Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:43

Бишкекдан АҚШ ҳарбийларини чиқариш шартлари муҳокама қилинди


АҚШнинг Қирғизистондаги ҳарбий транзит маркази 2014 йилнинг 11 июлида ёпилади. Бишкек расмийлари мазкур қарорда собит эканликларини АҚШ Давлат департаменти делегацияси билан бўлган учрашув чоғида яна бир бор таъкидладилар.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси тарқатган маълумотда айтилишича, америка ҳарбий транзит маркази юзасидан музокара олиб бориш учун Бишкекка элчи Эрик Жон ораҳбарлигидаги делегация келган. Музокаралар тафсилоти АҚШ элчихонаси томонидан очиқлангани йўқ.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эрнес Ўтўрбаев АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа департаменти экспертларидан иборат делегация Бишкекдаги транзит марказини олиб чиқиб кетилиши шартларини муҳокама қилиш учун келганини билдирди.

-Базани чиқариш куни яна бир марта келишиб олинди. Уни қай шаклда ва қандай шартлар асосида олиб чиқиб кетилиши масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, база олиб чиқиб кеьилгач, хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди, -деди Эрнес Ўтўрбаев.

Бундан аввалроқ АҚШ томони ҳарбий транзит марказини фуқаровий транспорт хабига айлантириш ниятида эканини билдирган эди. Бироқ расмий маълумотга қараганда, учрашув пайтида бу мавзу кўтарилган эмас.

Қирғизистонлик айрим сиёсатчилар, мамлакатдан АҚШ ҳарбийларининг чиқарилиши Бишкек ва Вашингтон иқтисодий-сиёсий алоқаларига путр етказиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқдалар. Лекин бир қатор сиёсатшунослар Қирғизистон Марказий Осиёдаги сув-энергетика заҳиралари жамланган нуқта ва минтақдаги демократик давлат бўлгани туфайли ҳам АҚШ бу мамлакатни таъсир доирасидан чиқармаслик мақсадида алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади, деган фикрдалар.

Қирғизистондаги АҚШ элчихонасининг билдиришича, мамлакатдан Америка ҳарбийларининг чиқарилиши Қирғизистон билан хавфсизлик соҳасида олиб борилаётган ҳамкорликка салбиқ таъсир кўрсатмайди.

-Биз хавфсизлик соҳасида террорчилик ва наркотик савдосига қарши курашдан ташқари барқарорликни сақлаш имкониятларини ошириш, чегарани қўриқлашни яхшилаш каби ишларни ҳам амалга оширамиз. Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий транзит маркази хавфсизлик солҳасидаги ҳамкорликнинг бир қисми эди, холос,-деди Бишкекдаги АҚШ элчихонасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими расмийси Жухано Фернандо.

Қирғизистон парламенти жорий йилнинг 20 июнида АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Мазкур қарор 26 июнда президент Атамбаев томонидан тасдиқланди. Мазкур қарорга асосан АҚШ ҳарбийлари Бишкекдан 2014 йилнинг 11 июлигача олиб чиқиб кетилиши шарт.

АҚШ ҳарнбий базаси Қирғизистонга 2001 йилда жойлаштирилган эди. 2009 йилда собиқ президент Бакиев базани Қирғизистондан чиқариш ваъдаси эвазига Россия билан 2 миллиард долларлик кредит шартномасини имзолаган эди. Бироқ мазкур база номи ҳарбий транзит маркази деб ўзгартирилди ва Қирғизистон чиқарилмади. Бунинг ортидан Москва билан Бишкек алоқлари кескин ёмонлашган эди. Транзит марказида икки мингдан ортиқ одам меҳнат қилади. Уларнинг 700 нафари қирғизистонликлардир.

Расмий маълумотларда айтилишича, АҚШ ҳарбий базаси учун ҳар йили Қирғизистонга 60 миллион доллар ижара ҳақи тўлаган.
XS
SM
MD
LG