Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:28

"Кредит-Стандарт" валюта операцияларини тўхтатади


Ўзбекистон Марказий банки "Кредит-Стандарт" тижорат банкининг валюта операцияларини амалга ошириш бош лицензиясини вақтинча тўхтатиб қўйиши ортидан 1 февралдан банк халқаро VISA картаси хизматини тўхтатади.

Мижозлар учун шошилинч хабар

"Кредит-Стандарт" (КСБ) очиқ турдаги ҳиссадорлик тижорат банкининг ўз сайти орқали мижозларига қилган мурожаатида ëзилишича¸ хориж валютасидаги ҳисоб рақамига боғланган VISA карталарига эга жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш ва бу турдаги карталар бериш вақтинча тўхтатилади.

Шу муносабат билан банк ўз мижозларидан 2012 йилнинг 31 январига қадар бу турдаги карталардан фойдаланишни тўхтатиш ва уларни банкк қайтаришни сўрамоқда.

"Кредит-Стандарт" банки расмий сайтида ëзилишича¸ мижоз жорий йилнинг 31 январига қадар нафақат халқаро VISA картасини қайтариши¸ балки у боғланган хориж валютасидаги ҳисоб рақамида қолган маблағини ҳам олиб кетиши лозим.

2003 йилдан бери фаолият юрғизиб келаëтган "Кредит-Стандарт" банкининг ҳозирда Ўзбекистоннинг уч шаҳри – Тошкент¸ Самарқанд ва Фарғонада бўлимлари бор.

Валюта ҳисоблари ëпилади

Озодлик мухбири билан суҳбатда банкнинг учала бўлими вакиллари¸ VISA карталари фаолияти тўхтатилишини тасдиқлай туриб¸ бу воқеа сабаблари ҳақида бир-биридан фарқли изоҳ беришди.

- Марказий Банк қарори билан биз VISA карталари билан ишлашни тўхтатамиз. Бу қарор фақат бизнинг банкка тегишлими¸ ëки бошқаларга ҳам¸ бундан хабарим йўқ. Биз мижозларимиз учун афсусдамиз¸ аммо негалигини ўзимиз ҳам билмаймиз. Банкимизнинг мижозлари кўп¸ ҳозир уларга бу хабарни қандай қилиб етказишни билмаяпмиз. Ҳаммага бир чеккадан телефон қилиб чиқишнинг иложи йўқ. Шунинг учун бу хабарни эшитган мижозлардан зудлик билан банкка келиб¸ хориж валютасидаги ҳисоб рақамларини ëпиб¸ унга боғланган VISA картасини қайтаришни сўраймиз¸ деди "Кредит-Стандарт" банкининг Тошкентдаги марказий идорасининг ўзини таништирмаган ходимаси.

Банк халқаро VISA картасига эга қанча жисмоний шахсга хизмат кўрсатиб келганига оид рақамни ошкор қилмаган бу ходим¸ "мижозлар сони кўплиги ва шу боис ҳозирда банкнинг Тошкентдаги бўлимларида валютадаги ҳисоб рақамини ëпишга келаëтганларнинг кутиб қолаëтгани"ни қўшимча қилди.

"Лицензия доимий олиб қўйилди"

"Кредит-Стандарт" тижорат банки ўз расмий сайтида мижозларига қилган мурожаатида бу жараëннинг вақтинча экани айтилади. Аммо банкнинг Самарқанддаги бўлими расмийси¸ бу жараëннинг вақтинча эмаслигини билдирди.

-Ҳа¸ VISA кардлар ëпилди. 1 февралдан кейин ишламайди. Бу вақтинча эмас¸ бўлди¸ тамом. Сабаби¸ Марказий банк валюта бўлимининг лицензиясини олиб қўйди. Валютадаги омонатларни 31 январгача қайтариб берамиз. Бу муддатдан кеч қолинса¸ омонат пуллари куйиб кетади¸ деди "Кредит-Стандарт" банкининг Самарқанддаги бўлими ходими.

"Кредит-Стандарт" банкининг Фарғонадаги бўлими ходимаси¸ халқаро VISA карталарининг қайтариб олинишини банкда бораëтган ички текширув билан боғлиқ¸ дея шарҳлади.

- Ҳозир инвентаризация ўтказаяпмиз. Ҳамманинг ҳисобини нол қилишимиз шарт¸ чунки банкда шунақа текширув ўтказилаяпти ва ҳамманинг счëтини нол қилиб¸ бошқатдан қилинади. Мижоз 31 январгача ҳисобидаги қолдиқ пулини олиб кетиши шарт. 31 январгача валютадаги ҳамма ҳисоб рақамларини ëпишимиз шарт¸ деди "Кредит-Стандарт" банкининг Фарғона шаҳридаги бўлими маъсули.


Ўзбекистоннинг энг яхши банки

"Кредит-Стандарт" банкининг ўз сайтида қўйилган сўнгги молиявий ҳисоботига кўра¸ 2010 йил охирига келиб¸ банкнинг Ўзбекистон Марказий банкидаги активлари қиммати 277 миллиард ўзбек сўми ëхуд расмий курсда ҳисоблаганда 153 миллион АҚШ долларига тенг бўлган.

Мустақил кузатувчилар тахминича¸ 2009 йилга қадар билвосита президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган бу банк¸ 2009 йилда қозоғистонлик сармоядорлар назоратига ўтган.

Банк расмий сайтида ëзилишича¸ 2011 йилнинг 1 июлига келиб¸
«Кредит-Стандарт» банки акцияларининг 80 фоизи Россияда рўйхатга олинган «Транскапитал» ва 12¸17 фоизи Ўзбекистондаги "Тотал Девелопмент" масъулияти чекланган жамиятга¸ қолган 7¸83 фоизи эса¸ Ўзбекистон Республикасидаги жисмоний шахсларга тегишли бўлган.

2011 йил декабрида Буюк Британиядаги «The Banker» ва «Global Finance» каби дунëдаги банклар фаолиятини тадқиқ қилувчи ташкилотлар томонидан бу банк Ўзбекистоннинг энг яхши банки дея эътироф этилган.

Moody’s халқаро кредит рейтинг гуруҳи томонидан бу банк вазияти 2011 йилда “Барқарор” деб топилган.


"Кредит-Стандарт"ни ҳам "Ўктамбанк" тақдири кутаëтган бўлиши мумкин

Ўзбекистон Марказий банки томонидан "Кредит-Стандарт" банкининг халқаро валюта операциялари учун берилган лицензиянинг олиб қўйилиши¸ айрим кузатувчиларга кўра¸ бу банкни яқин орада ликвидация қилиш режаси билан боғлиқ бўлиши мумкин.

"Ўзбекистондаги банклар фаолиятини халқаро гуруҳларнинг "Йилнинг энг яхши банки"¸ деган ëрлиқлари эмас¸ балки Марказий банк баҳолайди ва қайсидир банк умумиятла¸ хусусан¸ халқаро валюта операцияларида ўз лицензиясини суистеъмол қилди¸ ëхуд мунтазам камчиликларга йўл қўйди¸ деб топилса¸ бу уни нафақат валюта операцияларини амалга ошириш бош лицензияси¸ балки банк сифатидаги асосий лицензиясидан ҳам маҳрум қилиши мумкин. 2011 йил сентябрида "Ўктамбанк" бошига айни шундай кун тушгани ҳаммага маълум"¸ дейди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон банк тизимлари бўйича мутахассис.

Ўзбекистон Марказий банки расмийларидан бу воқеа юзасидан расмий изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG