Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Гулнора Каримова ҳамкорлари - Мадумаров ва Авакян қамоққа ҳукм қилинди


Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Европада Гулнора Каримова гумонланувчи деб кўрилаётган жиноят ишлари фигурантларидир.
Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян Европада Гулнора Каримова гумонланувчи деб кўрилаётган жиноят ишлари фигурантларидир.

Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган икки ҳамкори - Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани иддао қилинмоқда. Бир-биридан мустақил бир неча норасмий манбалар иддаосича, Мадумаров МХХнинг одам ўғирлашда айбланган бир гуруҳ ходими сафида Тошкент вилоятида судланган.

Озодлик ўтган ҳафтадан бери бир неча норасмий манбадан олаётган хабарларга кўра, Рустам Мадумаров 10 йил, Гаянэ Авакян эса 9 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Бир-биридан мустақил бир неча манбадан келган хабарга кўра, ўтган ҳафта Тошкент вилояти Жиноят ишлари судида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг бир гуруҳ ходими устидан суд бўлиб ўтган.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларига яқин манбалар иддаосича, МХХнинг одам ўғирлаш ва бошқа қатор жиноятларда айбланган ходимлари сафида Гулнора Каримованинг яқин бизнес ҳамкори, айрим манбалар иддаосича фуқаровий эри бўлган Рустам Мадумаров ҳам судланган.

"Суд ёпиқ тартибда ўтказилди, чунки унда Рустам Мадумаровни МХХ ходимларидан иборат гуруҳ таркибида судлашди. Жиноят кодексининг айнан қайси моддалари асосида айблов эълон қилингани номаълум. Лекин айтишларича, бу гуруҳ одам ўғирлаш (тахминан, Гулнора Каримованинг ёрдамчиси Нурмуҳаммад Содиқовни), қимматбаҳо буюмларни ноқонуний равишда мамлакатдан олиб чиқишда (айнан қанақа буюм экани ҳам номаълум) айбланган", деб ёзди Тошкентдаги Озодлик манбаси.

Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида одам ўғирлашга оид жиноятлар қайд этилган ва бу айблов тасдиғини топган ҳолда маҳкумга 5 йилдан 12 йилга қадар қамоқ жазоси белгиланган.

Озодлик мустақил манбалардан олинган бу маълумотлар юзасидан Тошкент вилоят Жиноят ишлари суди, прокуратураси ва бошқа давлат идораларига мурожаат қилди. Аммо вилоят расмийларидан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Манбалар иддаосича, ушбу маҳкамага оид ҳар қандай маълумот қатъиян сир тутилмоқда. МХХ ходимлари ва Мадумаров ҳуқуқлари ҳимоя қилаётган адвокатлар ҳам маҳкама ва жиноят ишига оид тафсилотларни ошкор қилмаслик ҳақидаги тилхатга имзо чеккан.

Айни пайтда, Би-Би-Си ўзбек хизмати ҳам ўз манбаларига таянган ҳолда Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян устида суд бўлиб ўтганини хабар қилди.

13 июль куни Би-Би-Си ўзбек хизмати тарқатган хабарда суд ҳукмига доир бошқа тафсилотлар ҳам берилган. Би-Би-Си ҳам Рустам Мадумаровга 10 қамоқ жазоси берилгани, лекин умумий авф қўллаш орқали бу муддатнинг учдан бири чегириб ташланганини ёзмоқда. Шунингдек, Гаяне Авакян ҳам 9 йилга ҳукм қилингани ва бу муддатнинг учдан бири чегирилиб, 6 йиллик жазо қолдирилганини ёзди Би-Би-Си.

Би-Би-Си ўзбек хизмати ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Гулнора Каримованинг иккала бизнес ҳамкори "пул ювиш, солиқдан қочиш ва бошқа бир қатор жиноятларда" айблангани иддао қилинган.

Шу тариқа, ахборот воситаларига мустақил манбалардан сиздирилаётган бу иддаоли хабарлар ҳозирча расмий идоаралар томонидан на тасдиқланди ва на инкор қилинди.

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянлар Ўзбекитон президенти қизига яқин бўлган 10 киши билан биргаликда шу йилнинг фераль ойида Гулнора Каримованинг уйидан олиб кетилган эди. Ўшанда ҳибсга олиш амалиёти МХХнинг махсус гуруҳи томонидан ўтказилгани айтилган.

Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян ҳибсга олиниши биланоқ Ўзбекистон Бош прокуратураси мисли кўрилмаган оперативлик билан уларга қарши жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди.

Гулнора Каримованинг ўзи ўшандан бери уй қамоғида экани айтилади. Расмийлар изоҳламаган бу хабарни ўтган ойда унинг ўғли кичкина Ислом Каримов Россия телеканалига тасдиқлади.

Гулнора Каримованинг бизнес шериклари ҳибсга олинганидан бери президент қизига алоқадор бўлган бинолар давлат фойдасига ўтказила бошлаганини Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда Давлат мулк қўмитаси томонидан тасдиқланган.

Ўшанда Давлат мулк қўмитасидаги манба Тошкентда мусодара қилинган Solid-Investment, Fast-Development, Panally LTD., Aval-Invest ширкатларига қарашли бинолар ва уларда фаолият юритган ширкатлар Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга расмийлаштирилганини тасдиқлаган эди.

Айни пайтда Гулнора Каримованинг аҳволи ҳақида бир-бирига зид иддаоли хабарлар тарқатилмоқда.

Ўзбекистон ҳокимиятида ишончли манбалари бор эканини иддао қиладиган Uzmetronom Интернет газетаси Гулнора Каримова 8 июль - ўз туғилган кунини Болтиқбўйи давлатларидан бирида, яқинлари даврасида нишонлагани ҳақида ёзди.

Орадан бир кун ўтиб, рунетда президент тўнғичининг ҳамон уй қамоғида эканига шама қилувчи суратлар ҳамда унинг тутқунликдан туриб, 3 июль – синглиси Лола туғилган кунда ëзилган навбатдаги мактуби чоп этилди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда ёпиқ эшиклар ортида судлангани иддао қилинаётган бу икковлон Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова гумонланувчи сифатида ўтаётган Швеция, Швейцария ва Францияда бораётган жиноят ишлари фигурантлари ҳамдир.

Гулнора Каримова йирик хориж ширкатлари, хусусан Швециянинг TeliaSonera ширкатидан Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига юзлаб миллион доллар миқдорида пора олганлик ва ноқонуний йўл билан ўзлаштирилган маблағларни легаллаштиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Европа мамлакатларидаги терговлар доирасида Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия ва Латвияда Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулк объектлари музлатиб қўйилгани маълум.

XS
SM
MD
LG