Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:26

Пахта теришга мажбурланган талаба ҳомиласидан ажралди


Пахта теримига олиб чиқилган талабалар шундай шароитда қарийб 2 ой яшади
Пахта теримига олиб чиқилган талабалар шундай шароитда қарийб 2 ой яшади
Қорақалпоғистон Давлат университетининг иккинчи курс талабаси Зиёда Алламберганова пахта терими пайтида ҳомиласидан айрилган. Сентябрь ойининг охирида бўлган бу воқеа Озодликка 13 ноябрь куни маълум бўлди. Курсдошларининг айтишича, Зиёда университет раҳбариятига ҳомиласи борлиги ҳақида тиббий маълумотнома тақдим этган бўлишига қарамай, пахта теримига мажбуран олиб чиқилган.

Номи тилга олинган олий ўқув юрти филология факультетининг иккинчи курс талабаси Зиёда Алламберганова ҳомиласидан Тўрткўл туманида пахта тераётган пайтда айрилган.

Бу ҳақда Озодликка Зиёданинг исми сир қолиш шарти гапирган курсдошларидан бирига кўра, воқеа сентябрнинг охирида содир бўлган:

- Пахта тераётган пайтда Зиёда қорним оғрияпти, деб юрарди. Кейин бир куни туалетга чиққанида ҳомиласи ҳам тушиб кетган. Шундан кейин болнисага олиб боришди. Бошқа пахтага чиқмади, деди талаба қиз.

Қорақалпоғистон Давлат университети филология факультетининг ўзини таништирмаган ўқитувчиси Зиёда ва унинг ҳомиласи билан боғлиқ хабарни тасдиқлади. Лекин унинг айтишича, фожеа талаба қиз қариндошларининг уйига меҳмонга борганида юз берган:

- Бу қиз Тўрткўлдаги қариндошларининг уйига борган. Ўша ерда пахтага чиққанми, билмадим, хуллас туалетга кирганида боласи тушиб қолган экан, деди ўқитувчи.

Аммо, Зиёданинг курсдошларига кўра, уларнинг гуруҳи Тўрткўл туманида пахта терган ва бу воқеа Зиёда айнан талаба сифатида пахта тераётган пайтда содир бўлган.

- Бу йил пахта қаттиқ бўлди. Медсправкаси борларни ҳам пахтага олиб чиқишди. Зиёда ҳам ҳомиласи борлигига қарамай пахта теримига мажбуран олиб чиқилди, деди талаба қизлардан бири.

29 октябрь куни куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси қошидаги Қийноқларга қарши қўмита экспертлари билан учрашувда столни муштлаб Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнат йўқлиги, пахта терими мавсуми бу йил бир ойгина давом этгани ҳақида гапирган эди.

Бироқ, Ўзбекистондаги аксарият олий ўқув юртлари ва коллеж талабалари қарийб икки ой давомида пахта терди.

Ўзбекистонда Озодлик хабар топган 2013 йил пахта терими мавсуми қурбонлари, ҳали туғилмай нобуд бўлган ҳомилани ҳисобга олганда 10 нафарга етди.

16 ёшли Эркабой Йўлдошев 21 октябр куни Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган пайтда вафот этган.

18 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Ёнбошқалъа массивида яшовчи 38 ёшли фермер Сафарбой Каримовнинг жасади ўз пахта даласидаги дарахтга осилган ҳолда топилди. Манбаларга кўра, фермер пахта режасини бажара олмаётгани учун мутасаддилар томонидан ҳақорат қилинганидан кейин ўз жонига қасд қилган.

30 сентябр куни Наманган Давлат Университети талабалари пахта тераётган Мингбулоқ туманининг Гулбоғ қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги талабалар ётган 52-боғчада 22 ёшли 4-курс талабаси Ж.И. Уйчи туманида яшаган курсдоши Нуриддин Холдоровни калтаклаб ўлдирган.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Калламозор қишлоғида яшаган 31 яшар Хайрулла Норматов 4 октябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги пахтазорда жон таслим қилди.

Нукус шаҳридаги 1-Тиббиёт коллежининг 2-курсида таҳсил олган Ембергенова Малика Дарёбоевна 23 сентябрда Тахтакўпир туманидаги Атакўл қишлоқчасидаги ётоқда ўз жонига қасд қилди.

Дўстлик туманида фермерлик қилаётган Абдуғани Жумабоевнинг келини(исми шарифини аниқлаш имкони бўлмади - Озодлик) пахта тераётган пайтда ўлиб қолган. Бу ҳақда 28 сентябрда маълум бўлди.

15 сентябр куни Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Нарчоқ қишлоғида 6 яшар болакай Амирбек Раҳматов пахта ортилган прицепга чиқиб ухлаб қолган ва шом қоронғусида унинг устига теримчилар терган пахта тагида бўғилиб ўлган.

Қарши Давлат университети Тарих факултети миллий ғоя йўналишининг 2-курс талабаси шу факультет 4-курс талабаларидан 4 нафарини 16 сентябр куни пахта даласида пичоқлаб қўйди. Пичоқланганлардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, яна бири касалхонада жон берди.

9 сентябр куни Қаршидаги Ҳилол агросаноат коллежининг 2 босқич талабаси, 1996 йили Қарши туман, Сарой қишлоғида туғилган Мухлиса Ўрол қизи Ражабова пахта даласида ток уриб нобуд бўлди.
XS
SM
MD
LG