Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:22

"Boney M" келади деб билет сотилган концертда Муниса Ризаева ашула айтди


Муниса Ризаева ва Шуҳрат Воҳидовларнинг "Boney-M" каби хориж гуруҳлари тимсоли бўлган 80-йиллар дискотекасига қандай алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ йўқ.
Муниса Ризаева ва Шуҳрат Воҳидовларнинг "Boney-M" каби хориж гуруҳлари тимсоли бўлган 80-йиллар дискотекасига қандай алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай изоҳ йўқ.

Тошкентда узоқ кутилган "Дискотека-80" концертида "Boney-M", “Ottawan”, “Комбинация”, Алиса Мон ва Наталия Гулькина ўрнига ўзбек эстрада қўшиқчилари томоша кўрсатишди. Озодлик суриштирувидан бу концерт орқали ташкилотчилар ҳам номлари сотилган қўшиқчилар¸ ҳам ўзбекистонлик томошабинларни махсус алдаганлари ошкор бўлди.

27 январь куни Тошкентнинг “Истиқлол” саройида пойтахтликлар узоқ кутган “Дискотека-80” концерти бўлиши, унда “Boney-M”, “Ottawan”, “Комбинация” гуруҳлари, Алиса Мон ва Наталия Гулькина каби юлдузларнинг чиқиши кутилаётганди.

Концертга қизиқиш шу қадар катта бўлганки, ҳар бир билет 500 минг сўмдан сотилган.

Шунча пул тўлаб, 80-йилларнинг дунёга донғи кетган юлдузлари концертини кўраман деб борган минглаб томошабин саҳнада Муниса Ризаева, Шуҳрат Воҳидов каби маҳаллий қўшиқчиларни кўриб тарвузи қўлтиғидан тушди.

Концертга борган тошкентлик Ҳумоюн ташкилотчиларни фирибгарликда айблайди:

- Ухлатишди. Ўзимизнинг қўшиқчиларни ҳурмат қиламиз, лекин уларни ўзининг нархи бор. Гап пулда ҳам эмас, бизни алдашди. Дунё юлдузлари ўрнига ўзимизникиларни тиқиштиришди, дейди Ҳумоюн.

Концерт ташкилотчилари бу ҳолатни ҳар хил изоҳлашмоқда. Уларга кўра, гўёки ноқулай об-ҳаво туфайли дастурда кўрсатилган юлдузлар Тошкентга етиб келолмаган.

Ташкилотчилардан бошқа бири эса маблағ етишмай қолганини айтади:

-Ўхшамай қолди. Кўпчилик россиялик юлдузлар келади деб кутган, ўхшатолмадик бу сафарига. Сал маблағ тарафдан қийналиб қолдик. Лекин кўпчилик ўзимизникига ҳам ўйнаб, сакраб мазза қилди. Кейинги сафарига, Xудо хоҳласа, шу билетни алмаштириб берамиз, билeтларни ушлаб туришсин, яна битта тушишади, шу билетга, дейди Озодлик боғланган концерт ташкилотчиларидан бири.

Қоидага кўра¸ юлдузлар келолмай қолса концерт бекор қилиниши ва бу ҳақда томошабинлар олдиндан хабардор қилиниб¸ билет пуллари қайтариб берилиши керак.

- Бу ерда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилган. Қачонгача давом этади бунақа майнавозчилик, дейди тошкентлик Ҳумоюн.

Тошкентдаги концертда қатнашиши керак бўлган Россиядаги “Комбинация” гуруҳи раҳбари Вадим Приймак Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги ташкилотчилар ўзларини ҳам чуй туширганини айтади:

- Аферистлар экан улар. Бизни ҳам алдашди, билет сотиб олган томошабинларни ҳам алдашди. 26 январь куни Тошкентга учиб боришимиз керак эди. Охирги соатларда ташкилотчилар келишилган пулни ҳам¸ учоқ билети пулини ҳам юборишмади. Лекин бизнинг номимиздан билет сотишган. 26 январгача, яъни концертга бир кун қолганда 3000 дан ортиқ билет сотилган. Билмайман¸ улар шунча пулни қаёққа ухлатишди. Бунақаси ҳали ҳеч қачон бўлмаган, дейди Вадим Приймак.

“Boney-M” гуруҳи вакили эса Озодлик мухбирига умуман Ўзбекистонда концерт беришни режаламаганликлари¸ бундай концерт уюштирилганидан ҳатто бехабарликларини айтишди.

- Бизнинг Ўзбекистонда концерт бериш режамиз бўлмаган ва яқин ойларда ҳам бундай концерт режамиз йўқ, деди“Boney-M” гуруҳининг Ҳамбургдаги вакилларидан бири.

Ўзбекистонда таниқли қўшиқчилар номини сотиб, билет сотилиши ва истеъмолчиларнинг чув туширилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Ўтган йили украиналик таниқли хонанда София Ротарунинг “Истиқлол” санъат саройида концерти бўлади, деб билет сотилган.

Кейинчалик хонанданинг маъмурлари Sayyod.com сайтига концертдан бехабар эканликлари, ҳеч ким фирибгарлар ҳаатти-ҳаракатларидан ҳимояланмагани ва улар билан курашиш мушкуллигини маълум қилишганди.

Ўзбекистон бўйлаб ўтказиладиган ҳар қандай концерт ва унинг дастури учун масъул саналадиган Ўзбекнаво эстрада-концерт бирлашмаси расмийси Озодлик мухбирига 27 январь куни "Истиқлол" саройида режаланган концертга рухсат берилганини билдирди.

Айни пайтда¸ ўзини таништирмаган расмий¸ бундай фирибгарлик учун Ўзбекнаво масъул эмаслиги¸ бу воқеа юзасидан концерт ташкилотчилари чақиртирилиб¸ уларга танбеҳ берилганини таъкидлади.

Бундай танбеҳ эса¸ ярим миллионга "Boney-M" кўраман деб билет олган Ҳумоюн каби ўзбекистонлик истеъмолчи учун етарли чора эмас.

Ҳумоюн ва бошқа алданган томошабинлар¸ бундай фирибгарлар тегишли жазога тортилиб¸ алдов йўли билан сотилган билет пуллари қайтарилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG