Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:50

Жиззахда ҳашарчиларни олиб қайтаётган автобус ёниб кетди


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳашарчиларни пахтадан олиб қайтаётган автобус ёниб кетди. Заргарсой қишлоғида 20 октябрь куни оқшом рўй берган ёнғин оқибатида 50 киши бораётган автобусдаги бир неча ҳашарчи турли даражада куйиш билан жароҳатланди.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, автобус ҳашарчиларни Ғаллаоролдан Самарқандага олиб кетаётган бўлган.

– Автобусни багажида 200 литр бензин бўлган. Шу автобус Жиззахни Самарқанд билан боғлайдиган М-38 трассасида кетаётганида, портлаб ёниб кетди. Ёнғин Ғаллаорол туманининг Заргарсой ва Бахмалсой қишлоқлари оралиғида рўй берди, - деди исми сир қолишини истаган ғаллаороллик ҳашарчи.

Жиззах вилояти Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийлари ёнғин сабаблари ўрганилаётганини айтишди.

- Ёнғин сабаблари маълум эмас. Ўт ўчирувчиларимиз вақтида етиб бориб ёнғинни ўчиришди. Оқ рангли Mersedes-Benz русумли автобус ёнди. Ичида бўлган элликга яқин йўловчининг ҳаммаси соғ-омон эвакуация қилинди, - деди Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси расмийларидан бири.

Шунингдек, бошқарма расмийлари йўловчилар енгил даражада куйгани ва ҳеч бирининг соғлигига жиддий шикаст етмаганини ҳам таъкидлади.

Сўнгги пайтларда пойтахт Тошкент ва вилоятларда бир қанча автобусларда ёнғинлар рўй берди.

Тошкентлик автобус ҳайдовчиси Розиқ Ҳакимовнинг Озодликка айтишича, автобус саройлари мутасаддилари техник назоратга эътиборсизлик билан қараши шундай ёнғинларга сабаб бўлмоқда.

- Техник носоз бўлган автобусларни линияга чиқариши оқибатида шундай кўнгилсизликлар келиб чиқади. Автобусларга вақтида қаралмаса кутилган муддатидан олдин ишдан чиқади. Бундан ташқари автобусларда кўп одам ташилиши боис транспорт мотори қизиб ёнғинга сабаб бўлади, - дейди Ҳакимов.

Бу 2014 пахта мавсумидаги илк автобус ҳалокати эмас.

Ўтган ой Тошкентдан Сирдарёга ҳашарчиларни олиб кетаётган автобус колоннаси уриб юборган йўловчи шифохонада оламдан ўтган эди.

Воқеа гувоҳларига кўра, ҳалок бўлган фуқаро бойсунлик мардикор бўлиб, уни милиция ходими қувлаган пайти ушбу ҳалокат содир бўлган.

XS
SM
MD
LG