Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Деҳқонобод туман ҳокими муовини пора билан қўлга тушди


Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокими биринчи муовини Нарсафар Бобоев пора олганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Озодлик манбасига кўра, ҳоким муовини ер сўраб мурожаат қилган фермердан тўрт минг доллар пора олаётган пайтда қўлга тушган.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокими биринчи муовини Нарсафар Бобоев пора олганликда гумон қилиниб қўлга олинди. Озодлик манбасига кўра, ҳоким муовини ер сўраб мурожаат қилган фермердан тўрт минг доллар пора олаётган пайтда қўлга тушган.


Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туман Ички ишлар бошқармасидаги манба туман ҳокими муовини Нарсафар Бобоев вилоят Ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинганини тасдиқлади.

- Нарсафар Бобоев январь ойида ҳибсга олинди. У туман эмас, вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди, - деди туман ИИБдаги манба.

Деҳқонобод туманидаги ўз исмини айтмасликни сўраган тадбиркорнинг Озодликка айтишича, туман ҳокими муовини ер ажратиб беришни сўраб мурожаат қилган бир фермердан аслида беш минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраган.

Бунча пули бўлмаган фермер ёрдам сўраб ички ишлар ходимларига мурожаат қилган.

Орган ходимлари фермерга тўрт минг доллар пул беришган. Фермер порани бераётган пайтда ҳоким муовини ҳибсга олинган.

- Яхши бир тадбиркор фермер жой сўраб ҳоким муовинига борган. Ундан беш минг доллар пора сўраган. Мажбур, имконияти бўлмай, пул бера олмаганидан кейин мутасадди ташкилотларга мурожаат қилиб пул олиб келиб берган. Сўраган беш минг доллар ўрнига тўрт минг доллар бераётган пайтда ушланган, - деди деҳқонободлик тадбиркор.

Бу Қарши вилоятидаги амалдорнинг пора олаётган пайтда қўлга олинишига оид илк ҳолат эмас.

2013 йилнинг 25 декабрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилояти Қарши туманлараро судининг собиқ судяси 34 яшар Фахриддин Жуманазаров бир фуқародан 300 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарë бўлимининг тезкор гуруҳи тарафидан Қарши шаҳрида қўлга олинган.

Икки йил олдин Қарши тумани ички ишлар бўлимининг тергов бўлими бошлиғи, полковник Воҳид Абдуллаев коррупцияда айбланиб, ўз иш кабинетида ҳибсга олинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Жаҳон давлатларидаги коррупция билан боғлиқ вазиятини тадқиқ қилиб келаëтган Transparency International халқаро ташкилоти 2013 йил 3 декабрь куни эълон қилинган Коррупция даражаси индекси (Corruption Perceptions Index) рейтингида Ўзбекистон 177 давлат орасида 168-ўринни эгаллаган.
XS
SM
MD
LG