Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:30

Боёвутлик фермер Неъмат Сулаймонов ўзини осди


Сирдарёнинг Боёвут туманида яшаган 54 яшар фермер Неъмат Сулаймонов 5 ноябрь куни ўзини осди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, фермер маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босимига чидай олмай ўз жонига қасд қилган. Халқ шоири Тўра Сулаймоннинг тўнғич ўғли бўлган марҳумнинг оиласи унинг ўлимини фермерлик фаолиятига боғлиқ эмаслигини айтмоқда.


Ўзбекистон Халқ шоири Тўра Сулаймоннинг тўнғич ўғли, 54 яшар Неъмат Сулаймоновнинг мурдаси 5 ноябр куни эрталаб соат 10 ларда ўз уйида осилган ҳолда топилди.

“У уйини орқасидаги янги уйига кириб ўзини осган. Эрталаб соат 10 ларда топишган”, деди марҳумнинг яқин дўстларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Ҳодисани ўрганган “Эзгулик” жамияти тарқатган пресс-релизда айтилишича, “Фермер пахта режасини уддалашига кўзи етмаган, туман ва вилоят раҳбариятининг мунтазам босимлари остида яшаган. Доимий депрессия ва қўрқув туфайли ўз жонига қасд қилишга мажбур бўлган”.

- Кейинги пайтларда у кишининг фермер хўжалигига нисбатан, умуман ҳамма фермерларга нисбатан оғир вазиятлар бўлгани, пахта режасининг тўлмаслиги билан боғлиқ жиддий гап-сўзлар бўлгани ҳақида у кишини билганлар гапиришди. Шулар оқибатида стрессга тушиб юргани, руҳий оғир вазиятларни кечиргани тўғрисида бизга гапириб беришди, - дейди “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Сулаймоновнинг яқин дўстларидан бири Озодлик билан суҳбатда фермернинг ўлимини унинг касбий фаолияти билан боғлаш нотўғри, деб ҳисоблашини айтади.

Исмини очиқламаётганимиз манбага кўра, у Сулаймонов билан бир ой аввал учрашганида, дўсти ўзининг руҳий муаммоларидан шикоят қилган.

“Биз Неъматнинг уйида учрашдик. У битта жойда ўтира олмади. У ёқдан-бу ёққа юраверди. “Нима бўлди”, десам, “Кечаси ҳам туриб кетаман. Ухлашимнинг ҳам мазаси йўқ”, деди. Мен унга намоз ўқишни маслаҳат бердим. Ўзи руҳий ҳолати жойида эмасди”, дейди марҳумнинг яқин дўстларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг айтишича, дўстининг фермерлик фаолиятида муаммо бўлмаган.

“У пахта планини бажарган, деб эшитдим. Укалари ҳар доим ёрдам беришади. Яқинда бир укаси Россия билан қўшма корхона очиб, ишга туширди”, дейди марҳумнинг дўсти.

Боёвут туман Ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, фермер Неъмат Сулаймоновнинг ўлими бўйича жиноий иш очилмаган.

Неъмат Сулаймоновнинг отаси –Ўзбекистон Халқ шоири Тўра Сулаймон 2005 йилда 71 ёшида оламдан ўтган.

Жорий йилда маҳаллий ҳокимлик вакилларининг босим ва тазйиқлари ортидан бир қанча фермер ўз жонига қасд қилди.

18 октябрь куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди.

Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

Жорий йилнинг июл ойи охирида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги “Қўшработ” фермерлар ширкати раиси Исмат Шодмонов йиғилишда туман ҳокими томонидан хўрланиб, калтакланганидан сўнг уйига келиб ўзини осган эди.

Шу йилнинг апрел ойида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлис пайтида маҳаллий фермер Турсунали Содиқов ички ишлар бўлими раҳбари томонидан калтакланганидан бир кун ўтиб юрак ҳуружидан вафот этган эди.
XS
SM
MD
LG