Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:40

Ўзбекистон президенти пахта қурбонларини эсламади


Ўзбекистонда бу йил етиштирилган пахтадан топилган ялпи даромад 3 триллион 100 миллиард сўмни ташкил қилади. Қора бозор курси билан долларга чақилганда даромад миқдори 1.12 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов пахта режаси бажарилгани муносабати билан пахтакорларга йўллаган табригида мана шу рақамни келтирди.

Ўзбекистонда жорий йилда 3 миллион 350 минг тонна пахта хом ашёси териб олинди. 25 октябр куни пахта режаси бажарилгани муносабати билан пахтакорларни табриклаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳосилнинг 90 фоизи “биринчи нав” ли деб топилгани, шу сабабли ҳам жорий йилда пахтадан кўриладиган даромад ўтган йилга нисбатан 23 фоизга кўп бўлишини таъкидлади.

Пул ҳисобида 2013 йил пахта ҳосилидан кўриладиган ялпи даромад миқдори 1,12 миллиард долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон раҳбари ўз табригида “пахтани фақат оқ ниятли ва оқ кўнгил” одамлар етиштира олишини айтди. Ислом Каримов “мамлакатнинг юксак пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшган” Қорақалпоғистон, Навоий, Андижон, Фарғона ва Бухоро вилоятларини алоҳида тилга олди. Бу вилоятлар пахта режасини биринчилардан бўлиб бажарган эди.

Президент ҳар йилда бўлгани каби жорий йилда ҳам пахта режасини бажарган “барча фидоийларни” “бағрига босиш”ни унутмади:

“Бугунги хурсандчилик кунда сиз, фидойи деҳқон ва фермерларни, сувчи ва механизаторларни, агроном ва селекционерларни, мутахассис ва мутасаддиларни, Ўзбекистонимизнинг юксак пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшган барча инсонларни бағримга босиб, яна бир бор табриклар эканман, сизларга қалбимда, юрагимда бўлган ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман”, дейилади Ислом Каримовнинг табригида.

Айни пайтда табрикда пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлар орасида қурбонлар бўлгани ҳақида бирон сўз айтилмади ва уларнинг яқинларига таъзия ҳам билдирилмади.

Озодлик радиосига маълум бўлган қурбонлар сони бу йилга пахта мавсумида камида тўққиз нафар бўлган.

16 ёшли Эркабой Йўлдошев 21 октябр куни Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган пайтда вафот этган.

18 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

30 сентябр куни Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги талабалар ётган 52-боғчада 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. Уйчи туманида яшаган курсдоши Нуриддин Холдоровни калтаклаб ўлдирган.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Калламозор қишлоғида яшаган 31 яшар Хайрулла Норматов 4 октябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги пахтазорда жон таслим қилди.

Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган Ембергенова Малика Дарёбоевна 23 сентябрда Тахтакўпир туманидаги Атакўл қишлоқчасидаги ётоқда ўз жонига қасд қилди.

Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини(исми шарифини аниқлаш имкони бўлмади - Озодлик) пахта тераётган пайтда ўлиб қолган. Бу ҳақда 28 сентябрда маълум бўлди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бири касалхонада жон берди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG