Россияда оммалашган GetTaxi Интернет-такси хизмати ўз тизимидаги марказий осиёлик ҳайдовчиларга русча исм бергани катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Рус тилидаги ижтимоий тармоқларда бу ҳаракати учун миллатчиликда айбланаётган ширкат "эксперимент" ўтказаётганини айтмоқда.
Ушбу муаммога жамоатчилик илк бор 5 декабрь куни москвалик Дмитрий Опарин Фейсбукдаги ўз саҳифасида қолдирган ёзув туфайли эътибор бера бошлади. Опарин GetTaxi хизматини кавказлик ва осиёлик ҳайдовчилар исмларини ўзларидан бесўроқ оҳангдош русча исмларга ўзгартираётганини айтиб, ўз норозилигини билдирган эди.
Фейсбукдаги баҳсга кўшилган москвалик Михаил Либкин танқид қилинаётган ширкатнинг мобил иловаси орқали такси чақирганида унга Антон исмли таксичи юборилгани, бироқ келган ҳайдовчининг асл исми Ойбек экани ҳақида ёзган.
Либкинга кўра, 7 декабрдан бошлаб GetTaxi ширкати онлайн тизимидаги ҳайдовчиларига ҳақиқий исмларини қайтара бошлаган.
- GetTaxiда ҳақиқий мўъжизалар юз бермоқда. Ойбек-Антон-Ойбек. Исмларни қайтариш акцияси... Одамлар, миллатчиликка кўз юммайлик. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак... Хоҳлаган такси хизматига қўнғироқ қилиб: “Ҳайдовчиларингиз ким?” деб сўранг. Кўп ҳолларда сиз "славянлар" деган жавобни оласиз. Мен ўзим текшириб кўрганман, - деб ёзади Михаил Либкин.
Миллатчиликда айбланган GetTaxi хизмати асосчиси Шахар Вайсер Open Russia интернет нашрига берган интервьюсида ҳайдовчилар исмини русчалаштириш "эксперимент" қатори синаб кўрилгаётганини ва бундай таклиф ҳайдовчиларнинг ўзларидан бўлганини айтди.
Россияда таксичилик қилаётган ўзбекистонликлар исмларни русчалаштириш борасида турли фикрдалар.
15 йилдан бери Россияда ишлаб, бўш вақтида киракашлик билан шуғулланувчи шаҳрисабзлик Тўра исмларни русчалаштиришда ҳеч қандай миллатчилик йўқ, деган фикрда.
- Бу ўрисларнинг юрти. Бизда қийин отлар борку ўзбекча "ғ", "қ" ҳарфлари бор ичида. Булар айтолмайди-да. Бу "политика" эмас. Тилига тўғри келса, айтади. Мисол учун, "Ғайрат" бўладиган бўлса, булар "Гена" десак бўладими, сени отингни русча айтайлик, дейишади, - дейди ўзбекистонлик ҳайдовчи.
Хабаровск шаҳрида ўз шахсий машинасида таксичилик қилувчи андижонлик Баҳодиржон эса уни Россияда "Боря" деб чақиришларини, бироқ у бунга қарши эканини айтади.
- Менинг исмимни ҳам ўзгартиришган. Чунки улар исмимизни айтишга жуда ҳам қийналишади. Ўртоқларим бор, масалан, Рамзиддинни "Рома" деб ўзгартиришган. Меникини "Боря" деб. Менга бу нарса ёқмайди. Бу миллатчилик-да. Чунки бизнинг динимиз Исломда бунақа исм ўзгартириш йўқ, мумкин эмас. Шунинг учун мени ўзимнинг исмим билан чақиришгани маъқул, - дейди Баҳодиржон.
Санкт-Петербургдаги такси фирмасида ҳайдовчилик қилувчи жиззахлик Саиднинг айтишича, такси ширкатлари миллатчи мижозлар туфайли осиёлик таксичиларнинг исмларини русчалаштиради.
- Мисол учун, бир хил нацист клиентлар бўлади. Ўшалар айтади, "рус водитель жўнат”, дейди. Бешта бармоқ бир эмас. Менда ҳам бўлган. Борганимда: "Почему водителя мусульманина отправили", деб шикоят қилган. Бунақаларга мен ўзимиз кимлигимизни, тарихимизни яхшилаб тушунтириб қўяман, - дейди ҳайдовчи.
Россиялик таниқли блоггер Рустем Адагамов CityMobil такси хизматининг мобил иловасида "славян ҳайдовчини танлаш" функцияси борлигига эътибор қаратган эди.
"Бундай опцияси бор такси ширкати нормал давлатда бир ҳафта ҳам ишлай олмас эди. Россия учун бу табиий ҳолми?" деб ёзган эди блоггер ўз Твиттер саҳифасида.
Пул топиш илинжида Россияга борган марказий осиёликлар учун миллатчилик асосий муаммолардан биридир. Жорий йилда Россияда 19 нафар муҳожир рус миллатчилари ҳужуми қурбони бўлгани айтилади. Ҳалок бўлганлар орасида ўзбеклар ҳам бор.