Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Сирдарёлик ўқитувчи: 40 кундан буён далада эшакдай ишлаяпмиз!


Сирдарёнинг Боёвут туманидаги коллеж ва лицей ўқитувчилари қирқ кундан буён дала ишларига мажбурланмоқда. Сирдарёлик ўқитувчиларнинг Озодликка айтишича, улар навбати билан далаларни ёввойи ўтлардан тозалаш, ер чопиш ишларига жалб қилинган.

Боёвутдаги Қишлоқ хўжалик коллежининг исми сир қолишини истаган ўқитувчисининг Озодликка айтишича, улар қирқ кундан буён далада ишлаяпти:

– Қирқ кун бўлиб қолди, бизни далага олиб чиқиб ишлатишяпти. Болаларни ўқитиш бир чеккада қолиб кетяпти. Боёвут туманида саккизта коллеж бўлса, ҳар биридан ўнтадан ўқитувчи дала ишларига жалб қилиняпти. Мажбурлаб олиб бориб эшакдай ишлатяпти. Ер чопиш ўқитувчининг вазифаси эмаску, - дейди исми сир қолишини истаган боёвутлик коллеж ўқитувчиси.

Сирдарёлик бошқа бир коллеж ўқитувчиси ҳам коллежларда ўқиш давом этаётган бир пайтда ўзи ва ҳамкасблари далага чиқарилиб, ташландиқ ерларни тозалашга мажбурланаётганини айтди:

- Ҳар бир коллеждан ҳар куни ўнта ўқитувчи навбатма-навбат чиқариляпти. Навбатимиз келади, борамиз. Иссиқда ташландиқ ерларда ёввойи ўтларнинг томирларини қўпориб, тракторга ортиб, ер чопамиз. Мана шунақа қилиб ишлатиб ётибди. Биз коллеж ўқитувчисимиз, деҳқон эмасмизку, - дейди боёвутлик коллеж ўқитувчиси.

Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокимлиги мутасаддилари Озодлик билан суҳбатда коллеж ўқитувчиларининг дала ишларига жалб этилаётганини қатъиян рад этишди.

“Туманда ҳеч бир ўқитувчи дала меҳнатига жалб қилингани йўқ, ҳаммаси дарсини ўқитяпти. Вилоят ҳокимининг ўз қаттиқ турибди, “ҳеч бир болани ҳам ўқитувчини ҳам далага чиқармайсан”, деяпти. Ҳеч қаерга чиқишмаган, бошим билан жавоб бераман”, - деди Боёвут туман ҳокимлигининг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўйича масъулларидан бири.

Лекин боёвутлик коллеж ўқитувчилари далага Боёвут туманидаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўлими раҳбарининг оғзаки кўрсатмаси асосида чиқарилаётганликларини айтишди.

- Носир Эгамбердиев (туман Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўлими раҳбари - таҳр.)нинг ўзи шахсан шунақа кўрсатма берган. Бир нарса дейишга қўрқамиз. Айтиб кўрингчи, ишдан бўшатаман, деб пўписа қилади, - дейди боёвутлик коллеж ўқитувчиси.

Ўзбекистон ҳукумати катталар ва болаларни мажбурий меҳнатга жалб этаётгани учун халқаро танқидлар остида қолган.

Шунга қарамай Ўзбекистонда бюджет муассасалари ходимлари оммавий равишда дала ишларига сафарбар этилаяпти.

Аввал бўлгани каби бу йил ҳам маориф тизими муассасаларида ишловчиларнинг ўз ихтиёрларига қарши чопиқ ва бошқа турдаги дала меҳнатига сафарбар этилаётгани ҳақида бошқа вилоятлардан ҳам хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, давлат бюджетидан молияланадиган корхона, идора ва муассасалар ходимларининг дала ишларига мажбурланиши одатий ҳолга айланган.

- Чунки далада ишлайдиган бошқа одам йўқ. Фермерларнинг ўзи бу ишни эплай олмайди. Ёлланма ишчиларни жалб этиш қимматга тушади. Энг осони ва арзони педагоглар, ўқитувчиларни далага ҳайдаш бўляпти. Кўнмаса ишидан айрилиши ҳақида таҳдидлар қилиниб, ишга мажбурланади, - дейди Елена Урлаева.

Ўзбекистон йиллардан буён мажбурий меҳнат боис халқаро танқидлар остида бўлиб келмоқда.

Бу мамлакатда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганига оид танқидлар ва халқаро босимлар туфайли кичик ёшдаги болалар дала меҳнатига чиқариш чеклангани боис, бюджет корхоналари ходимлари дала ишига кўпроқ сафарбар қилинмоқда.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ўтган йили бир миллиондан ортиқ фуқарони мажбурий тарзда дала меҳнатига жалб қилган.
XS
SM
MD
LG