Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:47

Ўшнинг Жўпас мавзесида 53 дўкон ёпилиши мумкин


Ўшлик Матлуба Умаржонова бир неча йилдан бери сомсахонаси ва дўкони учун рухсатнома ололмаяпти.
Ўшлик Матлуба Умаржонова бир неча йилдан бери сомсахонаси ва дўкони учун рухсатнома ололмаяпти.

Ўш шаҳрининг ўзбеклар зич истиқомат қиладиган Навоий кўчасидаги тижорат нуқталарида тирикчилик қилаётган 150 дан ортиқ одам ишсиз қолиши мумкин. Расмийлар мазкур тижорат нуқталари эгаларидан ҳужжат талаб қилмоқда, тадбиркорлар эса тўрт йилдан бери ҳукумат идоралари уларга ҳужжат беришдан бош тортиб келаётганини айтмоқда.

Ўш шаҳрининг Навоий кўчасида истиқомат қилувчи Матлуба Умаржонова узоқ йиллардан бери уйи олдида дўкон очиб, савдо қилиб келган. 2010 йил Ўш воқеалари чоғида уйи ёниб кетганидан сўнг, банкдан кредит олиб уйини қайта тиклаган. У дарвозахонаси олдига сомсахона ҳамда кичик савдо дўкони очган. Бу ерда ўндан ортиқ одам меҳнат қилади.

Икки ойдан бери Экология ва техник хавсизлик бўйича давлат қўмитаси унинг сомсахона ва дўконига бўлган рухсатномани тақдим этишини талаб қилиб келмоқда. Матлуба опанинг айтишича, бир неча йилдан буён солиқ, сув, электр энергияси ва бошқа давлат тўловлари учун бўлган барча ҳужжатлари бор, бироқ сомсахонанинг ўзига ҳужжат қилишнинг имкони бўлмаяпди.

"Зам-зам" ошхонаси.
"Зам-зам" ошхонаси.

- Ҳужжат тайёрлашга 3 йилдан буён югураман. Кўчамиздаги 17 дўкон Қорасув тумани ҳудудида жойлашган. Қорасувга бориб ҳаммамиз ҳужжатларни топширганмиз. “Бу дўконларга рухсат йўқ деб”, у ердагилар унамайди, шаҳарга чиқсак у ердан чизиб беришмайди. Нима қилишни билмаймиз. Ҳозир бизга бир ой аввал буйруқ берилган, агар дўконларни ёпмасак, ишимиз судга ўтказилади. Суд нима қарор чиқаради билмайман, - дейди, Навоий кўчасидаги ёпилиши керак бўлган “Зам-Зам” ошхонаси эгаси Матлуба Умаржонова .

Навоий кўчасининг ярми Ўш шаҳри, ярми Қорасув тумангига қарайди. Бу хҳдуддаги жами 53 дўконда шу каби муаммолар мавжуд. Айрим савдо дўконлари ўз ишини тўхтатган. Баъзилар банкдан кредит олгани ва кредитларини тўлаши кераклиги боис ишини давом эттирмоқда.

Навоий кўчасидаги тижорат нуқталарида ишловчи одамлар сони, тўланадиган солиқ миқдори тўғрисидаги маълумот.
Навоий кўчасидаги тижорат нуқталарида ишловчи одамлар сони, тўланадиган солиқ миқдори тўғрисидаги маълумот.

Маълумотларга кўра, бундай талаб нафақат Навоий кўчасидаги тижоратчиларга, балки Қурмонжон Датқо кўчасидаги дўкончиларга ҳам қўйилган. Экология ва техник хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси расмийлари улардан фақат тегишли ҳужжатларни тайёрлашни талаб қилаётганини, ҳужжатлар тайёрлангач қонун ассида ишлашига рухсат берилишини айтишади.

- Ноқонуний қурилишларни қонунийлаштириш бўйича ишлар қилинмоқда. У ерда 2010 йилдан кейинги уйларни қайта тиклаш чоғида уйларнинг эгалари рухсатсиз , ошхона, чойхона, сомсахона ёки бошқа жамоат жойларини очиб олишган. Қонунда бунга рухсат берилмайди. Хусусий уй яшаш жойи сифатида қолиши керак ёки хусусий уйни кафе, ошхона қилган бўлса, унинг йўналиши ўзгартириб, махсус рухсат олиниши керак. Қорасув туманига қарашли бўлса, у ердаги туман архитектурасидан тегишли ҳужжатларни олиб келишса, биз рухсат берамиз, - дейди Қирғизистон Республикаси ҳукуматига қарашли Экология ва техник хавфсизлик давлат инспекцияси раҳбари Риспек Юсупов.

Маълумотларга кўра, ушбу масала 2013 йилда ҳам кўтарилган. Ўшанда Қорасув тумани раҳбарияти ва жамоатчилик илтимоси билан Экология ва техник хавфсизлик давлат инспекцияси тадбиркорларга тегишли ҳужжатларни тайёрлаб олиш учун муддат берган.

Бироқ мазкур ҳудуд ЮНЕСКО ёдгорликлари рўйхатига киритилган Сулаймонтоғ музей комплеси ҳудудида жойлашгани сабабли унинг атрофида турли қурилишлар олиб борилишига рухсат берлмайди. Халқ орасида Жўпас деб аталадиган бу мавзедаги дўконларга ишлаш учун рухсатнома Қорасув тумани архитектураси томонидан берилиши керак. Архитектура расмийлари бу ҳудуд ЮНЕСКО рўйхатига олингани учун рухсатнолма бера олмасликларини, бу масалани фақат ЮНЕСКО ҳал қилиши мумкинлигини айтишади:

- Уларга биз рухсат беролмаяпмиз. Сабаби, бу ҳудуд ЮНЕСКО рўйхатига кириб қолган. ЮНЕСКОга қарашли махсус комиссия бор. Ўша комиссиянинг қарори асосидагина биз қурилишларга рухсат бериш ҳуқуқига эгамиз, - дейди Қорасув тумани бош архитектори Нурали Аматов.

Ёпилиши шарт экани айтилаётган Навоий кўчасидаги 53 савдо шаҳобчаси ва умумий овқатланиш жойларида 156 одам иш билан таъминланган ва уларнинг аксарияти ўзбеклардир.

XS
SM
MD
LG