Тошкентда 26 ноябрда ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссияси йиғинида ўзбекистонликларни Россияда уюштирилган тарзда ишга жойлаштириш масаласи кўтарилди.
Россиянинг “Новости” агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари келаси йилда бу борада шартнома имзолашга келишганлар.
Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов бундан мақсад Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоялаш эканини айтди.
“Энг муҳими, ҳар бир ишчи бирон мамлакатга йўл олишидан аввал қўлида аниқ бир корхона билан имзоланган шартномаси бўлиши шарт”, - деган Азимов журналистларга.
Агар мазкур келишув кучга кирса, Россиянинг ваколатли органлари Ўзбекистоннинг тегишли идоралари билан ишчилар сони масаласида олдиндан келишиши лозим бўлади.
“Россия ваколатли органлари томонидан меҳнат муҳожирининг ҳуқуқий ҳимояси, энг кам иш ҳақи тўғрисидаги талабларнинг бажарилиши, муносиб истиқомат ва маиший шароитларнинг таъминланиши, тиббий ва ижтимоий суғурта қилинишини кўзда тутувчи тартиб кафолатланиши керак”, – деган Рустам Азимов журналистларга.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги бундай келишув қачон имзоланиши маълум эмас. Томонлар қабул қилган иш режасига кўра, 2015 йилнинг июлида икки давлат ҳукуматлари вакиллари шартномага асос бўладиган таклифлар ва тавсиялар рйхатини ишлаб чиқади.
“Бу шартнома Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан таранг муносабатларни юмшатиши мумкин”, деб билдирди Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий
Озодлик мухбири қачондир имзоланажак мазкур келишув моҳиятини тушунтириб беришини сўраб Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликка мурожаат этди.
Агентликнинг исмини очиқламаган расмийсига кўра, агар шундай келишувга эришилса, 18 ёшга тўлган, чет элда иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган ва Ўзбекистондаги тегишли идоралар рухсатини олган ўзбекистонликларгина Россияда қонуний ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин бўлади.
- Бу Россияга ишлагани кетаётган ҳамюртларимизни ўйлаб қилиняпти. Бу ерда иш берувчи ва ишчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳақида гап боряпти. Қаранг, ҳозир қанақа бўляпти, “Россияда ойига шунча топса бўлар, экан, у қилса бўлар экан, бу қилса бўлар экан”, деб кўпчилик ўзларича Москва, Санкт Петербургга боряпти. У ерда қулдай ишлаб, борганига минг пушаймон бўлиб қайтиб келяпти. Чунки келишув йўқ. Шартнома йўқ. Шартнома бўлмаса қанақа қилиб ҳуқуқини талаб қилади. Агар иш берувчи билан шартномани имзолаб, қаерда ишлашини, нима иш қилишини, қанча маош олишини билиб, йўлга чиқса, бу бошқа гап. Бизнинг агентлигимиз сайтида бўлим бор, Россияга кетмоқчи бўлганлар мутахассислиги бўйича анкеталарни тўлдиришлари мумкин. Агентлигимиз уларга Россияда иш топиб беради, ҳуқуқий ёрдамларни ҳам беради. Мақсад бу ерда ҳамюртларимизнинг ўзга юртларда хор бўлишининг олдини олиш, - деди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик расмийси.
Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий мухофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик орқали Россияда қанча одам иш топгани маълум эмас.
Агентлик расмийси бу ҳақда маълумотга эга эмаслигини айтди.
Норасмий манбааларга кўра эса, Россияда 5 миллионга яқин ўзбекистолик меҳнат муҳожири бор.
Уларнинг бир қисми ноқонуний муҳожирлардир. Шунинг учун улар Россияда мавсумий қора ишларни қилишади.
Москвада фаррош бўлиб ишловчи Азаматнинг айтишича, Россияда қора ишга ёлланишнинг ноқонуний тизими шаклланиб улгурган, бу ишни қонуний йўл билан амалга ошириш деярли имконсиз бўлиб қолган.
- Шартнома асосида қиламиз, иш берувчи ва ишчи ўртасида шартнома бўлиши кераклиги ҳақида кўп гапирилган. Бу бефойда уриниш. Биринчи навбатда буни бу ердаги иш берувчилар хоҳламайди. Бир ишчини қонун асосида, шартнома билан ишга ёллаш қиммат, улар учун жуда қимматга тушади. Солиқ тўлаши керак, ҳар бир ишчи учун белгиланган маош тўлаши керак, социал тўловлари бўлади. Уларга арзон ишчи керак. "Манови пулни ол-да, шу ишни қил"! Бўлди, ортиқча нарса керак эмас. Шунинг учун ҳам биз бормиз-да. Буни ўзгартириб бўлмайди, - дейди Азамат.
Шартномасиз ойлаб ишлаётганлар, ҳақини ололмаётганлар, одам савдогарлари қўлига тушиб қолиб, мажбурий ишлатилаётган ўзбекистонликлар жуда кўп.
Москвадаги меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий кўмак берувчи “Ёрдам” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев шу жиҳатдан ҳам ишга ёллаш тизими тартибга солиниши керак, деб ҳисоблайди.
Лекин, унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматини ўз фуқароларининг ҳуқуқлари ўйлантираётгани йўқ, аксинча, ҳукумат меҳнат мухожирлиги жиловини ўз қўлига олиш, ўз фуқароларининг четга оқимини назорат қилиш учун Россия билан шартнома имзолашга уринмоқда.
- Меҳнат муҳожирлигини қонуний тартибга солиш керак. Лекин Каримов ҳукумати истаётган нарса эмас бу. Каримовни ўзи айтган эдику “Россияга кетаётганлар дангасалар, шу ерда ишласа ҳам ҳеч ким очдан ўлаётгани йўқ”, деб. Каримов ҳукуматини ўз фуқароларининг ҳуқуқлари ташвишга солмайди. Улар ўз фуқароларининг четга оқимини назорат қилмоқчи. Меҳнат мухожирлиги жиловини ўз қўлига олмоқчи, холос - дейди Бахром Ҳамроев.
Россия ва бошқа давлатларидаги ўзбек меҳнат муҳожирлари ватанларига юбораётган маблағлар Ўзбекистон иқтисодининг касодга учрашидан ҳимоялаб келаётган асосий омиллардан ҳисобланади.
БМТ маълумотларига кўра, ҳозир меҳнат мухожирлари юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 15-20 фоизини ташкил этиши мумкин.