Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:47

Сочида изолятордан қочишга уринган ўзбек муҳожири калтакланди


Сочи шаҳри яқинида жойлашган Хориж фуқароларини вақтинча сақлаш жойидан қочишга уринган ўзбекистонлик муҳожир калтакланиб, 4 кундан буён кишанланган ҳолатда сақланмоқда. Изолятор ичкарисидан Озодликка хабарни етказган тутқунлардан бирига кўра, бу йигит онасининг аҳволи ёмон бўлганини эшитиб, қочишга аҳд қилган.

“Кимга дардимизни айтишни билмаймиз”

Cочининг Лазаревский туманидаги Вардане деб номланган собиқ пансионатда маҳаллий ҳокимият ва шахсан Краснодар ўлкаси губернатори Александр Ткачёв ташаббуси билан маъмурий қонунчиликни бузган хориж фуқаролари учун махсус приёмник ташкил этилганига қарийб бир йил тўлди.

Ушбу изоляторда сақланаётган Бахтиёр исмли ўзбек муҳожири Озодлик билан суҳбатда, ўтган бир йил ичида бу жойда маҳаллий назоратчилар томонидан ҳақиқий “қийноқлар лагери” тузилган, дея иддао қилди. У бир неча кун олдин изолятордан қочишга уринган андижонлик бир йигит қаттиқ калтаклангани ва ҳозирда кишанланган ҳолатда махсус кабинада сақланаётганини маълум қилди.

- Бир одамнинг паспорти йўқ эди. Андижондан бўлади, 2 ойдан бери мана шу ерда ўтирган эди. Ҳаракат қилди чиқиб кетишга, бўлмади. Онасини мазаси йўқ экан, қочишга ҳаракат қилди. “Бир амаллаб проводниклар билан гаплашиб кетсам бўлади”, деди у. Забордан ошди, қўллари йиртилиб қонаб кетган. Шу аҳволда охранниклар ушлаб олиб, урди. Ичкарига наручникда олиб кириб, камаб қўйди. Аслида 2-3 кун ушлаб туришарди. Мана 4 кун бўлди, икки қўлини наручникка тиқиб, сақлаб ўтиришибди. Ҳаво иссиқ, дим. Билмаймиз ҳозир нима аҳволда – гаплашишга қўймайди,- дейди Бахтиёр.

Маълум бўлишича, яқинларидан онасининг соғлиги оғирлигини эшитиб, қочишга уриниб кўрган бу йигит асли Андижоннинг Балиқчи туманидан, исми - Исроилов Фахриддин.

Бахтиёр 25 ёки 26 ёшларда бўлган Фахриддин махсус приёмникнинг деворларидан ошганда темир сим танасини тирнаб ташлагани маълум қилди:

- Унинг қўллари шилиниб кетган, тикон сим танасини йиртиб ташлаган. Охранниклар қўли ва танаси йиртилиб кетганига қарамасдан урган. Бу биринчи ҳолат эмас. Ўтириб чиққанлар ҳам буни тасдиқлади. Қани адолат? Скорий чақирса ҳам ўзиникини чақиради; прокуратурани эса ўзини одамини телефонини беради. Бу ерда 4-5-6 ойдан бери ўтирганлар бор. 8 ойлаб ўтирганлар бор, сиқилиб кетганидан қочади, бечоралар. Бизга фақат махбусга қилгандек муносабат қилади. Қўлимиздан ҳеч нарса келмаяпти. Одамларнинг духи синди, қўрқиб қолди. Махбуслар ҳам биздан яхши яшайди,- дейди ёрдам сўраб мурожаат қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Бахтиёрнинг сўзларига кўра, ҳозирда Варданедаги Хориж фуқароларини сақлаш марказида 210га яқин муҳожир сақланмоқда ва уларнинг 50-60таси Ўзбекистон фуқароларидир.

Бахтиёр билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:09 0:00
Бевосита линк

У махсус приёмникдагиларнинг аксар қисмини вақтида ишга рухсатномасини тўғрилаб олишга улгурмаганлар ташкил этишини ҳам билдирди. Бахтиёр Вардане приёмнигига бир неча маротаба текширувчилар келгани, бироқ одамлар ҳақиқатни айтишдан натижа бўлмаслигига ишониб қолган, деди.

Озодлик ўзбек маҳбусларининг бу шикоятлари юзасидан Лазаревский туманидаги “пансионат” раҳбариятига қилган мурожаати жавобсиз қолмоқда. Муассаса раҳбари Сергей Викторович Глушков ва унинг ёрдамчилари телефон орқали суҳбатлашишдан бош тортиб, расмий мурожаат қилишни талаб этди.

Озодлик Ўзбекистон фуқароси Фахриддин Исроиловнинг кейинги ҳолатини кузатиб боради.

Айни пайтда, 2013 йилнинг сентябрь ойида даволаниш оромгоҳи ўрнида ташкил топган бу изолятордаги хориж фуқароларга нисбатан ғайриинсоний муносабатлар, калтаклаш ва қийноқлар қўлланилаётгани тўғрисида Озодлик олдин ҳам хабар берган эди.

“Бунинг ҳаммаси амалдорларнинг лоқайдлигидан”

Сочидаги Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Миграция ва Ҳуқуқ” маркази вакили Семён Симонов Озодлик билан суҳбатда Вардане приёмнигида бир неча маротаба бўлгани, у у ердаги муҳожирлардан бирор маротаба шикоят тушмаганини гапирди:

- Гап шундаки, мен бу муассасага бориб тураман ва бирор маротаба сиз гапираётган нарсалар тўғрисида хабар олмаганман. Тан олиш керак, маҳаллий прокуратура ва тергов қўмитаси етарли назорат қилмайди бу приёмник устидан. У ерда олдин ҳам бўлган шу каби воқеаларда ҳеч ким жазоланмаган. Мен у ерда бир аёл киши бошқасига пичоқ билан ташланганида кишанлаб қўйилганини эшитган эдим. Лекин жамоатчилик назоратчилари учун бу нисбатан очиқ ташкилот. Биз албатта сиз айтаётган фактлар юзасидан текширув ўтказамиз,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси Семён Симонов.

“Миграция ва Ҳуқуқ” ташкилоти вакили маълумотига кўра, Варданедаги Хориж фуқароларини сақлаш маркази бутун Краснодар ўлкасида айни кўринишдаги ягона муассасадир. “Илгари бундай муассасалар сони учта бўлиб, ўлар Темрюк, Армавир ва Краснодарда жойлашган эди”, деди суҳбатдош.

Семён Симонов меҳнат муҳожирлар нима сабабдан ойлаб, ҳатто йиллаб маҳбус сифатида приёмникда сақланаётганини ўрганиб кўргани ва уларни бир нечта тоифага ажратганини айтади:

- Ҳа, шундай муаммо мавжуд. Энг кўп вақт сақланаётганларнинг аксари фуқаролиги йўқ шахслар. Уларнинг шахсини аниқлаш ва тасдиқлашга жуда кўп вақт кетяпти. Бу ерда, сўзсиз, суд приставлари, ФМС айби ҳам бор. Миграция қонунчилигини бузган хорижликнинг шахсини тасдиқлаш бироз осонроқ, лекин у ҳам унинг юртидаги назорат идоралари ва маҳаллий элчихона ва консулликлар ишига боғлиқ. У ерда ўтирган саноқсиз амалдорларнинг лоқайдлиги ва қоғозбозлиги приёмникда сақланаётганларнинг ойлаб ўтиришига сабаб бўлмоқда. Мен йиллаб ўтирганларни ҳам кузатганман,- дейди сочилик ҳуқуқ ҳимоячиси Семён Симонов.

Маълум бўлишича, Россияда жорий йилда кучга кирган янги қонунга биноан хориж фуқаролари сақланаётган приёмниклар устидан назорат Ички ишлар вазирлигидан Федерал миграция хизмати зиммасига юкланди.

Россияда 2013 йил август ойидан буён Россия ҳукумати бошлаган “мигрантлардан тозалаш” амалиётлари натижасида минглаб меҳнат муҳожирлари майда қонунбузарликлар учун махсус приёмникларга ташланмоқда. Россия ҳукумати Владимир Путин талаби билан мамлакатнинг 83 субъектининг ҳар бирида камида биттадан шундай муассаса ташкил этиш тўғрисида махсус қарор ҳам чиқарди.

Хусусан, Краснодар ўлкаси раҳбарияти қатор нормаларга жавоб бермайдиган Варданедаги муҳожирлар учун махсус приёмник яқин вақт ичида ёпилиб, Абхазия Республикаси билан чегарада қурилаётган янги махсус приёмникка кўчиришни режалаштиргани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG