Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

115 миллион сўмлик "президент уй"лари тўрт ой ичида тўкилиб кетмоқда


Ўзбекистонда қурилаётган уйлар аксариятининг "усти ялтироқ¸ ичи қалтироқ" экани айтилмоқда
Ўзбекистонда қурилаётган уйлар аксариятининг "усти ялтироқ¸ ичи қалтироқ" экани айтилмоқда
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида ўтган йили қурилган намунавий уй эгаларига кўра¸ уй деворлари айни кунларда ëрилиб¸ сувоқлар уқаланиб тушган; иссиқлик батареяларидан сув оқиб, пол тахталари қайишиб кетган. Бу уйларни қурган ширкат расмийси шикоятларнинг ҳақиқат эканини тан олди.

Деҳқонобод калий ўғитлари заводи ишчиси Баҳодир Халилов оиласи ўтган йил кузида “Осиё ҳамкор” қурилиш фирмаси қурган намунавий уйлардан бирига кўчиб кирган.

Бу оила бекаси 31 яшар Муҳаббат Эшқобилова¸ ўзларига топширилган тўрт хонали коттежни “президентга кўз-кўз қилинадиган” намунали уй деб аташнинг ўзи уят эканини айтади:

- Сентябрь ойида биз уйга кирганимизда у бир даҳшатли аҳволда эди. Поллар қийшайиб, тушиб кетган. Деворлар тарс-тарс ёрилган. Ҳатто тепага қўйган плиталари ҳам ёрилган. Ҳовлини ўраган деворлар ҳам тушиб кетaяпти, дейди уй бекаси.

Муҳаббат Эшқобилова ўзи яшаëтган "намунавий уй"га ўрнатилган иссиқлик батареялари ҳолига маймунлар йиғлашини алоҳида таъкидлайди:

- Бу батареялар ҳам сифатсиз, қаердандир топиб эскиларини қўйишган. Мана ҳозир ҳам чак-чак сув оқиб ётибди. Бу уйлар шунчаки номига, “президентга бунча уй қурдик” деб айтиш учун қурилган¸ шекилли. Уйни қуриб берган қурилиш фирмасига бир неча бор мурожаат қилдик. Лекин ҳеч ким дардимизга қулоқ солмаяпти, дейди Муҳаббат Эшқобилова.

Суҳбатдошга кўра¸ Деҳқонобод калий ўғитлари заводи ёнида жойлашган Бошбулоқ шаҳарчасида айни шундай 200 та уй қурилган ва бу уйларнинг аксарияти шу аҳволда.

Муҳаббат Эшқобилова ўзларига кўчиб кириш учун таппа-тайëр деб фойдаланишга топширилган уйни қайтадан таъмирлаб олиш учун оилада маблағ йўқлигидан шикоят қилади:

- Эримнинг ойлигини ярми кредит тўлашга кетаяпти. Ярми эса рўзғорга зўрға етаяпти. Уй эса борган сари тўкилиб бораяпти, ҳозир намунавий уйдан асар ҳам қолмади, дейди уй бекаси.

Завод ишчисига 115 миллион сўмга сотилган бу уй учун Баҳодир Халилов банкдан кредит олиб уйнинг бир қисм пулини нақд тўлаган. Қолганини 15 йил давомида маошидан тўлаб бориш мажбуриятида.

Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзини Деҳқонободдаги намунавий уйлар қурилиши билан шуғулланадиган “Осиё ҳамкор” ташкилоти бошлиғи Бобоназар деб таништирган шахс уйларнинг сифатсиз қурилганини бевосита тан олар экан, Муҳаббат Эшқобилова тасвирлаган авҳолни уйларнинг фойдаланишга тўлиқ тайëр бўлмай туриб топширилгани билан изоҳлади:

- Ҳозир об-ҳаво тўлиқ ремонтдан чиқаришга йўл бермаяпти. Ҳали улардан бирор киши ҳам олдик¸ деб қўл қўйиб бергани йўқ. Уларнинг ҳаммаси менда квартирант бўлиб турибди, деди Бобоназар.

Озодлик мухбирининг "Битмаган уйга ким ордер беради?” деган саволига жавобан:

- Маблағ йўқ, пул йўқ, мен 25 сентябрдан бери бирорта йўналишга пул олганим йўқ. Камчиликларни эса 18 февралгача қилиб берамиз, ваъда бераман, деди “Осиё ҳамкор” ташкилоти директори Бобоназар.

Озодликка мурожаат қилган кўплаб ўзбекистонликлар сўнгги йилларда президент топшириғи билан қурилаётган намунавий уйларнинг аксарияти сифатсиз эканлиги ва бу уйлар қурилиши учун асли касби қурувчи бўлмаган ўқитувчи-талабалар жалб қилинаётганидан шикоят қилдилар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасида 17 январю куни қилган чиқишида 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой барпо этилгани ва бу мақсадлар учун 650 миллион доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилгани ҳақида мақтанди.

Озодлик ўрганган маълумотларга кўра, намунавий уйлар қурилиши учун ўқитувчи ва шифокорлар ойликларидан ушлаб қолинаяпти, касби қурувчи бўлмаган шахслар қурилишга мажбурий тарзда жалб қилинмоқда.

Хусусан¸ 22 январь куни Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчиларга кўра, маҳаллий ҳокимлик ўзлари ва ҳатто ўқувчиларга намунавий уйлар қурилиши учун ўлпон солмоқда.
XS
SM
MD
LG