Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:28

Сурия: қўлдан қўлга ўтган аёллар


Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари сўнги пайтларда Сурияга аёлларни ҳам жалб қилиш ҳаракати кузатилгаётганини айтиб, ота-оналарни ўз қизларига нисбатан масъулиятлироқ бўлишга чақирмоқда.Айни пайтда Суриядаги жанггоҳларда жанг қилаётган 300 қозоғистонликнинг тенг ярми аёллар экани Остона расмийлари томонидан билдирилган эди.Аёллар Сурияда асосан жанггариларга жинсий хизмат кўрсатиш билан банд эканликлари айтилади.

Қирғизистон ички ишлар вазири Мелис Турғанбаев олиб борилган таҳлил Сурияга "жиҳод қилгани" асосан ислом динидан етарли даражада тушунчаси бўлмаган ва камбағал одамлар кетаётганини кўрсатганини айтди. Вазир Қирғизистондан Сурияга кетганлар қаторида қизлар ҳам борлиги аниқланганини билдирди:

- Чуйдан Суриядаги жангларга жами 11 фуқаро кетган бўлса, улар орасида 1996-1997 йили туғилган опа-сингиллар ҳам бор. Бу оиланинг турмуш даражаси ўртаҳол бўлган, қизлар Интернет сайтлардаги нотаниш одамларнинг чақируви билан Сурияга кетган,- дейди Мелис Турғанбаев.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумоти бўйича, Сурияга кетган Қирғизистон фуқаролари сони икки юз атрофида. Мазкур хизмат матбуот котиби Рахат Сулаймановга кўра, сўнги пайтларда турли йўллар орқали Сурияга қирғиз фуқарларини жалб қилиш билан шуғулланган гуруҳ аниқланган. Сулайманов, Сурияга кетган опа-сингил тақдирини айтиб берди:

- Қирғизистондан Сурияга қиз-келинларнинг кетаётгани аниқ. Туркия полицияси билан ҳамкорликда икки қирғиз қизини олиб келдик. Бири кўп ҳам хўрлик кўрмаган, у Сурияда юриб автомат билан тушган суратларини уйига юбориб турган. У биз билан озроқ гаплашди. Иккинчи қизни қаттиқ хўрлашган, у одамлар билан гаплашишдан қочади, - дейди Рахат Сулайманов.

Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотида айтилишича, жанг майдонлари бўлган худудларга айрим эркаклар ўз рафиқаларини ҳам олиб кетган. Рахат Сулайманов Сурияга кетган қиз-келинларнинг кўпчилиги жанггариларга жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланишини айтди:

- Улар биринчи навбатда жанггариларга жинсий хизмат кўрсатади. Иккинчидан, уларга хамшира, санитаркалар, кўпроқ керак экан, кейин овқат тайёрлаб, уй тирикчилигини қилиш учун ҳам олиб кетишади, - дейди Сулайманов.

Ўтган йили Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатда турли диний радикал гурухларга аёлларни жалб қилиш кучайганини маълум қилганди. “Мутакалим” диний ташкилоти раҳбари Жамал Фронтбек қизи бунинг асосий сабаби аёлларнинг диний билимсизлиги ва камбағаллиги деб ҳисоблайди:

- Уй-жойи йўқ, ёки светга пул тўлай олмай, болалари оч ўтирган аёлларга беш-ўн тийин бериб қўйса ишлашга тайёр бўлишади. Ростдан ҳам, бизда ижтимоий муаммолар одамни қийнаб юборади. Свети, кўмири йўқ аёл болалари учун барча нарсага тайёр эканини йўлдан урган тараф ҳам тушунмоқда. Балки шунинг учун дунёда экстремистик гуруҳлар аёлларга эътиборни кучайтираётгандир,- дейди Жамал Фронтбек қизи.

Айни пайтда, Суриядаги жангларга Қирғизистондан қанча аёл кетгани борасида аниқ маълумот йўқ.

Бунгача Қозоғистон расмийлари Сурия ва Ироқдаги “Ислом мамлакати” гуруҳи сафида 300га яқин қозоғистонлик бўлса, уларнинг ярми аёллар эканини билдирган.

Ҳозирда Қирғизистон куч тизимлари Суриядаги қиз-келинларни қайтаришга эътиборни кучайтириб, фуқароларни турли чақириқларга ишонмасликка чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG