Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:07

Коллеж туалетини талаба қуради¸ кейин унга пул тўлаб киради


Ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар турли "йиғ-йиғ"лардан безиганини айтади. (Суратнинг Сирғалидаги коллежга алоқаси йўқ)
Ўзбекистонлик ўқувчи ва талабалар турли "йиғ-йиғ"лардан безиганини айтади. (Суратнинг Сирғалидаги коллежга алоқаси йўқ)
Тошкент шаҳри Сирғали туманидаги Политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиларидан янги ҳожатхона қуриш учун 20 минг сўмдан пул йиғилган. Коллеж ўқувчиларининг Озодликка айтишича, битирувчилардан коллежни таъмирлаш учун ҳам 200 минг сўмдан пул йиғилган ва пул бермаган ўқувчиларга ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилинган.

Сирғалидаги Политехника касб-ҳунар коллежининг битирувчи ўқувчиларидан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодликка айтишича, коллеж ҳудудида қурилаётган янги ҳожатхона қурилиши учун ҳатто битирувчилар ҳам маблағ беришга мажбурланган:

“Ҳамма талабадан туалет қурилиши учун 20 минг сўмдан йиғишди. Биз бу йил битирамиз. Кейинги йил ўқимасак, бу туалетдан фойдаланмасак. Лекин биздан ҳам пул олишди. Кейин ҳожатхона ишга тушгач, пуллик қилишармиш. Бу нарсаларни қуриш учун давлат пул ажратмайдими? Ҳақиқат борми ўзи?”, дейди сирғалилик ўқувчи.

Унинг айтишича, ҳожатхона қурилишидан ташқари, коллежни таъмирлаш учун ҳам ўқувчилардан пул йиғилган:

“Асосий корпус ёнидаги бинони ремонт қилишаяпти. Шуни ремонт қилишга ҳам пул олишди. Ҳар бир битирувчидан 200 минг сўмдан олишди. Кўпчиликнинг қурби етмайди. Шуни айтган студентларни “ўқишдан ҳайдаласан”, деб қўрқитишди. Мажбурлагач, ҳамма пул берди”, дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган ўқувчи.

Мазкур коллеж директори Абдужамил Каримов махсус йиғилишда бўлгани боис унинг ўринбосари Собир Расулов билан боғландик.

Расулов ҳожатхона қурилиши ва коллеж таъмири учун ўқувчилардан пул йиғилганини тасдиқламади, лекин бу каби ҳолат бўлган бўлса, айбдорлар жазоланишини таъкидлади:

- Бунақа нарса бўлмаган гап. Ҳожатхонанинг ҳеч қанақа болаларга алоқаси йўқ. Уни бизларга давлат томонидан қуриб берилаяпти. Ҳозир директоримиз йиғилишдан чиқса, унга бу нарсани етказаман. Буни биз ҳам зудлик билан олдини олишимиз керак, агар бунақа ҳолат бирор бир ўқитувчи томонидан йўл қўйилган бўлса. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди, дегандай, мабодо шунақа ҳолат бўлган бўлса, бу бизларга ҳам яхши нарса эмас. Бу масалани албатта кўтарамиз. Агар кимда-ким қўлга тушиб, шу нарсани ҳақиқатдан қўллаган бўлса, у ўқитувчига нисбатан жуда қаттиқ жазо кўрилади. Бизда яқинда раҳбаримиз ўзгарганидан кейин ўқитувчилардан мана шу нарсаларни фойдаланилмайди, деб ёзма равишда ҳам амалга ошириб қўйганмиз. Бунақа нарса бизларда бўлмаганига мен 99 фоиз аминман. Бу нарсага бизлар ойдинлик киритамиз. Туҳмат деган нарса ҳам бор, душман ҳам бўлиши мумкин. Раҳбаримиз яқинда бўлган, у киши вазиримизнинг куёви бўлади. Энди бу нарса у кишининг обрўсига ҳам яхши эмас, - деди Собир Расулов.

Коллеж раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, янги ҳожатхона қурилиши тахминан олти ой аввал бошланган. Ҳозирда қурилиш ниҳоясига етган, лекин у сентябрь ойидан фойдаланишга топширилади.

Коллеж директорининг яна бир ўринбосари Музаффар Абдуллаев ҳожатхонанинг пуллик бўлиши ҳақидаги хабарни инкор қилиб, ўқувчилар ундан текинга фойдаланишини айтди.

Коллеж биносини таъмирлаш ишлари эса давом этаяпти, яқин бир ойи ичида таъмир якунланиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG