Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Дўстлик дон маҳсулотлари корхонаси ишчилари беш ойлик маошларини олди


Жиззах вилоятидаги Дўстлик дон маҳсулотлари очиқ акциядорлик жамияти ишчиларининг беш ойдан буён маошсиз ишлаётгани ҳақидаги Озодлик хабаридан сўнг барча ишчилар маош билан таъминланди. Бу ҳақда корхона ишчилари Озодликка маълум қилди. Корхона раҳбарияти ҳам ноябрь ойигача бўлган барча қарзлар ишчиларга тўланганини айтмоқда.



Жиззах вилоятидаги Дўстлик дон маҳсулотлари корхонасининг исми сир қолишини сўраган ишчисига кўра, ташкилот ишчиларининг июнь ойидан буён маошсиз ишлаётгани ҳақидаги хабар Озодликда эълон қилинганидан сўнг, корхона раҳбарияти ишчилардан қарзини узишга астойдил киришган:

- Бўлди, бўлди, жуда зўр бўлди. Ўзим ҳам, аёлим ҳам беш ойлик маошни олдик. Бугун пластикка тушириб беришди. Октябрь ойини ҳам олдик. Э, Худога шукр. Сизларга ҳам раҳмат, ишчилар сизларни дуо қилишяпти,- деди суҳбатдошимиз.

Дўстлик дон маҳсулотлари корхонаси ишчиларининг июнь ойидан буён маошсиз ишлаётгани ҳақида Озодлик 22 ноябрь куни хабар қилган эди. Озодлик бу хабарни суриштириш жараёнида корхонанинг бир неча нафар ишчиси билан боғланганда, улар беш ойдан буён маошсиз қолаётганидан шикоят қилган эдилар:

- Июнь ойидан бери ишга бориб келяпмизу ойлик йўқ. Ишчилар ойлик сўраб борса урушиб ҳайдаб юборишади. Ўзи ҳозир сокрашение кетяпти. Сал ҳаққини талаб қилган одамни ишдан бўшатиб юборишяпти. Шунга одамлар тишини-тишига қўйиб, сабр қилиб ишлаб турибди. Ҳа энди, давлат корхонасику бир кун ҳаммасини йиғиб берар деб одамлар ўзларини юпатишяпти,- деган эди корхона ишчиси.

Дон маҳсулотлари корхонасининг исми сир қолишини сўраган бошқа бир ишчисига кўра, уларнинг шикояти Озодликда ёритилганидан сўнг, икки ҳафта орасида ишчиларнинг қарзларини уза бошлашди:

- Бу ойликни тўрт ой кутдик. Мана кеча пластикка ташлаб беришди. Менга ҳам тушибди. Мен уйимни таъмирлаётган эдим, айни муддао бўлди-да,- деди корхона ишчиси.

Ўзини Дўстлик дон маҳсулотлари ОАЖ директорининг ёрдамчиси Жасур деб таништирган мулозим ҳам Озодлик билан суҳбатда ишчиларнинг маошлари ноябрь ойигача берилганини тасдиқлади:

- Қарздорлик қолмади. Ҳамма маошларни бердик, ҳаммаси жойида,- деди корхона директори ёрдамчиси Жасур.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда корхона ва ташкилотларнинг ишчиларга маошлаи бир неча ойлаб кечиктириб берилиши кўп кузатилмоқда.

Ноябрь ойининг бошида Хива шаҳар газ таъминоти идорасининг ишчилари уч ойдан буён маошсиз қолишаётгани ҳақида шикоят қилган эди.

30 октябрь куни Озодликка мактуб йўллаган бир гуруҳ андижонликлар ҳокимият тазйиғи билан ҳамон пахтага чиқарилаëтган ўқитувчиларнинг бир неча ойдан бери маошсиз қолганини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG