Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:44

Избоскандаги бир қишлоқда заҳарланган қорамоллар сўйилди


19 июль куни Андижон вилояти Избоскан тумани Наврўзобод қишлоғида яшовчи аҳолининг қорамоллари орасида оммавий заҳарланиш кузатилди. Наврўзободдаги қассобларнинг иддаосича, касалланган қорамоллардан 12 таси сўйилиб, гўштлари колбаса цехларига топширилган.

Наврўзобод қишлоғидаги Озодлик манбасига кўра, касалланган қорамоллар ўтдан заҳарланган:

“Қишлоқда лагерь бор. Ўша лагернинг ёнида молларни ўтлатадиган дала бор. Ўша жойда молларини ўтланган одамларнинг моллари касалланган. Моллар оёқда юра олмай қолган, кейин одамлар қассоб чақириб молларини сўйдирди. Айримлар молларини даволатди”, деди манба.

Наврўзободдаги қассоблардан бирининг Озодликка айтишича, касалланган қорамоллардан камида 12 таси сўйилган:

“Ўтган шанба куни мени уйдан олиб кетишди. Яқин атрофда ким қассоб бўлса, ҳаммасини Наврўзободга олиб келишган. Мен ўзим иккита сигир ва битта наввосни сўйдим. Учаласининг ҳам қони қорайиб кетган. Ўта қоп- қора. Гўштнинг ранги ҳам жуда бошқача эди”, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган наврўзободлик қассоб.

Яна бир наврўзободликнинг айтишича, сўйилган қорамолларнинг нархи 3 миллиондан 5 миллион сўмгача бўлган.

Озодлик суҳбатлашган манбаларнинг иддаосига кўра, сўйилган қорамолларнинг гўшти колбаса цехларига топширилган:

“Ўша куни у ерда 12 тадан кўп мол сўйилди. Гўштини маҳалладан ташқарига сотишган деб айтишди. Бировлар колбасага топширган дейишди. Яна бировлар бозорга гўштга топширган”, дея иддао қилишди Озодлик манбалари.

Айни пайтда Избоскан туман санитария- эпидемология станцияси мулозимлари Наврўзободдаги қорамоллар орасида заҳарланиш ҳолати бўлгани ва касал молларнинг гўшти колбаса цехларига топширилганини инкор қилишди.

26 июндан бошлаб Самарқанд вилоятининг Ургут тумани Вағашти қишлоғида ҳам қўй ва эчкилар орасида касаллик тарқалиб, саккиз одам касал қўй-эчкиларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилди.

Вағаштилик манбага кўра, касал қўйлар гўштини еганларга ҳеч нарса қилмаган, лекин қўйларни сўйган ва уларнинг калла-почасини тозалаган одамларнинг баданига яра тошиб кетган.

Ургутдан олинган сўнгги маълумотга кўра, ҳозирча беморларнинг касали аниқланмаган, лекин тўрт кишининг соғлиги яхшиланиб шифохонадан чиққан.

2012 йилнинг кузида Жиззах ва Самарқандда юзлаб қўйлар вакцинадан касалланиб, қирилиб кетган эди. Ўша пайтда Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашган Жиззах вилояти Ветеренария бошқармаси мутасаддиси номаълум вакцина оқибатида "хавфли шиш" касаллиги тарқалгани, аммо бунинг инсон организмига жиддий зарари йўқлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG