Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:00

“Кредит-Стандарт” банки мижозларининг пулларини қайтаришга ваъда берди


“Кредит-Стандарт” банки биринчи мижозлари орасида Coca-Cola Uzbekistan ширкати ҳам бўлган.
“Кредит-Стандарт” банки биринчи мижозлари орасида Coca-Cola Uzbekistan ширкати ҳам бўлган.

Ўзбекистондаги лицензияси бекор қилиниб, фаолияти тўхтатилган “Кредит-Cтандарт” тижорат банки барча омонатчиларнинг пулларини қайтаришга ваъда берди. Мазкур банк мижозларининг пуллари ва депозитлари бўйича устама фоизларни Халқ банкига ўтказиб берганини маълум қилди.

Фаолияти тўхтатилган "Кредит-Cтандарт" тижорат банкининг матбуот хизмати маълум қилишича, "Кредит-Cтандарт" Ўзбекистон Марказий банки қарори билан ўз ишончида бўлган хусусий шахсларга тегишли ҳисоблардаги, пластик карточкадаги, депозитлардаги пулларни ва депозитлар бўйича устама фоизларни Ўзбекистон Халқ банкига ўтказиб берган.

"Кредит-Cтандарт" банки матбуот хизматининг билидиришича, 2013 йилнинг 2 декбаридан бошлаб Халқ банкининг Тошкент, Самарқанд ва Фарғонадаги филиалларида янги мижозлар учун ҳисоб рақамлари очилади.

“Кредит-Стандарт” тижорат банки лицензияси бекор қилингани ортидан фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисида Озодлик 26 ноябрь куни хабар берган эди.

27 ноябрь куни Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати “Кредит-Cтандарт” тижорат банки лицензияси бекор қилинди ва бунинг ортидан банк ўз фаолиятини тўхтатган ҳақида маълум қилди.


Ўзбекистон Марказий банкига яқин манбадан 26 ноябрь куни олинган маълумотга кўра, банк ходимларининг кўпчилигига ишга келмаслик тавсия қилинган.


“Кредит-Стандарт” ходимлари банкнинг маълумотлар базаси икки кундан бери ишламаётгани ҳамда тижорат банки ёпилиши мумкинлигига оид гап-сўзлар борлигини ўша куни тасдиқлаганди.

“Кредит-Стандарт” банки ўтган йилнинг бошида валюта операцияларини амалга ошириш лицензиясидан маҳрум қилинган эди.

МБ расмийларига кўра, “Кредит-Cтандарт” Ўзбекистондаги банк қонунчилигини бузгани учун лицензиядан маҳрум қилинган.

Фаолиятини 2003 йилда бошлган “Кредит-Стандарт” тижорат банки ўтган йилдан бери турли муаммоларга дуч келаётган эди.

2012 йил январ ойида банкнинг валюта операцияларини амалга ошириш лицензияси тортиб олинди.

Ўшанда Озодлик манбалари “Кредит-Стандарт” ноқонуний валюта операцияларини амалга оширгани аниқланганини гапириб берган эди.

“Кредит-Стандарт” банки Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова назорати остида бўлиб келган иддаолар бор.

Қуйида Озодликнинг 26 ноябрь кунги батафсил хабарини ўқинг:

“Кредит-Стандарт” тижорат банки ёпилиш хавфи остида қолгани ҳақида Озодликнинг Ўзбекистон Марказий банкига яқин бўлган манбаларидан бири хабар қилди.

“Кредит-Стандарт” банкининг уч нафар ходими сўнгги кунларда шунга оид гап-сўзлар пайдо бўлганини тасдиқлади. Озодлик мухбири банк ходимларига “Кредит-Стандарт” мижози сифатида мурожаат қилди. Улардан бири банкнинг маълумотлар базаси икки кундан бери ишламаётганини айтиб, ҳозирча саросимага тушишнинг ҳожати йўқ, дея билдирди.

“Икки кундан бери банкимизнинг базаси, яъни маълумотлар тизими ишламаяпти, миш-мишлар пайдо бўлгани сабаби ҳам шунда. Лекин банкимиз ёпиладиган бўлса ҳам, хавотирланманг, чунки жисмоний шахсларнинг банкимиздаги омонатлари суғурталанган ва ҳар қандай вазиятда пулингизни йўқотмайсиз. Лекин ҳозирда банкимиз бошқа бир банкка қўшилиши мукинлиги тўғрисида ҳам гап бор”, деди “Кредит-Стандарт” ходими.

Банкнинг яна бир ходими эса, “Кредит-Стандарт” бошқа тузилмага қўшилиши ёки бошқа ном билан фаолиятини давом эттириши мумкин, дея таъкидлади.

Фаолиятини 2003 йилда бошлган “Кредит-Стандарт” тижорат банки ўтган йилдан бери турли муаммоларга дуч келмоқда. 2012 йил январ ойида банкнинг валюта операцияларини амалга ошириш лицензияси тортиб олинган эди. Ўшанда Озодлик манбалари “Кредит-Стандарт” ноқонуний валюта операцияларини амалга оширгани аниқланганини гапириб берган эди.

“Кредит-Стандарт” ёпилиши мумкинлигига доир иддаолар Ўзбекистондаги яна бир молиявий муассаса “Infinbank” фаолияти тергов идоралари тарафидан тафтиш қилинаётган пайтга тўғри келмоқда. Ўтган ойда “Infinbank”нинг энг йирик мижозларидан бири Terra Group медиа ширкати ҳисоб-рақамлари музлатиб қўйилган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Гулнора Каримовага тегишли бўлган Terra Group ширкатининг “Infinbank”да ўнлаб ҳисоб рақами бўлган ва маблағлар умумий миқдори “шунчалик каттаки, банк мутахассислари бунга оид тафсилотлар ҳақидаги ҳисоботни терговчига тайёрлаб бериши учун бир неча кун вақт талаб қилинган”.

“Кредит-Стандарт” банки 10 йил аввал очилиб, кўп ўтмай иши юришиб кетди, дейди Озодликнинг Марказий Банкка яқин манбаси. Суҳбатдошимизга кўра, тез орада банк мижозлари орасида Coca-Cola Uzbekistan каби салмоқли ширкатлар пайдо бўлган.

“Coca-Cola Uzbekistan айнан ўша пайтда Ўзбекистон президентнинг собиқ куёвидан тортиб олиниб, қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган эди ва шунинг учун “Кредит-Стандарт” банкининг унга, яъни Гулнорага алоқаси борлигига доир иддаолар бўлган”, дейди манбамиз.

Банк фаолиятининг бошида фақат Фарғона билан Самарқанддагиа филиаллари бўлгани ҳам бу иддаоларни янада кучайтирган.

Унинг яна айтишича, 2010 йилда банк хўжайинлари алмашган ва “Кредит-Стандарт” назорати қозоғистонлик сармоядорларга ўтгани ҳақида тахминлар бор.
XS
SM
MD
LG