Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:11

Фарғона нефт заводи раҳбарияти ҳибсга олинди


Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига 1959 йилда асос солинган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига 1959 йилда асос солинган.

Президент Ислом Каримовнинг жияни Акбарали Абдуллаевнинг ҳибсга олинганидан ўн кун ўтиб, у назорат қилгани айтиладиган Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводини "қора ниқобли"лар босди. Озодлик манбаларининг хабар қилишича, заводнинг раҳбарияти вакиллари қўлига кишан солиниб, бошига қоп кийгизилган ҳолда олиб кетилган.


Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти 20 октябрь куни ҳибсга олингани айтилмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Фарғонадаги Озодлик манбасига кўра, миллий хавфсизлик хизмати вакиллари “қора ниқобли”лар гуруҳи билан биргаликда келиб, завод раҳбарларидан тортиб, деярли барча бўлимлар бошлиқларини ҳибсга олган.

Манбага кўра, ҳибсга олинганлар орасида завод бош директори Муҳаммадқодир Тоирович Абдуллаев ҳам бўлиб, уни кабинетидан бошига қоп кийдириб, қўлига кишан солиб олиб кетишган.

“Бош директордан ташқари, директор ўринбосари, таъминот бўлими бошлиғини ҳам худди шундай тарзда - қўлига кишан солиб, бошига қоп кийгизиб, олиб кетишган. Кейин яна бошқа бўлим бошлиқларини ҳам қамоққа олишган. Қора маскали ҳарбийлар, махсус хизмат вакиллари билан бирга келишган”, дея хабар йўллади Озодлик манбаси.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводининг ходимларидан бири заводдаги раҳбар шахсларнинг ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бироқ бошқа тафсилотларни очиқлашни истамади.

Манбамизга кўра, завод мулозимлари икки вагон шамни ноқонуний равишда ўзлаштирганликда айбланмоқда. Икки вагон шам завод яқинидаги Тошлоқ туманида жойлашган хонадонлардан бирида яширилган бўлган.

Завод фаолиятидан яхши хабардор бўлган Озодлик манбасига кўра, шам заводнинг 4-цехида ишлаб чиқарилади.

“Бу заводнинг орқасидаги 4-цех. У ерда нефтнинг энг сўнгги қолдиғидан шам ишлаб чиқарилади. Бу цеҳдан Тошлоқ туманига шамни олиб кетиш жуда қулай”, дейди манбамиз.

Фарғона шаҳар прокуратурасининг ходимлари Фарғона нефт заводи раҳбарларининг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолатни тасдиқламади, бироқ инкор ҳам қилмади.

Ўтган йилнинг 8 июн куни ҳам мазкур заводнинг ўттизга яқин мулозими ҳибсга оилнган эди.

Ҳибсга олинган мулозимлар орасида заводнинг ўша пайтдаги директори Баҳодир Тоштемиров ҳам бўлиб, кейинчалик унинг ўрнига асли олтиариқлик Рустамжон Каримов вақтинча директор этиб тайинланган эди.

Ўтган якшанба куни ҳибсга олинган Муҳаммадқодир Абдуллаев орадан бироз вақт ўтиб, мазкур корхонага бош директор этиб тайинланди.

Бир йил олдинги "тозалаш" пайти мазкур завод мулозимларидан ташқари президент рафиқасининг жияни Акбарали Абдуллаев бошқарадиган гуруҳ аъзолари бўлган Содиқ ва Акбар деган ака-укалар ҳам ушланган, бироқ кейинчалик қўйиб юборилгани хабар қилинган.

Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи фаолиятини мустақил таҳлил қилган Озодлик манбасига кўра, "Фарғона нефт заводи Ўзбекистон президентига яқин бўлган шахслар назоратида бўлиб, заводда коррупция ва ўғирлик ҳолатлари кўпайган".

Манбага кўра, Фарғона водийсидаги нефт олди-сотдиси яқинларгача президент Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримованинг жияни Акбарали Абдуллаев томонидан назорат қилинган.

10 октябр куни ҳибсга олиниб, порахўрлик, солиқларни яширганлик ва мулкни ўзлаштиришда айбланаётган 29 яшар Акбарали Абдуллаев Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG