Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:21

Ўшда келин ўғрилари қидирилмоқда


Ўш шаҳри яқинидаги Наримон қишлоғида икки келинни ўғирлашга ҳаракат қилингани ортидан ўшликлар орасида “одам ўғрилари пайдо бўлди”, деган ваҳималар кучайди. Ҳар иккала ҳолатда келинларнинг ёрдам сўраб бақиргани ва қўшниларнинг ёрдамга келгани оқибатида ўғрилар қочишга мажбур бўлган.

Шу йилнинг 2 сентябрь куни Ўш шаҳри яқинидаги Наримон қишлоғида 22 ёшли келин Мафтуна Собирова эрталабки соат олтида кўча супуришга чиққан. Шу вақт унинг олдига “Старикс” русумидаги кул ранг машина келиб тўхтаган. Нотаниш ҳайдовчи келиндан вулканизация қаерда эканини сўраган. Келин “Ҳозир чақириб бераман”, деб ўз уйи томонга кетаётганида, ортидан қора ҳижобли аёл келиб унинг оғзини беркитган:

- Фақат кўзи кўриниб турган, қора ҳижобли аёл ортидан келиб, оғзини ёпиб, бирон бир сўз айтмай, сочидан ушлаб машинага тортибди. Жон ачиғида келин қаршилик кўрсатибди, шундай қаршилик 2-3 дақиқа давом этган. Оқ сариқдан келган 50 ёшлар чамасидаги ҳайдовчи экан, машинадан тушмабди. Шунда масжиддан кишилар чиқиб қолишибди, масжид ҳам 50 метрча нарироқда. Шуни кўриб турган экан: “Одам чиқди, тез бўл”, деб чақирибди, шериги эса келинни машинага олиб чиқа олмай, тепиб қочиб кетибди, - дейди Мафтуна Собированинг онаси Маҳарамхон Собирова.

Унинг айтишича, ҳайдовчи ўзбек тилида бузуқ талаффуз билан гапирган, аёл эса гапирмаган. Маҳарамхон Собирова бўлган воқеа юзасидан ўша куни ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ариза ёзгани борган. Бироқ Наримон милицияси ходимлари бу аризачи аёлга ишонмай, масхараомуз муносабатда бўлган.

Бу воқеадан бир кун ўтиб, 3 сентябрь куни пешин намозидан сўнг Наримон қишлоғидаги бошқа бир келин - Нилуфар Рустамовани ҳам ўғирлаш ҳаракати бўлган.

- Азон айтганидан кейин соат бир яримларда кўчага чиқса хеч ким йўқ бўлган. Ариқ бўйига борган бир нарса тўккани, қайтиб келаётганда бир бола ортидан машина билан таъқиб қилган. Келиним бир кун аввалги воқеа эсига тушиб, қўрқиб кетиб ариқнинг бериги томонига ўтиб олибди. Ҳалиги бола ҳам ўтиб, эшикни тўсиб, уйга киритмабди, кейин тезликда машина келган ва уни машинага тортишган. Бу машинадан тушиб қочишга ҳаракат қилиб, анча можаро бўлибди. Кейин орқадан кимдир биров бақирибди, булар кетиб қолишибди. Келинимни боши жароҳатланган, бир шапалоқ уришганида қулоғи, юзлари қон бўлган экан,- дейди Нилуфар Рустамованинг қайнонаси Муқадамхон Маматбуваева.

Қайнонанинг айтишича, келинини ўғирламоқчи бўлганлар осиё миллатига мансуб, тахминан 25 ёшлардаги йигит ҳамда ҳижобли одам бўлган. Улар мазкур воқеа юзасидан милицияга ариза ёзган. Ҳозирда Нилуфар Рустамова Наримон касалхонасида даволанмоқда.

Бу воқеадан сўнг Наримон милицияси ходимлари 2 сентябрь куни ўғирланишга ҳаракат қилинган Мафтуна Собированинг уйига келган ва унинг яқинларидан бўлган воқеа юзасидан қайта ариза ёздириб кетган.

Маълум бўлишича, жабрланувчи келинлар воқеадан бир кун аввал уларни ҳудди ўша одамлар уйи ёнида кузатаётганларини кўришган.

Озодлик мухбири мазкур икки воқеа юзасидан қўшимча маълумот олиш учун Ўш вилоят Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди. Бошқарма матбуот котиби Жениш Ашурбаев келинларни ўғирламоқчи бўлганларни қидириб топиш юзасидан тезкор ишлар олиб борилаётганини билдирди. Милиция расмийси гувоҳларнинг кўрсатмаси бир-биридан фарқ қилаётгани қидирув ишларида қийинчиликлар туғдираётганини ҳам қўшимча қилди:

- Терговда гувохларнинг икки хил кўрсатма бериши бизга қийинчиликлар туғдирмоқда.Гувоҳлар журналистларга бошқача гапириб, терговчи чақирганида бошқача кўрсатма бермоқда. Шу сабабли мазкур ҳолатни ўта синчиковлик билан текшираяпмиз. 3 сентябрь куни мурожаат қилган фуқаро бугунги кунда шифохонада даволанмоқда, қаттиқ стрес олгани учун. Бу эса шундай воқеа ростдан ҳам содир этилганига далил бўлади, - дейди Жениш Ашурбаев.

Унинг айтишича, бугунги кунда қидирилаётган одамларнинг фото роботлари тузилиб, ўғриларга мансуб экани гумон қилинаётган автомашинани излаш бўйича топшириқлар берилган.

XS
SM
MD
LG