Россиянинг Тюмен шаҳрида Ўзбекистон сўрови билан диндор Усмон Муҳиддинов ҳибсга олинди. Маҳбуснинг яқинлари у 1992 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетганига қарамасдан, “диний-экстремистик ташкилотлар тузганликда” ва “Ўзбекистон Республикасига хавф солувчи фаолият” юритганликда айбланаётганини таъкидламоқда.
2013 йилнинг 2 июлида Тюмен шаҳар аэропортида асли наманганлик, ҳозирда Россия фуқароси бўлган 45 ёшли Усмон Муҳиддинов ҳибс этилди. У Ўзбекистон куч ишлатар идоралари томонидан очилган қатор жиноий ишлар бўйича айбланаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш Бош бошқармаси томонидан 2003 йил май ойида эълон қилинган “Жиноятчилар қидирув бюллетени”да ички ишларнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Наманган шаҳридан бўлган Лутфиддин Муҳиддиновни “ЎР Жиноят Кодексининг 159-моддаси 1-қисми билан айбланиб, 1998 йилнинг 7 майида қидирувга бергани” акс эттирилган.
2 июл куни Тюмен шаҳар Калинин тумани суди судяси Алла Петровских вилоят прокуратураси тақдим этган материаллар билан танишиб чиқиб, судланувчи Ўзбекистонда Лутфиддин Муҳиддинов исмига эга бўлгани, 1992 йилда ўз оиласи билан Ўзбекистонни тарк этгани ва 1997 йилгача Саудия Арабистонида Ислом университетида таҳсил олганини аниқлади.
Россия расмий идоралари Ўзбекистонга юборган сўровномасига Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасидан “Муҳиддинов хориж (Саудия Арабистони)да доимий яшаётган ва консуллик қайдига турмаган шахс сифатида 1997 йилда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган”и тўғрисида жавоб олинган.
Бироқ, 1992 йилдан буён Ўзбекистонда бўлмаган Лутфиддинга нисбатан 1998 йилдан бошлаб қатор жиноий ишлар очилган.
Тюмен вилоятининг Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари Галимжан Бикмуллин Озодлик билан суҳбатда Россияда 10 йилдан олдинроқ Усмон Муҳиддинов номига Россияга паспортини олган бу шахсни жуда яхши таниши ва унга қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссиз эканини айтади.
- У ҳеч қандай ташкилот тузмаган – бу ғирт ёлғон! У ўта камтарин, босиқ одам, 5 нафар фарзанднинг отаси. Бир вақтлари у масжидимизда болаларга Қуръон ўргатган. У ҳақиқатан ажойиб Қуръон ҳофизи, у Саудияда ўқишни битириб келиб, Татаристонда Россия Ислом университетини сиртдан битириб, дипломини олди. У анчадан бери дин билан боғлиқ бўлмаган соҳада ишлайди – бола-чақани боқиш керакку... Бизда ойлик кам. У таксичилик қилган, юк машинасини ҳайдаган. Москвага кетиб ишлади, кейин ҳаж ишлари билан одамларга ёрдам бериб юрди. Бандит, экстремист бўлмаса, ҳалол меҳнат қилиб пул топса. У рус тилини яхши билмаслиги сабабли ҳатто ваъз айтишни билмайди. Ўзбекларга ниманидир тушунтириши мумкин, лекин аллақандай партия-ташкилотлар тузганлигига мен шахсан ишонмайман,- дейди Тюмен Мусулмонлар диний бошқармаси раиси Галимжан Бикмуллин.
Тюмен вилоят муфтийси ҳазрат Бикмуллин Усмон Муҳиддинов охирги йилларда Россиядан ҳажга кетаётган одамларга ҳамроҳлик қилиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатувчи бўлиб хизмат қилиб юрган, Тюменда уни билган мусулмонлар орасида жуда катта ҳурмат-иззатга эга эканини қўшимча қилди.
Озодлик Усмон Муҳиддиновнинг ҳозирги ҳолати юзасидан Тюмен вилоят прокуратурасига юборган сўровига ҳозирча жавоб олмади.
Уни ҳимоя қилаётган Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Россия федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари, айниқса, Ўзбекистон томонидан диний мотивлар асосида айбланаётган шахсларни ҳар қандай ёўл билан бериб юборишга тайёр эканини айтади.
“Бу сафар улар Муҳиддиновнинг паспорти сохта экани ва у Россия фуқаролигини ноқонуний тарзда олганини исботлашга уринмоқда”, дейди Озодликка ҳуқуқ фаоли.
- У тергов изоляторида сақланмоқда, унга тергов давомида қамоқда сақлаш чораси қўлланилди. Бу ерда қизиқ бир вазият юзага келди. Маълумки, Тюмен вилояти Ўзбекистондан келаётган фуқаролар ўтадиган марказларидан бири ва бу ерда фуқаролик олган ўзбеклар сони жуда кўп. Ўзбекистон тарафи қизиқиш билдирган фуқаролиги бор ҳар қайси шахсни маҳаллий идоралар “сохта паспорт олган”, деб айблашга ва уни экстрадиция қилишга ўрганиб олди. Муҳиддинов Россияда 15 йилдан ортиқ яшаётган бўлса ҳам, 10 йилдан зиёд вақт фуқаро бўлишига қарамасдан, “унинг ҳужжатлари нотуғри расмийлаштирилганида” айбланмоқда,- дейди Елена Рябинина.
Суҳбатдош Россия ҳукумати шу тариқа фуқаролиги бекор қилинган диндорларни “ортиқча бош оғриқсиз” Ўзбекистонга топшириб юбориш учун замин ҳозирлаётганини айтади.
У Усмон Муҳиддинов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) дан ташқари 242-модда (жиноий гуруҳ ташкил этиш) да ҳам айбланаётганини "бориб турган мантиқсизлик" деб атади.
- “Жиноий гуруҳ” тушунчасига Россия қонунчилигида бироз кенгайтириб таъриф берилган бўлса, Ўзбекистоннинг бу моддаси ажойиб содда қилиб тушунтирилган: “жиноий гуруҳнинг тузилиши”. Бўлди! Бундан чиқди, 5 киши ошга йиғилиб, биргаликда намоз ўқисаю, олтинчиси “буни кўрдим” деб гувоҳлик берса – етарли: сиз жиноий гуруҳ аъзосисиз! Муҳиддиновга қўйилаётган айбловда конкрет қаерда, кимга, қачон ваъз ўқигани, даъват қилгани айтилмаган – барча айбловлар умумий шаблон тарзида. Қолаверса, бу ерда уни айблаш муддати ҳам ўтиб бўлган. Бу йигитнинг айби – Саудия Арабистонида ўқиганими? Айтишим керакки, диндорлардан қўрқиш барча диктаторлик режимларга хос белгига айланиб қолди, дея хулоса қилди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Озодлик билан суҳбатда.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бир ой ичида экстрадиция учун зарур бўлган расмий ҳужжатларни жўнатиши керак.
Россия судларига ишончини йўқотганини гапирган ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина Усмон Муҳиддиновнинг экстрадиция иши Инсон ҳақлари бўйича Страсбург судигача боришига ишонишини маълум қилди.