Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

"Наргиз" қўшиғи билан танилган Камолиддин Раҳимов оламдан ўтди


Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов 72 ёшида Наманганда оғир хасталикдан сўнг 25 февраль куни тонгда вафот этди. Бу ҳақда “Озодлик”ка ҳофизнинг шогирдларидан бири, журналист Носир Зокир хабар қилди. Носир Зокирга кўра, ҳофиз чоршанба куни тушдан сўнг она юрти Наманганда тупроққа берилди. Пойтахтдан ҳофизнинг маъракасига кўпчилик жамоатчилик ва санъат арбоблари келгани айтилди.

“Устоз камтарин инсон, истеъдодли санъаткор, дўстларига ғамхўр шахс эди. У доим ўзини замон талотўпларидан юқори тутди, ҳақиқий санъат йўлини, халқнинг эътиборини танлади”, дейди журналист Носир Зокир “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Камолиддин Раҳимов ўзбек санъат ихлосмандларига “Наргиз”, “Келмаса нетай”, “Куйгай”, “Токай”, “Даҳр аро” ва бошқа ўнлаб қўшиқлари билан яхши таниш. У 1943 йилнинг 12 январида Наманганда таваллуд топган, классик йўналишдаги қўшиқлари билан ихлосмандлари эътиборини қозонган эди.

Бундан бир муддат олдин Ўзбекистон халқ артисти Камолиддин Раҳимов Озодликниннг Чодирҳаëл дастурида меҳмон бўлиб уни машхур қилган Наргиз қўшиғи ҳақида ҳикоя қилиб берган эди.

Ҳе-ҳе-ҳей Наргиз!

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” саҳифаси ана шундай қўшиқлардан яна бирига бағишланди.

Бугунги саҳифамиз 1976 йилдан бери одамлар тилидан тушмай келаëтган "Наргиз" қўшиғи ҳақида. Қўшиқ ижрочиси ҳофиз Камолиддин Раҳимов гапиради.

Камолиддин Раҳимов: Бу “Наргиз” деган ашула Комил Девоний деган хоразмлик бир шоирнинг ғазаллари. 1976 йилда Наманган вилояти¸ Чуст туманидаги Ғова деган тоққа бир дўстим билан чиқиб китоб варақлаб ўтирсак¸ шу "Наргиз" деган ғазал чиқиб турибди. Кейин қўлимга торимни олиб “Шу ашулани куйга солиб кўрсам бўларкан”, деб хиргойи қилиб кўрдим. Эртасига мусиқа билан басталашга ҳаракат қилдим. Қарасам яхши ашула бўлаяпти. Битта дўстимга: “Дўстим эшитиб кўргин. Яхши ашула чиқаяпти”, дедим. У ҳам “Айтинг”, деди. Кейин китобга қараб¸ у менинг Эркинжон деган ошнам эди¸ раҳматли ўтиб кетган¸ айтдим.

Эй юзинг кўзгусига волаи ҳайрон Наргиз¸

Кўзинг олдида турур сурати бежон Наргиз.

"Шу ҳе-ҳе-ҳей деган жойини қўшмасангиз бўлмайдими"¸ деди. Мен “Ярашадиган жойи мана шунга ўхшаб турибди ошна”¸ дедим.

1976 йилда Хоразмдаги пахта заводи раҳбари бўлган Комил Авазов¸ Комил Девоний тахаллуси билан шеърлар битади. Катта шеърият иддаоси бўлмаган бу шеърлар ўша йили тўплам ҳолида чоп қилинади.

Шеър тарзида мунаққидлар назарига тушмаган Комил Девоний сатрлари ҳофиз Камолиддин Раҳимов тилидан қўшиқ бўлиб янгради. Мухлислар бу қўшиқни ëд олди.

"Бу қўшиқ яралиши ҳақида яхши биламан", дейди ўша пайтда Наманган драма театрида ишлаган Носир Зокир.

