Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:13

Каримов жанггариларни Ўзбекистонга "яқинлаштирмаслик"ка чақирди


31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Тошкентдаги "Шаҳидлар хиёбони"га борган президент Каримов уламолардан аҳолини "Исломий давлат" хавфидан огоҳлантиришни "илтимос қилди". Бир ёнига муфтий Усмонхон Алимов, бир ёнига эса Тошкент имом-хатиби Анвар қори Турсуновни олган президент Ироқдаги "бемаза, нотаниш оқим" вакилларини Ўзбекистон остонасига яқинлаштирмаслик лозимлигини урғулади.

Ўзбекистонда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан 31 август куни тонгда “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига борган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбарларини диний террор хавфидан жиддий равишда огоҳлантирди.

Одатдагидек аввалига собиқ совет замонидаги қатағон қурбонларини хотирлаган ва уларнинг руҳи тиловат қилдирган Ислом Каримов икки ёнида оппоқ кийимда ўтирган уламоларни суҳбатга тортди.

"Ўзбекистон" телевидениеси орқали намойиш қилинган нутқи аввалида мамлакатининг тинч-осойишта экани, халқининг эса бундан рози экани ва бу ҳол, Ўзбекистонни ташлаб қочган ички душманлар, айни пайтда четдан ғайирлик қилаётган ташқи душманларнинг "ҳасадини қўзғаётгани"ни урғулаган президент Ироқдаги вазиятдан сўз очди:

“Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?! Шиа бўладими, сунна бўладими, бошқаси бўладими - ҳаммаси Маккаю Мадинани ягона марказимиз, ўзимиз эътиқод қиладиган жой, деб ҳисоблаймиз, тўғрими? Улар бўлса, Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларни дунёси, олами нима бўлади?! Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?! Бизнинг диний идорамиз бу масалада қандай ишларни қилаяпти?" - дея савол билан юзланди чап ёнида ўтирган муфтий Усмонхон Алимовга қарата президент Ислом Каримов.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раҳбари Усмонхон Алимов эса дарҳол жавоб берди:

"Булар дин душмани, ислом душмани. Бизнинг идора ҳам уларни инсоният душмани, ислом душмани эканини очиқ-ойдин кўрсатаяпти!"

Ислом Каримов эса, афтидан, Ироқ ва Шомдан туриб, Ўзбекистонга таҳдид қилаётган "Исломий давлат" сафидаги ўзбекистонлик жанггари-жиҳодчиларни назарда тутган ҳолда, уламоларни яна огоҳлантирди:

"Биз ёшларга қандай тушунтириб беришимиз керак, бу бало қаердан пайдо бўлдию кимга қандай таъсир ўтказиши мумкин? Буларнинг таъсири кучайиб, кўп мусулмонларни нотўғри йўлларга бошақараяпти-ку! Мусулмонлар идораси имом-хатиблари жойларда, авваломбор ўзи хабардор бўлиши керак ва жойларда тушунтириш ишлари олиб бориши керак. Мен ўйлайманки, балким Самарқандга бориб, Имом Бухорий халқаро мусулмонлар марказида мажлис ўтказиб, дунёда бўладиган ишлар ҳақида маслаҳатлашиб олиш керак. Эътибор беринг, маслаҳатлашиб, деяпман. Буйруқ деган нарса мусулмонлар оламида бўлмаслиги керак. Буйруқ бу — фатво. Ҳар қандай мажлисда буйруқ бериш нотўғри", деди бот-бот икки ёнидаги уламога маъноли қараш қилиб гапирган президент.

Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш қилинган қарийб 15 дақиқалик нутқи давомида президент ўз вақтида бу ёт оқимларга қарши чора кўрилмаса, бу оқимларни бошқараётганлар Ўзбекистондаги "мусулмонларнинг миясини заҳарлаб", Ўзбекистондаги ҳукуматга "қарши қилиб қўйиши мумкин"лигини таъкидлади.

"Бунинг оқибати нимага олиб келишини ҳеч ким айтолмаяпти. Менга ташвиш солаётган томони шуки, эртанги кунимиз қандай бўлишидан хабардор бўлмасдан, эртанги кунимизни кўролмаймиз. Биз бунақа бемаза, аввал кўрилмаган оқимлардан қандай эҳтиёт бўлишимиз керак?! Буларга нисбатан ўз фикримизни билдиришимиз керак. Остонамизга яқинлаштирмаслигимиз керак. Чунки ҳозир мусулмон дунёсида қарама-қаршилик пайдо бўлган. Мен ҳозир бунинг оқибатини билолмасам, қандай тинч бўламан?!" деб яна ёнидаги оппоқ саллали уламоларга савол ташлади президент Каримов.

Сўнгра эса президент ҳар бир гапини қайта-қайта бош силкитиб, маъқуллаб турган уламоларга илтимос шаклида таърифлагани тавсия-топшириқни берди:

"Мусулмонлар билан очиқчасига гаплашиб олиш, ўйлайманки, Мустақиллик арафасида зарур. Ҳамманинг қулоғи битган, кўзи кўр бўлмаслиги керак. Агар идорангиз замон билан ҳамнафас бўлмаса, мусулмонлар бошқа оқимларга кириб кетиши мен учун катта муаммо. Кимдир уни қаёққадир етаклаб олиб бориб, унинг миясини ўзгартириб, бизга қарши қилиб қўйса?! Қаранг, осмонимиз мусаффо. Шу осмонимизни кўриб, унга рози бўлиб, шукроналик билан яшаётган халқимизни ҳар томонлама асраш керак! Асраш керак, деганим ўз вақтида бало-қазолардан огоҳлантириш, иккинчидан, дунёдаги ноаниқ воқеалардан хабардор қилиш керак. Кўзи очиқ, қулоғи эшитиб турса, халқимизнинг ўзи оқдан қорани ажратишга қурби етади. Мен бунга ишонаман!" деб гапига хулоса ясади Ўзбекистон президенти Ислом Каримов.

Шу куни президент Каримов Мустақиллик майдонига ҳам борди ва у ердаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.

Унга ҳамрохлик қилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик номидан ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйилди.

XS
SM
MD
LG