Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:09

Қамоқдаги мухолифатчи Тиллаев қийноқлардан шикоят қилган


Мухолифатчи Фахриддин Тиллаев.
Мухолифатчи Фахриддин Тиллаев.

Шу йил баҳорида одам савдосида айбланиб, қарийб 11 йилга қамалган мухолифат фаоли Фахриддин Тиллаев ҳибсда қийноққа тутилгани туфайли соғлиғи ўта ёмонлашган. Тиллаевнинг яқинлари унинг тез орада касалхонага юборилишини талаб қилмоқдалар.

Шу кунда Қаршидаги Шайхали қамоқхонасида сақланаётган Фахриддин Тиллаевнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида Озодликка ўтган ҳафта унинг зиёратига борган опаси Дилором Тиллаева маълум қилди.

- У (Фахриддин Тиллаев демоқчи – таҳр.) 95 кило эди. Оғирлиги 95 кило бўлган бола ҳозир 58-60 кило келади – шунчалар озиб кетган. Умуман қайғуга тушиб қолдим укамнинг аҳволини кўриб. [Қамалганидан кейин] ҳечам кўрмаган эдим-да. У жуда ўзига қараган, тўла одам эди. Ҳозир эса - озгандан кейин одамнинг терилари шалвираб қолади-ку ажинлар тушиб – шунақа бўлиб қолганда худди қарилардай, - дейди Дилором опа.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати фаоли Фахриддин Тиллаев одам савдосида айбланиб, шу йилнинг 6 март куни Шайхонтоҳур туман суди ҳукми билан 10 йилу 8 ойлик қамоқ жазосига тортилганди. Мухолифатчининг сафдошлари унга қўйилган айблов сохта эканини, қамоқ эса унинг сиёсий фаолияти учун жазо эканини таъкидлаб келадилар.

Суҳбатдошимиз укаси Тоштурмада ўтирган пайтда тинимсиз қийноққа тутилгани, соғлиғини йўқотишига ўша қийноқлар сабаб бўлганини гапириб берганини айтади.

- Етти ой Тоштурмада ётган. “Етти ой мен подвалда ётдим, қуёшни кўрганим йўқ”, деди. Кейин: “Мени урарди”, деди. Иккинчи судига олиб келишмаганди укамни. Биз сўраганимизда: “Ўзи бош тортди”, дейишганди. Кейин мен шуни сўрадим укамдан. “Сен ўзинг бош тортган эдингми?” десам, “Йўқ, опа, мен бош тортганим йўқ, ҳеч қандай нарушение қилмаган бўлсам ҳам, нарушение деб, ўзлари мени олиб боришмади”, деди. “Мени яланғоч ҳолда қилиб, оёғим зах ерда ўн беш кун подвалда турдим”, деди. “Устимдан совуқ сув сепишди”, деди. Апрель ойи қандай совуқ бўлади?.. Кейин: “Бармоқларимга игна тиқиб олди”, деди, - дейди Дилором опа укаси Шайхалига келганидан кейин калтаклашлар барҳам топганини қўшимча қиларкан.

Қаршидаги колонияга ўтказилганидан кейин соғлиғидан шикоят қилган Фахриддин Тиллаев шифокорлар кўригидан ўтказилган. Унга бош мия жароҳатланиши, невротик синдром ва бошқа ташхислар қўйилган ҳамда уни шифохонага юбориш ҳақида тавсия берилган. Бироқ қамоқхона маъмурияти яна “тартиббузарлик” баҳонасида уни маҳбуслар шифохонасига юбормаган.

- Уни 31 октябрь куни олиб кетиши керак экан маҳбуслар ётадиган шаҳар касалхонасига. “Лекин нима сабабдандир мен қолдим”, деяпти-да. “Мен кетишим керак бўлган жойга бошқа одам кетди”, дейди. “Кейин кирдим врачга сабабини сўраб”, дейди. “Нима учун, сабаби нима?” десам, нарушение бўлган, деди”, дейди. Укам: “Қанақа нарушение, мен ҳеч қанақа нарушение қилганим йўқ”, дебди. Ҳайронман, - дейди Дилором опа.

Фахриддин Тиллаевнинг яқинлари тез кунда унинг касалхонага юборилиб, керакли муолажалар олишига, туҳмат билан қамалган жигарларининг тез орада озодликка чиқишига умид қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG