ходимларини ўзига нисбатан Браудерга қарши кўрсатма олиш мақсадида босим ўтказганликда айблаган эди.

Россия президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам Магнитский калтакланганига ишора қилувчи далиллар борлигини хулоса қилган.

Лекин Россия Президенти Владимир Путин бу айбловларни инкор қилиб, адвокат юрак хасталигидан вафот этганини иддао қилиб келади.

Россия расмийлари Магнисткийнинг ўлимидан кейин унга нисбатан жиноят ишини ёпган, лекин 2011 йилда айбланувчиларни вафотидан кейин судга тортишга оид янги қонун қабул қилингач, жиноят ишини қайта бошлаган эди.

Қонун расман айбланувчи яқинларига унинг номини оқлаш имконини беради. Лекин Магнитскийнинг яқинлари иш қайта очилишига розилик бермагани боис, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уни ноқонуний дея атаб, қоралаган эди.
XS
SM
MD
LG