Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:40

Қирғизистонда Ҳажга боришнинг онлайн тизими жорий этилади


Қирғизистон муфтияти Ҳаж масаласида сўнги йилларда юз бераётган турли низоларнинг олдини олиш мақсадида, бу йилги мавсумдан сўнг Ҳажга бормоқчи бўлган одамларни онлайн системаси орқали рўйхатга олишни йўлга қўймоқчи.

Қирғизистон муфтияти Ҳажга бормоқчи бўлган фуқароларни онлай системаси орқали рўйхатга олиш ишлари 2014 йилги ҳаж мавсумидан сўнг бошланишини билдирди. Бу борада Қирғизистон муфтийси ўринбосари Равшан Эратов Ўшга қилган сафари чоғида маълум қилди:

- Бу йилда Ҳажга борувчилар учун 3600 квота берилган. Одамларни Ҳажга юборганимиздан сўнг, бундан кейин Ҳажга бормоқчи бўлганларни онлайн системаси орқали навбатга қўймоқчимиз. Хоҳловчилар 2017 ёки 2020 йилга ёзилишлари мумкин. 2020 йилгача қанча талаб бўлса уларнинг рўйхати тузилиб, муфтият ҳамда давлат органлари билан биргаликда ўша тузилган рўйхатни бузмаслик ва ёзилган фуқаро пайти келганда Ҳажга боришига кафолат берилмоқчи,-деди Қирғизистон муфтийси ўринбосари Равшан Эратов.

Айтиш жоизки, сўнги 10 йил оралиғида Ҳаж масаласида Қирғизистон муфтияти ва ҳожибошилар ҳақида Қирғизистон жамоатчилиги салбий фикрлар айтиб келади.

Шу йилнинг апрель ойи бошларида Ўш вилоят прокуратураси Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлган 200 нафар тожикистонликнинг қирғизистонлик “ҳожибоши” томонидан алдангани юзасидан тергов бошлади. Тожикистонлик зиёратчилар даъвосига кўра, “Ҳожибоши” фирмаси вакили улар паспортига қалбаки виза қўйдириб, пулини олган.

Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Алманбет Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, тожикистонлик зиёратчиларнинг алданиши юзасидан Жиноят Кодексининг “қаллоблик” моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Жиноят ишида айтилишича, Қирғизистондаги ширкат уч йил давомида тожикистонлик 200 нафар зиёратчининг 348 000 АҚШ долларини алдаб олган.

Равшан Эратов Ҳаж масаласида муфтият номига билдирилаётган салбий фикрлар борасида гапирар экан, бунга 20 йил мобайнида барқарор система тузилмагани сабаб эканини айтди:

- Дин атрофида порахўрлик бўлаябди, деган сўзнинг ўзи дин учун, диний хизматчилар учун жуда уятли ишдир. Бироқ бахтга қарши жамиятда шундай сўзлар бўлиб келди. Бунга қанчадир даражада 20 йиллик ҳаётимизда Ҳаж масаласида барқарор ситеманинг тузилмагани, Ҳажни уюиштириш ишларида халқаро ва маҳаллий тажрибадан фойдаланиб, мукаммал система тузилмагани сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблаймиз, - дейди Равшан Эратов.

Қирғизистонда Ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистони томонидан ажратилган квоталарга қирғизистонликлар ўрнига Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон фуқаролари Ҳажга юборилгани катта жанжалларга сабаб бўлган эди.

Ҳаж масалалари бўйича шуғулланган ўшлик хуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев фикрича, ҳожиларни онлайн системаси орқали рўйхатга олиш ортидан бу соҳада юз бераётган порахўрликларнинг олди олиниши мумкин.

- Ҳаж сафари бўйича бир қанча муаммолар мавжуд. Менимча Ҳажга борувчиларни электрон тарзда рўйхатга олиш муфтиятдаги коррупцияни йўқ қилинишига катта ёрдам беради деб ўйлайман. Бугунги кунда Ҳаж сафари учун кетувчи ҳаражатлар ҳам йилдан - йилга кўтарилаябди. Бундан айрим ҳожибошилар фойдаланмоқда, Ҳажга бораман деган оддий номозхон, диёнатли инсонларимиз бир қанча қийинчиликларга дучор бўлаябди,- дейди хуқуқ фаоли.

Изатилло Рахматуллаевга кўра, 20 йил мобайнида муфтият ишлари ва Ҳаж масаласининг йўлга қўйилмаганига диний муассасаларнинг жамоатчилик учун ёпиқлиги ва айтилган таклифлар динга тўғри келмаслиги баҳонасида муфтият томонидан инобатга олинмаётгани сабаб бўлган.

- Биз ҳожилар одамларни Ҳажга олиб бораман, деб пулларини олиб, алдаб юрган вақтларда ҳожибошилар устидан бир неча жиноят ишлари очтирганмиз. Ана шу пайтларда биз муфтиятга ҳожибошчилар институтини йўқ қилиб, бошқа вариантни ўйлаб топиш ҳақида мурожаат қилганмиз. Масалан, Ҳажга борувчиларга Ҳаж амаллари шу ерда ўргатилса,ҳожибошига ҳожат қолмайди. Шу каби вариантларни таклиф қилганимизда, бу шариатга тўғри келмайди, деб бизга рад жавобини беришган эди, - дейди хуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев.
XS
SM
MD
LG