Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Сафар Бекжон Гулнора Каримованинг уйига киргани учун жарима тўлади


Швейцариянинг Женева шаҳрида Гулнора Каримовага тегишли уйни бундан бир ой олдин ишғол қилган 52 яшар сиëсий фаол Сафар Бекжон 200 швейцария франки (222 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Сафар Бекжоннинг Каримова уйини ишғол қилгани полиция томонидан “жамоат тартибини бузиш” дея малакаланди.

Озодлик билан суҳбатда жаноб Бекжон 200 швейцария франки миқдоридаги жаримани 23 январь куни тўлаб келганини айтди:

- Жарима тўлашим кераклиги ҳақидаги қоғозни Швейцариянинг Женева кантони полицияси жўнатди. Жамоат тартибини бузганликда айблашди. Ҳуқуқбузарларга солинадиган оддий жарима. Суд қарорисиз бериладиган жарима, - деди Сафар Бекжон.

Швейцарияда истиқомат қилаётган сиёсий фаол Сафар Бекжон бир ой аввал, 23 декабрь куни Гулнора Каримованинг Женева кантони 1223 ch Chemin de la Prévôté 7 кўчасидаги бир неча миллион доллар экани ишониладиган уйига ноқонуний кириб олган эди.

Ўзбекистонлик фаол ўзининг бу амалини “қонунга зид бўлмаган сиёсий акция”, деб атаганди.

Каримова хонимга тегишли уйда тўрт кеча қолган 52 ёшли сиëсий фаол Сафар Бекжон виллада Ўзбекистон музейлари фондига оидлиги тахмин қилинган 60 та тасвирий санъат дурдонаси ҳамда Қуръоннинг 18-асрда кўчирилган нодир қўлёзмаси чиққанини фотосуратлар билан намойиш қилди.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, у бу виллага эшикларини бузиб эмас, балки калит билан қулфини очиб кирган.

Аммо Бекжон сўнгги ойларда қаровсиз қолган ва Швейцария полицияси бир неча марта тинтув ўтказган тўрт қаватли вилла калитини қаердан олганини очиқ айтишдан бош тортди.

Уйнинг эгаси Гулнора Каримова Твиттер тармоғидаги ёзишмаларида ўз синглиси Лоланинг турмуш ўртоғи Тиллаев Ўзбекистон МХХ билан ҳамкорликда
Женевадаги уйнинг ишғолини уюштирганлигини иддао қилиб чиққанди.

Халқаро Ёзувчилар Парламенти аъзоси Сафар Бекжон 1996 йилдан буён Швейцариянинг Лозан шаҳрида сиёсий қочқин сифатида яшаб келади.
Ўзбекистон "Эрк" демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси бўлган Бекжон 1993-96 йилларда Ўзбекистон қамоқ жазосини ўтаган.

У Ўзбекистон қамоғида кўрган-кечирганлари ҳақидаги “Нариги дунё дарчаси олдида” номли китоб муаллифидир.

Жаноб Бекжон Гулнора Каримованинг уйига ишғол қилганидан сўнг ўзини таҳдид остида ҳис этаётганини ҳам айтмоқда.
XS
SM
MD
LG