Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:04

Энергия тақчиллиги туфайли ўзбекистонликлар футбол кўра олмаяпти


Сирдарёнинг Сайхунободи, Тошкентнинг Оҳангарони, Андижоннинг Пойтуғи ва Хоразмнинг Шовотидан Озодликка дам олиш кунларида етиб келган хатларни битта мазмун бирлаштириб туради - бу жойларда электр қуввати тақчил. Афтидан, тилга олинган ҳудудлардаги аҳвол мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан яхши ҳам, ёмон ҳам эмас: шу пайтгача фавқулодда кўринмаётган электр энергияси тақчиллиги футбол бўйича жаҳон чемпионати бошлангач, бирдан одамларни сергак торттирганга ўхшайди.



Сирдарё вилояти, Сайхунобод тумани

Сайхунободда яшайдиган тингловчимиз бундай ёзди:

“Икки кундан бери айни футбол пайтида свет йўқ. Худди қишда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай бўлаяпти. Жаҳон чемпионатини тўғридан тўғри кўриш насиб қилмайди, шекилли”.

Юртдошининг хабарини тасдиқлаган бошқа бир сайхунободлик билан 16 июнь куни Тошкент вақти билан соат 14 да гаплашдик. (Суҳбат ўтказилган вақтни бежиз келтирмаяпмиз)

- Соат нечадаги футболда свет бўлмаяпти?
- Кечқурун 9 дагида.
- Ҳозир борми свет?
- Ҳозиргина ёнди. Эрталаб 10 да ўчиришган. Соат 8 ларда яна ўчириб қўйишмасайди, деб қўрқиб турибман,
деди сайхунободлик футбол ишқибози.

Андижон вилояти, Пойтиқ шаҳри.

Пойтиқда яшайдиган тингловчимиз бундай ёзди:

“1 ҳафтадан бери светни кунига 2 соатдан бераяпти. Қишда майли, деб ёз келишини кутдик. Аҳвол баттар ёмонлашаяпти. Уйга ярим кило гўшт олсак, кечгача ҳидланиб қолаяпти. Чунки холодильникни ишлатишнинг умуман иложи йўқ. Озиқ-овқат дўконлари сотувчилари ҳам ҳайрон, боши қотган, нима қилишини билмаяпти”.

Пойтиқдаги давлат ташкилотларидан бирида ишлайдиган ходима тингловчи шикоятида келтирилган маълумотларни тасдиқлади. Озодлик саволларига жавоб берар экан, у кейинги кунларда электр қуввати эрталаб узилиб, кун давомида бўлмаётганини айтиб берди.

Биз Пойтиқ Электр тармоқлари билан ҳам боғландик. ... 586 рақамлари билан тугайдиган телефонни кўтарган ходим саволимизни эшитиши биланоқ трубкани жойига ташлаб қўйди.

Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани.

Туманнинг Эйвалек қўрғонидан келган хат, бир қарашда хушхабардир. “Қўрғонга 5 кун деганда газ келди”, деб бошланади тингловчи мактуби. Лекин уни ўқир экансиз, Эйвалакдаги аҳволнинг аянчлилиги кўринаверади: “Битта домга битта водопровод, унга ҳам сув бир кунда 2 марта – эрталаб ва кечқурун берилади”, “Свет деярли ҳар куни ўчади”, “Аптека бору ишламайди” ва ҳоказолар.

Хат газ масаласи билан бошлангани учун Оҳангарон туман газ таъминоти корхонаси билан боғландик. Корхонанинг ўзини таништирмаган ходимининг айтишича, чиндан ҳам бир неча кун олдин Эйвалакда газ йўқ эди, қўрғонга ёнилғи 12 июнь куни берилган.

- Эйвалак қўрғонида бир ҳафта газ бўлмади. Унгача эса Оҳангаронда бир ҳафта газ бўлмаган. График билан газ қувурларини опрессовка қилаяпмиз, деди корхона расмийси.

Газ таъминоти корхонасидан электр энергияси таъминоти тўғрисида ҳам сўрадик. Шуниси қизиқки, расмий билан гаплашиб турган пайтимизда (16 июнь, Тошкент вақти билан 13. 00 атрофи) бу идорада ҳам электр токи йўқ эди.

- Светни ҳозиргина идорамизда ўчириб қўйишди. Соат 12 дан 1 гача бўлмас эмиш, деди газчи.

Тингловчининг хатида тилга олинган сув муаммосини ҳам сўрадик газ таъминоти идораси ходимидан.

- Ҳа, сув бизда муаммо, бир гал насос ишдан чиқди дейишади, бошқа гал – бошқа сабаб, деди у.

Ва ниҳоят,

Хоразм вилоятининг Шовот тумани

Озодликка хат ёзган шовотликка кўра, тумандаги аҳоли пунктларига илгари тортилган газ қувурлари бир йил муқаддам кесиб ташланган ва аҳоли гўёки суюлтирилган газга ўтказилган.

“Газ баллонларини қишлоғимиз аҳолиси (Кангли қишлоғи) 14 апрель куни алмаштириш учун топширган эди. Бугун 16 июнь. Бўш баллонлар ҳанузгача шахобчада жойидан жилмай турибди”, деб ёзди канглилик.

Унинг ёзишича, электр таъминоти ҳам хаминқадардир.

“Ёш боласи бор, қарияси бор оилалар жуда қийналаяпти. Ўтинда пишган овқат еган болалар касал бўлмайди, деб ким кафолат беради, ўзингиз ўйланг, яна Соғлом бола йилида?” деб якунлаган Шовотнинг Канглисида яшайдиган тингловчимиз.
XS
SM
MD
LG