Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Г. Каримова вилласидан 18 асрда кўчирилган Қуръон чиқди


Швейцарияда рўйхатга олинган UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти сайтига Сафар Бекжон жойлаштирган қўлёзма Қуръон сурати.
Швейцарияда рўйхатга олинган UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти сайтига Сафар Бекжон жойлаштирган қўлёзма Қуръон сурати.
Швейцариядаги Ўзбекистон демократик фонди раҳбари, диссидент ёзувчи Сафар Бекжон Гулнора Каримовага қарашли кўрилган Женевадаги вилладан Қуръоннинг 18 асрда кўчирилган нодир қўлёзмаси чиққанини маълум қилди. Қўлёзма ёнида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси Усмонхон Олимов ва бошқа мутасаддилар номи битилган ярим-ёрти маълумотнома ҳам чиққан. Аммо, мутасадди диндорлар бу китобни хотирлай олмадилар.

Сўнгги бир неча кун давомида Женева кантонидаги Chemin de la Prévôté кўчасида жойлашган муҳташам виллага изнсиз ва мавжуд қонунларга зид тарзда кириб, ўша ерда қолаётган ўзбекистонлик мухолифат фаоли, диссидент ёзувчи Сафар Бекжон ушбу вилладан қадимий Қуръон китоби чиққанини маълум қилди.

Қайриб 19 миллион АҚШ долларига сотиб олинган бу вилланинг Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтилади.

23 декабрь куни бу уйга кириб олган Сафар Бекжон унда 100 га яқин қимматли буюмлар, осори-атиқалар борлигини хабар қилди.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Унинг айтишича, бу буюмлар орасида Ўзбекистоннинг миллий, тарихий ва маънавий бойлиги ҳисобланадиган ва алоҳида бир шахснинг эмас, балки Ўзбекистон миллий фондида сақланиши керак бўлган нодир асарлар бор.

20 асрда номи танилган рассомларнинг бетакрор асарлари билан бир қаторда бу вилладан жуда яхши сақланган, сифати ва қиммати юқори экани кўриниб турган қўлёзма Қуръон ҳам борлигини хабар қилган Сафар Бекжон бу китоб расмини ўз ташкилоти сайти ва фэйсбудаги саҳифасига жойлади.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Унинг айтишича, ўймакор наққошлар ишлаган мўъжаз қутига жойланган қўлёзманинг ёнидан бир ярим қоғоз маълумотнома ҳам чиққан ва унда бу китобнинг 18 асрда бухоролик номаълум ҳаттот томонидан кўчирилгани айтилган.

Мухолифат фаоли бу ҳужжатнинг фотонусхасини ҳам эълон қилди.

Озодлик мухбири билан Скайп орқали қурилган видеосуҳбатда Бекжон Қуръонни қўлига олди ва саҳифаларини бир-бир варақлаб, кўрсатди.

Кўринишича, 23 х 14 см ҳажмидаги китобда ҳақиқатда ҳаттотнинг исми, бу нусханинг кўчирилган муддати битилмаган. Аммо, китобга бириктирилган бир ярим саҳифалик қоғозда қўлёзма ҳақида шундай маълумотлар бор:

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Қуръоннинг ушбу қадимий қўлёзмаси нодир китоблардан биридир ва мукаммаллиги, ҳуснихатнинг чиройлилиги, моҳирона ва хатосиз кўчирилгани билан ажралиб туради. Шоҳона безалган, олтин суви юритилган ва мукаммал сифатдаги бу қўлёзма Марказий Осиёдаги камёб китоблардан биридир. Китобнинг олий ҳукмдор томонидан буюртма асосида кўчирилгани ва ўша даврнинг энг моҳир қоғоз тайёрловчи, наққош, ҳаттот, безакчи-рассом, муқовачилари томонидан биргаликда тайёрлангани кўриниб турибди. Ҳаттотнинг номи ва нусханинг тайёрланган вақти кўрсатилмаган. Лекин, тарихшуносларнинг фикрича, бу қўлёзма 18 асрда Бухорода ўша даврда урф бўлган насҳ услубида ёзилган”, дейилади жумладан Женева кантонида қаровсиз қолган вилладан топилган нодир қўлёзмага тиркалган бир ярим саҳифалик маълумотномада.

Дарвоқе, бу маълумотноманинг бир ярим қоғозлиги эътиборни тортади.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Афтидан, 2 саҳифа бўлган ва степлер билан бирлаштирилган маълумотноманинг иккинчиси қуйи қисми йиртиб олинган.

Сафар Бекжон бу маълумотномани худди шу ҳолда кўрганини айтмоқда.

Қизиғи, йиртиб қолинган қисмида маълумотномага расмий тус берувчи ва унга масъул шахсларнинг кимлигини кўрсатувчи маълумотлар – исм-фамилия, имзо ва муҳр бўлганини тахмин қилиш мумкин.

Бироқ, қўлёзмада бир неча мутасаддининг номи қолдирилган. Жумладан, қўлёзманинг Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов, Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўлёзмалар жамғармаси собиқ раҳбари Маҳмуд Ҳасаний, ушбу институтнинг бош таъмирчиси Маъруфжон Жалилов ва бошқа мутахассисларнинг кўригидан ўтгани айтилган.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Хулоса ўрнида қабул қилиш мумкин бўлган мана бу жумлалар ҳам ушбу маълумотномада сақланган:

Қуръон саҳифалари ҳеч бир шикастсиз сақланган. Фақат баъзи саҳифалар таъмирланган. Лекин, афсуски қўлёзма муқоваси ўзиники эмас... Бирламчи муқова, шубҳасиз ҳозиргисидан яхши бўлган ва тилла суви юритилган ҳамда қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлган. Афтидан, айнан шу сабаб муқова алмаштирилган... Шу тариқа, Қуръон битилган бу қўлёзма бошқа қўлёзмалардан ноёблиги билан ажралиб туради ва унинг ҳукмдорлар ғазнасида қаттиқ назорат остида сақлангани эҳтимоли катта”, дейилади бир ярим қоғози қолган маълумотномада.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Таъкидлаш жоиз, ҳозирча Озодик тасарруфида Женевадаги вилладан чиққан қўлёзма ва унинг ёнидан чиққан маълумотноманинг асл эканига оид маълумотлар йўқ.

Аммо, Сафар Бекжон тақдим қилган маълумотномада ёзилганлар рост бўлса ва ундаги хулосани ҳақиқатда ҳам ўзбек халқи миллий бойлиги бўлмиш нодир қўлёзмаларга масъул идоралар берган бўлса, у ҳолда бу нодир қўлёзма шахсий виллада эмас, балки Ўзбекистондаги Навоий кутубхонаси нодир қўлёзмалар бўлимида сақланиши лозим эди.

Бу китобни дунёга намойиш қилаётган Сафар Бекжон шунинг учун куйинишини айтар экан, бу нодир диний адабиётнинг Ўзбекистон халқига қайтарилишини сўрамоқда.

Озодлик мухбири ушбу қўлёзманинг скайп орқали видеомулоқотда кўрилган ва мулоқот чоғида олинган фотосуратлари асосида унга оид маълумотларни йиғишга уриниб кўрди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:59 0:00
Бевосита линк


Мухбир қоғозда номи тилга олинган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовнинг ўзи ва идорасидан бу борада маълумот олишга ҳозирча муваффақ бўлмади.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти Қўёзмалар жамғармаси собиқ раҳбари Маҳмуд Ҳасаний билан мухбир боғланди. У киши 18 асрда Бухорода битилган, ҳаттоти ва кўчирилган санаси номаълум Қуръон қўлёзмасини кўздан кечирганини хотирлай олмади.

У кишининг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Шарқшунослик институти қошидаги Қўлёзмалар жамғармасида турли асрларда битилган Қуръон нусхаларидан 200 дан ортиғи қайд қилинган ва сақланмоқда.

Булар орасида 18 асрда кўчирилган нодир ва мукаммал қўлёзмалар ўнлаб эканини айтган Ҳасаний домла: “Фонддаги нодир қўлёзмалар картотекасини қараб чиқиш керак. У қўлёзма ҳақидаги маълумотлар билан келинг жамғармага, аниқлаймиз агар бизнинг қўлимиздан ўтган бўлса! Мен сиз айтган Қуръонни эслолмадим, узр!” деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Шарқшунослик институти Қўёзмалар жамғармаси бош таъмирчиси, деб номи берилган Маъруфжон Жалилов ҳам бу қўлёзмани хотирлай олмади.

“Мен жуда кўп қўлёзмани таъмирлаганман. 18 асрда кўчирилган қўлёзма Қуръон кўп Ўзбекистонда”, деди Маъруфжон Жалилов мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Шу тариқа, Гулнора Каримовага тегишли кўриладиган Женевадаги вилладан топилган Қуръон қўлёзмасига тиркалган маълумотномада исми келтирилган икки эксперт уни хотирлай олмади.

Аммо, Ўзбекистондаги миллий кутухоналардан бирида нодир қўлёзмалар билан ишлайдиган, исмини ошкор қилмаётганимиз мутасахассис бу борада бизга ёрдам берди.

UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
UZDEMFUNDSUISSE ташкилоти расмий сайтидан олинган сурат
Биз унга Сафар Бекжон тақдим қилган Қуръон қўлёзмасига оид барча маълумотларни бердик ва фаол билан Скайпдаги мулоқотда олганимиз фотосуратларни ҳам намойиш қилдик.

