Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:10

Болаларни гепатитга қарши эмлаш амалдорлар учун яна бир охурга айланди


Тошкент шаҳридаги айрим мактабларнинг гепатит А шаклига қарши эмланмаган болаларни ўқишга қўймаймиз¸ деган мазмундаги талаби¸ Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирлиги расмийлари таъкидича¸ асоссиздир. Поликлиникаларда 90 минг сўмдан қилинаëтган бу эмлаш¸ Озодлик манбаларига кўра¸ бу вакцинани Ўзбекистонга импорт қилган қудратли шахслар уюштираëтган маъмурий босим остида аҳолига ўтказилмоқда.

“Соғлом бола” йилида “соғлом бола” нархи ошмоқда

Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланиши арафасида Тошкент шаҳридаги айрим мактаблар ота-оналардан боласини Гепатитнинг А шаклига қарши эмлашни талаб қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилган ота-оналардан бири¸ Учтепа туманидаги 203-мактаб маъмурияти ўзига шундай талаб қўйганини билдирди:

“4 нафар фарзандим бор. Учтаси мактабга боради. Бу йил тўртинчи фарзандим ҳам мактабга чиқади. Сариқ касалига қарши эмлаш ўтказилмаса¸ болаларни мактабга қабул қилишмас эмиш. Поликлиника эса ҳар бир эмлашни 90 минг сўмдан ўтказаëтган экан. Мана сизга “Соғлом авлод йили”! Фарзандларимни эмлатиш учун 360 минг сўм сарфлашим керак. Ойлик ҳам бунча эмас”¸ дейилади Озодликка тошкентлик отадан келган мурожаатда.

Бу шикоят ортидан Озодлик мухбири Тошкент шаҳридаги айрим поликлиникалар билан боғланди.

Олмазор туманидаги оилавий поликлиника ходимаси¸ Гепатитнинг Б шаклига қарши давлат дастурига киритилган эмлаш ўтказилиши¸ лекин А шакли мажбурий бўлмагани боис¸ буни ота-оналар ўз хоҳиши билан пулга қилдириши кераклигини билдирди:

- Гепатит Ага қарши эмлаш воситалари бизга берилмаган. Буни фақат пуллик хизмат кўрсатадиган поликлиникалар қилади. Олмазор тумани бўйича Себзордаги 9-поликлиника қилаяпти. Агар мактаб шу эмлашни олсин деса¸ олишингиз керак. Райздрав бир марталигини олиб келган¸ шуни Марказий поликлиникада 90 мингдан қилишаяпти. Гепатит А сариқнинг асосан кир қўлдан юқадиган¸ даволаса бўладиган тури¸ лекин оқибатлари ëмон. Шунга мактабга чиқадиган бола эмланса¸ яхшироқ. Мактаб мажбурий деган бўлса¸ буни Халқ таълими бошқармаси айтгандир¸ дейди Тошкентдаги оилавий поликлиниканинг эмлаш бўйича ҳамшираларидан бири.

Халқ таълими вазирлиги “мажбурийлик”ни инкор этди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган расмийси¸ вазирлик томонидан мактабларга болаларни гепатит Ага қарши эмлаш мажбурий деган талаб бўлмагани¸ бундай талаб ëки тавсия бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфида эканини билдирди:

- Бу ҳар битта мактаб ўзича қилаëтган иш эмас. Бу нарсани , масалан¸ Тошкентда шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг тавсия хати билан амалга ошириш керак. Шу тавсия хатининг¸ адашмасам¸ 2-3-бандида ота-оналар ўртасида гепатит Анинг оқибатлари¸ боланинг соғлиғи етадиган зарарлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилсин¸ деган нарса бор. Лекин Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси ëки вазирлик томонидан мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига болалар гепатит Ага қарши эмлансин¸ деган талаб қўйилган эмас¸ деди Озодлик суҳбатлашган Халқ таълими вазирлиги расмийси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “жиддий тавсия” қилади

Айни мавзу юзасидан Озодлик мухбири боғланган Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан бири мамлакатда Давлат Бош санитар врачи¸ Соғлиқни сақлаш вазирининг 1-ўринбосари томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон профилактик эмлаш жадвали” борлиги ва мажбурий эмлаш жадвалига гепатитнинг фақат Б тури киритилганини билдирди.

Айни пайтда¸ бу расмий 2013 йилда Ўзбекистон бўйича гепатит А бош кўтаргани боис¸ бу йил мамлакатга ушбу юқумли касалликка қарши катта миқдорда эмлаш воситалари олиб келингани ва уларнинг ўртача 90 минг сўмдан сотилаëтганини эътироф этди.

- Бултур йўқ эди бу вакцина. Бу вакцинани олиб келишнинг ўзи бўлгани йўқ. Буни махсус буюртма асосида пуллик тибий марказлари Ўзбекистонга олиб келди. Энди ота-оналар ўртасида тушунтириш олиб бориб¸ болаларни гепатит А га қарши эмлаш кераклигини айтаяпмиз. Афсуски¸ биз (давлат) ҳаммани бепул эмлай олмаймиз. Кам таъминланган оилалар болаларини¸ меҳрибонлик уйидаги болалар¸ риск гуруҳига кирувчиларни давлат текинга эмлайди. Бошқаларга бир марталиги 90 минг сўмдан. Ўзи ундан қиммат. Биз шуни одамлар қийналмасин¸ аҳолига енгиллик бўлсин деб¸ бир дозалигини тавсия этаяпмиз. Одамлар ўзи бу нарсани фойдасини тушуниб¸ пуллик бўлсаям қилдиришаяпти. Мана ҳозир олдимда Ўзбекистон бўйича эмлаш сводкаси турибди. Бугунгача жами 32 ярим минг аҳоли гепатит А га қарши эмланди¸ деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлаш бўйича етакчи мутасаддиси.

Озодликнинг айни вазирликдаги бошқа манбаси¸ ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан¸ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги ўқув йили арафасида нега айнан гепатитнинг А турига қарши эмлашни “жиддий тавсия” қилиш билан астойдил шуғулланиб қолганига ойдинлик киритди.

Бу манба таъкидича¸ Ўзбекистонга юқори ҳукумат доираларига қарашли ширкатлар томонидан катта миқдорда олиб келинган гепатит А га қарши эмлаш воситалари айни кунларда Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирлиги воситасида аҳолига қарийб мажбурий тартибда “ўтказилмоқда”. Айни манба таъкидича¸ хусусий ширкатлардан ташқари Ўзбекистонга Ғарб давлатларидан келган гуманитар тиббий ëрдам орасида ҳам катта миқдордаги гепатит А га қарши эмлаш воситаси бор ва бу ëрдам ҳукуматнинг маъмурий босим кучини қўллаш имконига эга тизимлари томонидан ўзлаштирилган ва эндиликда қарийб мажбурий кўринишга ўтаëтган “тавсия ва тушунтириш” ишлари остида пулланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эмлаш дастури учун масъул расмийси¸ Озодликнинг “Ўзбекистонга гепатит Ага қарши эмлаш воситаларини айнан қайси тадбиркор ва ширкатлар олиб келган?” деган саволини эшитиб¸ тутақиб кетди ва бундай саволни фақат прокурор бериши мумкинлигини айтиб¸ гўшакни илди.

Ярим расмий манбаларга кўра¸ Ўзбекистон аҳолиси учун ишлатиладиган эмлаш воситаларининг атиги 5 фоизи мамлакат ичкарисида тайëрланади ва қолгани импорт қилинади. Ўзбекистон фармацевтика бозорининг 85 фоизи¸ импортнинг эса қарийб 100 фоизи¸ Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра¸ мамлакат бошқарувидаги шахсларга алоқадор икки ширкат – “Фармед” ва “Дори-дармон” томонидан назорат қилинади.

2013 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон махсус хизматларига алоқадор айрим интернет нашрлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Дилором Тошмуҳамедова ва МХХ генерали Анвар Солиҳбоевнинг синглиси Умида Солиҳбоевага қарашли бўлган бу икки ширкатда жиддий текширувлар бошлангани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бу текширувлар натижаси нима билан тугади¸ уларни назорат қилувчи шахс ва гуруҳлар ўзгардими-йўқми¸ Озодлик ихтиëрида ҳозирча бунга оид маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG