Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:59

Петербург полицияси муҳожирлардан суғурта полисини талаб қилмоқда


Санкт-Петербург транспорт полицияси шаҳарга поездда келаётган ўзбек муҳожирларини суғурта полиси йўқлиги туфайли жавобгарликка тортиб, мамлакатдан бадарға қилмоқда. Ўзбек жамоаси фаоллари бу вазият жорий йил бошидан буён давом этаётгани ва коррупциялашган маҳаллий полициячилар учун қўшимча даромад манбаига айланиб қолганини таъкидлаяптилар.

Санкт-Петербургнинг Московский темир йўл вокзалида ушланган бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожир маҳаллий транспорт полицияси ходимлари томонидан маъмурий жавобгарликка тортилмоқда.

Бу хабарни Озодликка етказган 25 ёшли андижонлик Азизбек Азимов Россияга саёҳат қилгани келган 50 ёшли ногирон отаси ва у билан ҳамроҳ келган укаси “тиббий суғурта полиси йўқлиги” важидан полиция бўлимига олиб кетилганини айтади.

- Укам билан дадамни ушлашди. Поездда келиши билан ушлашди. Мана ҳозир суд бўлаяпти. Дадам “афганец” (Афғонистонда хизмат қилган - таҳр.), бу йил элликка киради, ўқ еган, битта оёғи яхши ишламайди – ҳозир захда ўтирибди. Мен бу ерда қон йиғлаб ўтирибман! Қаердан бунча пулни топаман? Бу ердаги ўзбеклар бизни хор, сарсону саргардон қиляпти. Бу ерга келишда 3 ойлик страховка қилиб келиши керак эканмиш. Бу нарса йўқ эди-ку! - дейди Азизбек.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:54 0:00
Бевосита линк

Муҳожир йигитга кўра, полициядан озод қилиш учун бўлим ходимлари штатдаги ўзбек таржимони воситасида ҳар бир “страховкаси” йўқ ўзбекистонликнинг ишини 20 минг рублга “ҳал этиб бериш”ни ваъда қилаётган экан.

- Ҳозир у мендан 20 мингдан икки кишига 40 минг сўраяпти чиқарвориш учун! Ўзбекларни қақшатяпти. Кеча эрталаб соат 3 поезддан тушиши билан ушланди. У ерда дадам ва укамдан ташқари 30-40 одамни ушлаган. Одамларни олиб кириб, пул сўрашяпти. Дадамнинг устидан “полицияга ташланди”, деб жиноий жавобгарликка тортаяпти. Ўзбекистонда ташланмаган, Россияга келиб, мелисага ташланадими?! - дейди муҳожир.

Азизбек, агар шу қоида барча учун бир жорий қилинганини билганида, иккинланмасдан тиббий суғурта ҳужжатини отасига олиб беришини айтади.

Ўзини Бек деб таништирган Петербургдаги ўзбек жамоаси фаоли вазиятни кузатиб бораётгани ва полис сўраш айнан Московский вокзал транспорт полицияси учун қўшимча даромад манбаига айланганини таъкидлайди.

- Ҳар якшанба камида 100-150 та мигрант аёл-эркакни қақшатишиб, пулини олишаяпти. Энг кам ставкасини 20 минг рубл қилиб олди. Хорижга юк олиб бораётганлар бор экан. Ўша юк ташиётганларни ҳам олаяпти экан. Кеча бир самарқандлик болани олиб кириб қўйишибди – ундан 50 минг рубль сўрашяпти экан. Қариндош-уруғлардан, кредит олиб бўлса ҳам беришаяпти экан одамлар, - дейди Бек.

Вазиятдан хабар топган Москвадаги “Тонг” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Валентина Чупик Озодликка Петербург полицияси суғурта талаб қилаётганини “аҳмоқлик”, деб атади.

- Бу ёлғон, ғирт ёлғон-ку! Бу одамлар полицияга умуман ҳужжат кўрсатмасдан, ФМСга олиб боришларини талаб қилишлари керак. Тўғри, Россия қонунчилигида айрим касб эгаларига тиббий суғурта бўлиши шарт қилиб кўрсатиб қўйилган. Масалан, тиббиёт ходими, кран ҳайдовчиси, болалар муассасалари ходимлари ёки ошпазлар. Уни ҳам иш берувчи ёки жисмоний шахснинг ўзи Россиянинг ўзида расмийлаштиради, - дейди ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик.

Айни пайтда “Единая Россия” партиясининг Думадаги вакиласи Ирина Яровая парламент муҳокамасига квоталашнинг янги тартибини жорий қилиш масаласини кўтариб чиққан. Унда ишчи патентига эга бўлиши учун хориж фуқароси ФМС идорасига қатор зарурий ҳужжатлар билан бирга албатта тиббий суғурта полисини топшириши шарт қилиб қўйилган.

Озодлик шу йил бошларида Московский вокзалида ушланган 10 нафар ўзбекистонлик 7 минг рублгача жаримага тортилгани ва Россиядан ташқарига чиқариб юборилгани ҳақида хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG