Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:19

Ўшлик ўзбеклар тўйларни камчиқим ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди


Ўш шаҳрининг ўзбеклар истиқомат қилувчи Турон ҳудудий кенгашида тўй ва маракаларни дабдабали қилиб ўтказиш тақиқланди. Туронликлар қурултойида “Мазар еди”, “Фотиҳа тўйи”, “Юз очди”, куёвнинг уйига 40 кун мобайнида озиқ-овқат ташиш каби урф-одатлар бекор қилинди. Бунга амал қилмаганлар эса 200 доллар миқдорида жаримага тортилади.

Ўш шаҳрининг 35 минг аҳоли истиқомат қилувчи Турон ҳудудий кенгаши расмийлари шу йилнинг март ойидан тўй ва маракаларда ҳаражатларни озайтириш ташаббусини кўтариб чиққан эди. 9 август куни мазкур масала буйича якуний қарор қабул қилиш мақсадида ҳудудда қурултой ўтказилди. Унда Туронда истиқомат қилувчи юздан ортиқ фаоллар ва шаҳар расмийлари қатнашди.

Турон ҳудудий кенгаши расмийларига кўра, бундай қарор қабул қилинишига, сўнги йилларда халқ орасида туй харажатларининг кўпайиб бораётгани, бунинг ортидан кўплаб одамлар банклардан қарз олиб тўй қилиб, қарзга ботаётгани, келин томонидан қилинувчи сеп-сидирғалар сабабли ёш оилалар орасида келишмовчиликлар ва ажралишлар кўп бўлаётгани каби салбий кўринишларнинг кўпайгани сабаб бўлган. Турон расмийлари бундай муаммо билан кунора 2-3 одам арзланиб келишини айтишади. Улар бунга чек қўйиш мақсадида, тўй ҳаражатларини озайтириш ва ЗАГСдан ўтилмагунича никоҳ ўқимаслик масаласини кўтаришган.

-Биз ЗАГСга чиқувчи машиналарни 5тадан оширмаслик, “Фотиҳа тўйи”, “Мазар еди”, “Юз очди”, деган нарсаларни қилмаслик, тўйларни енгиллатишга қарор қилдик. Қолаверса, ўқув курслари ташкил қилиб, ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича мактаблар очиш мақсадимиз бор, - дейди Турон ҳудудий кенгаши вакили Рустам ҳожи Содиқов.

Маълум бўлишича, туронликлар қизга берилувчи сепдаги мебелларни ҳам бир турини қилиш, урф бўйича 40 кун келин томонидан куёвнинг уйига ташилувчи мазарларни келин янги уйга кўникиб олишида енгиллик бўлиши учун фақат 3 кун олиб боришга рухсат берилган.

-Бу нарсаларни аввало халққа етказишимиз керак. Кейин халқдан талаб қилишимиз керак. “Жарима қиламиз”, деябмиз, “Вой мен эшитмадим”, деса нима дея оламиз. Шу сабабли “Сизни маҳаллангизда мажлис бўлган бу борада”, дейишга асос бўлиши керак. Мажлисларни маҳаллаларда элликбошилар билан ўтказишимиз керак, - дейди Турон худудий кенгашидаги 1 - квартал оқсақоллар кенгаши раиси Набижон Мамажонов.

Туронда ўтказилган қурултойда қабул қилинган қарорга асосан, бундан буён маросимлар қандай ўтказилишини махсус комиссия кузатиб боради. Келин ва куёв томони комиссия аъзолари иштирокида учрашиб, тўйни камчиқим қилиб ўтказиш, жумладан, тилга олинган ортиқча ҳаражатларни қилмаслик тўғрисидаги махсус шартномага имзо қўйишади. Агар тақиққа амал қилинмаса, у одамга хайфсан эълон қилиниб, матбуотда эълон қилинади ва 200 доллар миқдорида жаримага тортилади.

Туронликларнинг аксарияти ушбу қарорни қўлламоқда. Бироқ айримлар қадимдан қолган урфлардан воз кечиш мумкин эмаслигини айтади:

- Жой-жойларда тўйларда қилинувчи ҳаражатларни қисқартиряпмиз, деб айтиляпди. Масалан, “Сабзи тўрғади”, “Юз очди” деймиз, шу нарсалар қисқартириляпди. Бироқ “Мазар еди” деган нарсалар хуфёна қилинаяпди. Аслида урф-одатларни сақлаб қолган ҳолда, чиқимларни озайтириш керак. Биз урф-одатларимизни, ота-боболаримиздан йиллаб, асрлар бўйи қилиб келган урфларимизни сақлаб қолишимиз керак. Масалан, “Юз очди”ни ўзига яраша тарбиявий аҳамияти бор. “Мазар еди”ни ўзига яраша. Лекин у ерда бир оз дастурхон ёзилади, жўра-жилға ёки қариндош-уруғлар меҳмон қилинади. Шу аснода маслаҳатлар бўлади, тўйни маслаҳатлари, яшаш тарзи ҳақида гап - сўзлар бўлади, буларнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бор-да, - дейди туронлик Маҳаммаджон Охунов.

Ҳозирда маросимларда чиқимларни озайтириш масаласи Ўш вилоятининг Қорасув, Ўзган, Аравон, Новқат туманларида ҳам кўтарилган. Ўшнинг Амур Темур шаҳарчасида ҳам бу нарсаларга амал қилмаган оилага жарималар жорий қилинган.

Айни пайтда бу ишларни шаҳар мэрияси ҳам қўлламоқда. Расмийларга кўра, бу урфларни Конституция ёки бошқа қонуний актлар билан чеклаб бўлмайди. Урфларни халқ ўзи уйлаб топган ва халқ ўзи унга амал қилиш ёки қилмасликка қарор қилади.

XS
SM
MD
LG