Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:20

"Ўзбекистонда ҳосилдорлик 2050 йилга бориб 30 фоизга камайиши мумкин"



Жаҳон Банки экспертлари Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кескин исиши оқибатида 2050 йилга бориб қишлоқ хўжалаги ҳосилдорлиги 30 фоизга камайиши ва бу мамлакат озиқ-овқат саноатига жиддий зиён етказиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Жаҳон Банки экспертлари ҳисоб-китобига кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати икки-уч даражага ошиши, ёғингарчиликлар эса кескин камайиши мумкин.

Бу эса сув манбалари катта бўлмаган ва аҳоли сони жадал ошиб бораётган минтақа учун фожиали бўлиши мумкин.

Жаҳон Банки чоршанба куни эълон қилган иқлим ўзгаришининг озиқ-овқат нархларига таъсири ҳақидаги ҳисоботида таъкидланишича, Марказий Осиёда иқлим исиши сув тақчиллигини яна ҳам кучайтириб, минтақада ҳосилдорликни келаси ўн йилликларда 30 фоизгача камайтириб юбориши мумкинлиги башорат қилинади.

Асосан буғдой ва пахта етиштиришга асосланган Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик саноатига бу катта зиён етказиши тайин. Шунингдек, сув тақчиллиги олма, картошка, памидор ҳосилдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат нархлари ошишига олиб келади, дейилади ҳисоботда

Тошкентдаги Гидрометеорология илмий маркази матбуот вакили Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини кутилаётган иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича ишлар олиб бораётганини айтади:

-Тўғри, 50-йилларга бориб, иқлим илишини ўзига яраша салбий таъсирими ёки ижобий таъсирими бўлади. Салбий таъсири бўлса шунга мослашиш, ҳаттоки салбий таъсирдан ҳам кўра фойдали томонини олиш, шунга адаптация бўлиш, албатта, бу ҳақда тадбирлар олиб борилмоқда. Ҳаво ҳарорати қандай ўзгармоқда, буни инсон ҳаёти фаолиятига қандай таъсири бўлади, халқ хўжалигими, қишлоқ хўжалигига таъсир қилиши, буни мутахассисларимиз доимий равишда ўрганмоқда, дейди Миржамолова.

Жаҳон Банки маълумотига кўра, ҳозир Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида пахта ва буғдой етиштириш асосий ўринни тутади. Мамлакат қишлoқ хўжалиги майдонларнинг 1.64 миллион гектари буғдой, 1.31 гектари пахта етиштиришга мўлжалланган.

Бу йил Ўзбекистонда¸ расмий маълумотга кўра¸ буғдой етиштириш ўтган йилдагига қараганда 12 фоизга ошган ва мамлакатда 7,6 миллион тонна буғдой ҳосили олинган.

Пахта ҳосилининг эса бу йил 3,4 миллион тоннани ташкил этгани ҳақида президент Каримов баëнот берди.

Жаҳон Банки иқлим ўзгариши оқибатларини олдини олиш учун экинлар турини кўпайтириш, сув иншоотларига кўпроқ сармоя ётқизиш ва фермерларга об-ҳаво ҳақида ишончли ахборотни вақтида етказиш кераклигини тавсия қилмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи қишлоқларда яшагани боис улар аксари қишлоқ хўжалиги ҳисобига кун кўради.

Шу боис, иқлим ўзгаришининг оқибатлари, айниқса, ўзбекистонликлар учун жуда оғир бўлиши мумкин.

Ўзбекистонлик биофизик олим, академик Бек Тошмуҳаммедов Озодлик билан суҳбатда Жаҳон Банки огоҳлантираëтган салбий оқибатларга чап бериш учун мамлакат ҳозирдан сувни тежаш технологияларини жорий қилишга ўтиши кераклигини таъкидлайди:

- Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдиришни йўлга қўйиш керак, тупроқ остидан суғориш технoлогияларидан фойдаланмоқ керак. Лекин, афсуски, ўзбек деҳқонлари буни ўзларича қила олишмайди, уларда бунинг учун маблағ йўқ. Экинни устига тортиладиган полиэтилен ва тупроқ остидан ўтказиладиган елим трубалар жуда қиммат. Лекин, нима бўлмасин, сувни тежашимиз керак. Сув омборларини кўпайтришимиз керак. Бизда баҳор ойларида ёғингарчилик пайти йиғилган сув сақланадиган сардобaлар бўлган ва шу сувдан ёзда вегетация даврида суғоришда фойдланса бўлади. Менимча сувни сақлашнинг шу усулини кенгроқ қўллаш керак, дейди академик Тошмуҳаммедов.
XS
SM
MD
LG