Носир Зокир: Бизнинг ëзги театримиз бўларди¸ ҳозир бузиб ташлаб¸ ўрнига теннис корти қуриб юборилган. 1977 йилда ўша ерда бирга ўтирганимизда устозим Камолиддин ака “Носиржон¸ мана бу дуторни олгинда тарадам¸ тададум¸ тарадам¸ тададум қилиб ушлаб тургин. Бошқа ҳеч пардага урмагин. Усул мана шу бўлади”, дедилар. Мен у кишининг айтганларини қилиб турдим. Кейин у киши соз олиб чиқдилар. Кейин ашулани айтдилар. Ўша пайтда бу қўшиқ Камолиддин Раҳимовнинг ўзларининг мактабларидан бошқачароқ эди.

Носир Зокирга кўра¸ аввалига бу қўшиқ одамларга эриш туюлган.

Носир Зокир: Ўша ашулани саҳнада биринчи марта айтганимизда одамлар кулган. Бу қўшиқ ўзбек миллий йўналишидан бошқачароқ қўшиқ бўлган эди. Биз ҳам унинг мазмунини¸ руҳини кейин тушуниб, яхши кўриб қолдик¸ лекин ўша пайтда айтганимизда одамлар устимиздан кулар эди. "Ҳе-ҳе-ҳей", деганларида ҳамма баробар қўшилиб кулиб юборар эди.

"Ҳе-ҳе-ҳей¸ ҳе-ҳе-ҳей", дейиш совет замонидаги санъат қуюшқонидан чиқиш демак эди.

Қўшиқ ижрочиси Камолиддин Раҳимов гапиради.

Камолиддин Раҳимов: Ўша пайтда қўшиқчиликда шунақа йўналиш бўлмагани учун баъзи бирларга эриш туюлди.

Севгилиси хабар олмай қўйганидан инграëтган бир ошиқ ноласи Камолиддин Раҳимовнинг забардаст овози воситасида маҳобатли бир тус олади.

Шеър сатрларида бўлмаган "ҳе-ҳе-ҳей¸ ҳе-ҳе-ҳей", деган нолаларни ҳар ким ўзича тушунади. Бировлар буни шунчаки хўрсиниқ эмас¸ балки фарëд дейишса¸ яна бировлар назарида чапанича қийқириқ эди.

Камолиддин Раҳимов: Бунинг “Хабар олмайсан ҳаргиз”, деганини ўзим қўшганман. Қўшиқчиликнинг ғазалга путур етказмаган ҳолда шунақа безак қўшишга ҳаққи бор. “Ҳе-ҳе-ҳей” ва “Оҳ наргиз” деганларни ҳам ўзим қўшганман. Орадан бир-икки ой ўтиб Қўқонга гастролга бордик. Шу гастролда шу ашулани айтдим. Шу ашула томошабинларга ëқиб¸ 1977 йилда республика телевидениесида айтдим. Мана ҳозир ëшим 66га кираяпти. Шу ашула 1977 йилдан бери ëшлар ҳам¸ қариялар ҳам концертларда¸ тўй-ҳашамларда “Наргиз"ни айтиб беринг, дейишади. Шунга шукур қилиб¸ шу ғазални ëзган Комил Девонийни дуо қилиб юрибман.

Озодлик: Камолиддин ака¸ Носир Зокир ëнингизда дутор чалганми?

Камолиддин Раҳимов: Носиржон театрда ишлаб турган пайтида чалиб берган.

Носир Зокир: "Чал", дейдилар устоз. Мен чаламан. Бир ойнинг ичида машқ қилиб¸ тайëрланиб¸ аввал саҳнада айтилди. Саҳнада айтилгандан кейин 1978 йили Камолиддин аканинг бир гуруҳ қўшиқлари пластинкага ëзилди. Кўп қўшиқлар қатори “Наргиз” қўшиғи 1977 йили чиққан бўлса¸ 1978 йилда пластинкага ëзилди.

Нима бўлганда ҳам қўшиқ оғизга тушди.Ўз вақтида магнит лента¸ пластинкаларга муҳрланган бу қўшиқ DVD, CD, MP 3 каби замонавий олатлар ичига ҳам кўчиб ўтиб¸ навбатдаги авлод тилида хиргойи бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG