Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:30

Узунда йигирмадан зиёд одам куйдиргига гумонланиб касалхонага ётқизилди


Куйдирги касалининг уй ҳайвонларидан одамга юқиши айтилади.
Куйдирги касалининг уй ҳайвонларидан одамга юқиши айтилади.

Сурхондарё вилоятининг Узун тумани марказий касалхонасидаги Озодлик манбасига кўра¸ куйдирги аломатлари билан ўтган ҳафта касалхонага ëтқизилган беморлар ҳозирда интенсив муолажа қилинмоқда. Касалликнинг қорамол сўйишда иштирок этган шахсларга юққани айтилмоқда.

Узун туманининг Қаранқул қишлоғида битта қорамолни сўйишда иштирок этган йигирмадан зиёд одам бирин-кетин туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган узунлик манбага кўра, беморлар куйдирги касаллиги юқтирганликда гумонланмоқда:

“19 август куни Боботоғнинг Қаранқул қишлоғида мол сўйилган. Шу молни сўйишда иштирок этиб, унинг гўштини тақсимлашда, сотишда, калла-почча, қорин-ичакларини тозалашда қатнашган эркак борми, хотин-халаж борми¸ бир-икки кундан кейин касал бўлиб, баданларига яра тошган. Менинг билишимча¸ 29 киши касалхонага ётқизилган. Қишлоқ ваҳимага тушиб қолди”, дейди Озодликнинг шахси ошкор қилинишини истамаган манбаси.

Суҳбатдош, айни пайтда мол сўйишнинг вақтинча тақиқлангани ва қишлоқни СЭС ходимлари дезинфекция қилиб юрганини ҳам қўшимча қилди.

Узунда йигирмадан зиёд одам куйдиргига гумонланиб касалхонага ётқизилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00
Бевосита линк

Узун туман юқумли касалликлар шифохонасининг исми сир қолишини сўраган врачи Озодлик мухбирига куйдирги юққанликда гумонланиб 22 нафар бемор ётқизилганини тасдиқлади:

“Беморлар касалликни юқтиргандан сўнг уч-тўрт кун ўтиб, 28 августдан бошлаб бизга мурожаат қила бошлади. Ўттизга яқин одамдан 22 нафари ётқизилди. Ҳаммаси сўйилган молга алоқаси бор одамлар. Уларда куйдирги аломатлари, яъни, бош айланиши, кўнгил айниши, иситма, яра-чақаларнинг баданга тошиши бор эди. Лекин бизда олинган анализлар куйдирги эмаслигини айтмоқда. Қандай касаллиги номаълум. Аниқ ташхис қўйиш учун барча анализлар вилоятга юборилди ва натижасини кутаяпмиз”, деди Озодлик суҳбатлашган узунлик шифокор.

Суҳбатдошга кўра, куйдиргига чалинганликда гумонланаëтган беморлар аста-секин соғаймоқда.

Сурхондарё вилояти Санитария-эпидемиология бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, касаллик чиққан қишлоқ қаттиқ назоратга олинганини билдирди:

“Қаранғул қишлоғида мол сўйилган хонадон дезинфекция қилинди. Сўйилган мол гўшти билан контактда бўлган 48 хонадон ва 180га яқин одам қаттиқ кузатувга олинди”, деди мулозим.

Сўнгги пайтда Ўзбекистонда чорва моллари қони ва гўштидан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраяпти.

Жорий йил июнь ойида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида куйдирги (Сибирская язва) касаллиги ташхиси билан 30 дан зиёд одам касалхонага ётқизилган эди.

26 июндан бошлаб Самарқанд вилоятидаги Ургут туманининг Вағашти қишлоғида яшовчи саккиз одам касал қўйларни сўйиши натижасида касалланиб, шифохонага ётқизилган эди.

2012 йилнинг июнида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида тўрт киши куйдирги ташхиси билан касалхонага ётқизилган эди. Бу беморлар ҳам мол сўяётганда касалликни юқтирган эди.

Куйдирги нима?

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вебсайтида куйдирги касаллиги ҳақида шундай маълумот берилган:

"Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис¸ тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тарқалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин".

Озодликка мурожаат қилаëтган кўплаб ўзбекистонликлар¸ айнан қишлоқларда ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ëки пора эвазига ўтди деб расмийлаштирилган касал молларни сўйиб¸ бозорга олиб чиқиш куйдирги каби касалликларнинг одамларга юишига сабаб бўлаëтгани хусусида ташвиш билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG