“Таниш қўшиқлар” рукнига 44 йилдан бери тилдан тушмаëтган “Ўртар”қўшиғини мавзу қилдик. Ўзбекистон халқ артисти¸ марҳум Муроджон Аҳмедов тарафидан айтилган “Ўртар” қўшиғи 1969 йили суратга олинган “Ўткан кунлар" фильмида янграганидан кейин машхур бўлиб кетди.
1988 йили 70 ëшда вафот этган Ўзбекистон Халқ артисти Муроджон Аҳмедовнинг ҳозир Тошкентда яшаëтган 66 яшар ўғли Фарҳоджон аканинг Озодликка айтишича, “Ўтган кунлар” фильмини суратга олган Йўлдош Аъзамов ва бастакор Манас Левиев “Ўртар” қўшиғини фильм кульминациясига қўйишга қарор қилишган:
- Бу пайтда отам Қўқон театрида ишлаб донғи чиққан актёр ва ашулачи эди. Кино чиқмасидан олдин Бобораҳим Машрабнинг "Ўртар" радифли ғазалига куй басталаб айтиб юрган эди. Бу қўшиқ киночи Йўлдош Аъзамов назарига тушди. Пировардида отамизнинг бу кинодаги кичик роли ва ижро қилган қўшиғи фавқуллодда машҳур бўлди¸- дейди суҳбатдош.
Ўлмас Алихўжаев ва Гулчеҳра Жамилова роль ўйнаган “Ўткан кунлар” фильмида Кумуш ҳажрида фиғон чекаётган Отабек чолғучидан “Ҳайдалиш куйи”, “Ажралиш” куйини чалишни илтимос қилади ва “Ўртар” янграйди.
Ўзбекистон мумтоз қўшиқлари тарихи ҳақидаги илмий иш муаллифи¸ ҳофиз ва профессор Ҳожиакбар Ҳамидов назарида бу қўшиқ ҳудди узукка кўз қўйгандек кинога ярашиб турибди:
- Ўзбекларда яна бир гап бор. Йиғлаб кўришди деган. Худо раҳмат қилсин Муроджон Аҳмедов ижро қилган бу қўшиқ саси кинога жуда уйғун. Драматик баритон деб таснифланадиган Мурод аканинг овози Отабек ва Кумуш фожеасини талқин қилишга қодир бўлди. “Ўткан кунлар” киносидаги бош қахрамон ҳаëтини остин-устун қилган айрилиқ кунларини акс эттириш учун Бобораҳим Машрабнинг ғазали ва Муроджон Аҳмедовнинг ижроси зарур эди¸- деб таъкидлаган суҳбатдош бу қўшиқдан бир парча куйлаб берди.
Агар ошиқлиғим айтсам….
Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баён этсам, тақи ул хонумон ўртар.
Кишига ишқ ўтидин зарраи етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.
Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
Ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.
Мени бехонумон тинмай куюб ҳар дам фироқингда,
“Нигоро!” деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.
Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.
На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.
Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.
Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.
Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.
“Ўртар”ни айтган халқ артисти
Муроджон Аҳмедов 1918 йилда Қўқон яқинидаги Афғон қишлоғида дунëга келган.
Ўзбекистон Халқ артисти Ҳамроқул қори ва Раҳмон ҳофизлардан ашула йўлларини ва саҳна сирларини ўрганган. Қўқондаги Ёш томошабинлар театри ва Фарғона театрларида ишлаган. Драма, мусиқали драма ва комедияларда ранг-баранг образлар яратган.
Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов театр саҳнасида “Тоҳир ва Зуҳра”, “Нурхон”, “Бой ила хизматчи”, “Қароқчилар” каби жами 70 дан ортиқ хилма хил қаҳрамонлар қиёфасини гавдалантирган.
Шунингдек, Аҳмедов мақом устаси, баланд авжларни ҳам бемалол айта оладиган кучли, ширали овозга эгаси сифатида қадрланган.
“Бу оқшом”, “Ўртар”, “Тоза лутф”, “Баёт-3”, “Насри Уззол”, “Бухоро ироғи”¸ “Жонимда дармон қолмади” каби мақом йўллари, ашула ва катта ашулалар Аҳмедов репертуаридан ўрин олган.
Ўзбекистон халқ артисти Муроджон Аҳмедов 1988 йили Қўқонда оламдан ўтди. Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлиги олтин фондида ҳофиз ижро қилган 32 қўшиқ сақлаб келинади.