Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:46

Петербургда муҳожирлар муштлашувида бир киши ўлди


19 майга ўтар кечаси соат 3 да Петербургда ўзбек муҳожирлари ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув натижасида бир киши пичоқ зарбасидан ҳодиса жойида жон таслим қилди, яна бири маҳаллий шифохонага олиб кетилди. Шаҳарнинг бошқа туманида эса шу кечаси яна бир ўзбекистонлик пичоқлаб кетилгани хабар қилинди.


Душанба кунга ўтар кечаси Санкт-Петербургнинг Комсомольская майдонида 15 муҳожир ўртасида оммавий муштлашув келиб чиқди.

Бу жанжалда Марказий Осиёнинг битта республикасидан бўлган фуқаролар ўзаро жанжаллашгани, ниманидир талашганига маҳаллий фуқаролар гувоҳ бўлган ва полиция чақиртирган, дея ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берди ўзини Ольга, деб таништирган Россия ИИВ Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бошқармаси расмийси.

- Шаҳарнинг Зенитчиклар кўчаси ва Стачка проспекти чорраҳасидаги Комсомольская майдонидаги 67-уй, 1-корпус ёнида 15 киши иштирокида бўлган бу муштлашув. Унда иштирок этганларнинг на исми, на уларнинг қаердан келгани, на кимлиги тўғрисида маълумот беришга ҳаққим йўқ. Айтишим мумкинки, полиция ҳодиса жойига етиб келиб бир мигрант ўлгани, яна бирининг боши ёрилиб оғир аҳволда ётганини аниқлаган. У дарҳол маҳаллий шифохонага юборилди. Терговчиларимиз муштлашув сабабини аниқламоқда, деди Петербург полицияси вакиласи.

Полиция бошқармасида жанжалнинг айрим иштирокчилари ҳибсга олингани ва ҳозир улар полиция бўлимида сўроққа тутилаётганини маълум қилишди. Полиция муштлашув назорат камерасига олингани ва ҳозир терговчилар томонидан ўрганилаётганини хабар қилди.

Озодлик ўз норасмий манбаларидан муштлашувда иштирок этганлар ўзбеклар экани, ўлдирилган шахс эса 29 ёшли Элдор Бўтаев эканини аниқлади. Ўзбекистонлик Элдор Бўтаевга муштлашув пайтида кўкрак қисмидан пичоқ зарбаси берилгани ва у майдоннинг ўзида ўлгани айтилмоқда.

Оғир буюм зарбасидан энсасидан жароҳат олган яна бир ўзбек муҳожири Петербург шаҳрининг 26-сонли шифохонасига олиб кетилгани маълум. 26-шаҳар шифохонасининг реанимация бўлимида бугун кечаси ҳақиқатан хорижлик келтирилгани, яна бири ўзи оғир аҳволда мурожаат қилганини тасдиқлашди.

- Реанимацияда иккита кимлиги номаълум қолаётган мигрант ётибди. Мен уларнинг кимлигини билмайман – ўзингиз бу ерга келиб кимлигини аниқлаштиришингиз зарур, деди навбатчи ҳамшира.

Маълум бўлишича, 17 май куни Петербургнинг Фрунзе туманида кечаси соат 1 ларда шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимларидан бирига оғир жароҳат олган меҳнат муҳожири мурожаат қилган.

Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган 21 ёшли бу йигит ҳам кўкрак қафасининг чап қисмидан зарба еган ва базўр шифохонага етиб келган. Врачлар зарба орқадан берилгани, жиноятчи жабрланганнинг айнан юрагига мўлжал қилганини таъкидлашмоқда.

Оғир аҳволда бўлган ўзбек йигити 16 май куни соат 23:50 ларда Обуховская Оборона кўчасида номаълум кимса унга пичоқ билан ҳамла қилганини шифокорларга гапириб берган.
XS
SM
MD
LG