Қуръон муқоваси ва унинг саҳифаларидан олинган фотосуратларни кўрган мутахассис овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан мана бу маълумотни берди:

Мен суратларни кўриб чиқдим. Мен бунақа қўлёзмалар устида кўп ишлаганман ва услуби, нақши, ҳуснихатига қараб ёзилган даврини ажратиш мумкин. Ҳаттотлик мактаби ҳар асрда ҳар хил бўлганда. Бу қўлёзманинг 18 асрда ёзилгани услубидан шундоқ кўриниб турибди. Кейин муқоваси ҳам қайта қилингани кўриниб турибди, 19 асрларда қайта ишланган бўлиши мумкин. Лекин, ҳуснихати ва сифатини жуда ҳам камёб, ноёб, деб айтмаган бўлардим. Бунақа қўлёзмалар халқда ҳам кўп. Ота-бобосидан қолган, сақлашади. Лекин, албатта, бизнинг фондда сақланаётган нодир асарлардан бири сифатида сақлаш мумкин бу қўлёзманиям. Чунки, ҳуснихати чиройли, бехатолиги кўриниб турибди. Энди мен суратларни кўриб айтяпман. Агар қўлёзманинг ўзини ҳам кўрсам эди, аниқроқ маълумот бершим мумкин бўлар эди”, деди Ўзбекистондаги миллий кутухоналардан бирида нодир қўлёзмалар билан ишлайдиган, исмини ошкор қилмаётганимиз мутасахассис.

У берган муҳим баёнот шу бўлдики, агар бу қўлёзма унинг ёнидан топилган маълумотномада айтилгани каби ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбарлари ва Шарқшунослик институти етакчи экспертлари кўригидан ўтган бўлса, шубҳасиз ноёб ва қимматли қўлёзмадир.

Ҳозирча Озодликда бу тахминни тасдиқловчи далиллар етарли эмас.

Аммо, Озодликнинг Тошкентдаги манбалари ушбу Қуръон қўлёзмаси борасида Ўзбекистондаги миллий жамғармаларда мавжуд маълумотларни аниқлашга уринишда давом этмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистонда мавжуд қадимий Қуръон қўлёзмалари ҳақида ҳам икки оғиз маълумот бериб ўтиш жоиз.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан олинган маълумотга кўра, мамлакатдаги энг қадимий Қуръон нусхаси 7 асрда битилган Усмон мусҳафи – Усмон қуръонидир.

Бу китоб айни дамда идора қошидаги музейда сақланмоқда. Идора расмийси иш кунлари эрталаб соат 9 дан кечки соат 5 га қадар истаган одам бориб, уни томоша қилиш мумкинлигини айтди.

Иккинчи нодир қўлёзма 9 асрга оид Лангар қуръонидир. Мусулмонлар идораси раҳбарлари бу икки қўлёзманинг муқобили дунёда йўқ, ягона ноёб нусха эканини айтадилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда яна 200 га яқин Қуръон қўлёзмаси бор. Уларнинг асосий қисми Шарқшунослик инстиути қошидаги Қўлёзмалар фонди, баъзилари эса Мусулмонлар идораси қошидаги музейда сақланмоқда.

Мусулмонлар идораси расмийси бу нодир қўлёзмалар давлат назорати ва ҳимояси остида экани, уларнинг қайсидир йўллар билан алоҳида шахслар қўлига ўтиб қолишини мутлақо эҳтимолдан соқит қилди.

Аммо, шунга қарамай дунёдаги энг нодир қўлёзма – Усмон мусҳафининг бир неча саҳифаси 1993 йилда ўғирлангани ҳақида маълумотлар бор.

Баъзи маълумотларга кўра, Қуръоннинг 9, баъзиларига кўра эса 2 саҳифаси ўғирланган ва Саудиядаги пулдор оилага сотиб юборилган.

Дарвоқе, Сафар Бекжон ўша воқеани ҳам хотирлайди ва Ўзбекистонда қамоқда ўтирган пайтида бу жиноят бўйнига қўйилган икки жарбдийда билан кўришганини айтади.

- Мажбурлаб икки кишининг бўйнига қўйилган эди. Турмада ўтирганимизда шу иккаласи Усмон қуръонининг иккита саҳифаси ўғирланганини, буйруқни кимлар берганини айтган эди. Ҳукумат ўша вақтда буни ўзи учун билиб қўйган, лекин буни қилган амалдор диндорга жазо кўрмаган эди. Табиийки, ўз манфаатини ўйлаб қилган, бу диндорни тизгинини ушлаб туриш учун қилган эди буни, - дейди Сафар Бекжон.

1993 йилда мамлакатдаги энг нодир миллий бойликка қилинган бу тажовуз ҳақидаги шов-шув ортидан Ўзбекистондаги осори-атиқалар ишончли қўлларда эканига жиддий шубҳа туғилган эди.

Ўшанда буён Ўзбекистонда давлат раҳбари ўзгармади, диний ташкилотлар структураси, бошқарув шакли ва раҳбарияти ҳам - баъзи амалдорлар номини истисно қилганда - умумиятла, ўзгармади.

Шу боис ҳам Гулнора Каримовага қарашли кўрилаётган Женевадаги 19 миллион долларлик вилладан топилаётган бадиий-тасвирий санъат асарлари, ҳайкаллар, тилла буюмлар орасидан чиққан қўлёзма Қуръоннинг 18 асрга оидлиги ва ҳақиқатда ҳам ўзбек халқи миллий бойлиги эканига кўпроқ ишонч билдирилмоқда.
XS
SM
MD
LG