Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:02

Тожикистон мактабларида “жинсий ахлоқ” дарси жорий қилинади


Тожикистон парламенти мактаб программасига жинсий тарбия ҳақидаги дарсларни киритишга розилик берди. Парламент депутатларининг айтишларича, жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ва исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш ҳақида ўсмирларни хабардор қилиш мақсадида шундай қарор қабул қилинган.

Тожикистон Намояндалар Мажлиси депутатлари мактаб программасига жинсий тарбия ҳақидаги дарсларни киритишга розилик бердилар.

Бу таклиф Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги томонидан “Репродуктив саломатлик ва репродуктив ҳуқуқлар ҳақида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш пайтида тақдим қилинди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири ўринбосари Насим Олимов ўз чиқишида жинсий алоқа воситасида тарқаладиган касалликлар ва исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш учун ўсмирларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирган.

Тожикистон парламенти депутати Абдураҳмон Хонов бу дарслар умумтаълим мактабларининг, айниқса¸ қишлоқ мактабларининг юқори синф ўқувчиларига ўтилишини айтади:

“Жинсий ахлоқ, хусусан жинсий алоқа ва репродуктив саломатлик ҳақидаги маълумот ўқувчиларга китоб сифатида тақдим қилиниши керак”, деди Абдураҳмон Хонов.

Аммо мактабларга жинсий ахлоқ ҳақидаги дарснинг киритилиши ҳақидаги хабарни аксар ўқувчилар яхши қабул қилмадилар. Улар 21-асрда бу ҳақдаги маълумотларни муаллимларнинг ёрдамисиз ҳам топиб ўқиш мумкинлигини айтади:

“Ёшлар ўзларини қизиқтирган ҳар қандай саволга Интернетдан жавоб топишни аллақачон ўрганиб олган. Бундай дарслар вақтнинг бемаъни сарфланишидир”, деди Душанбедаги мактаблардан бирининг 10-синф ўқувчиси.

11-синф ўқувчиси Акром Солеҳов фикрича бундай дарслар ҳар бир ўқувчига индивидуал ўтилиши керак:

“Албатта¸ бунинг фойдаси бор. Лекин алоҳида дарс ўтилса яхши бўларди. Агар ҳамма бир жойда бўлса ўйин-кулги билан дарсда сифат бўлмайди”, деди ўқувчи.

Тожик жамиятида жинсий яқинлик ҳақида ота-оналарнинг ўз фарзандларига тарбия бериши расм бўлмаган. Улар нафақат бу ҳақда гапирмайдилар, балки фарзандларининг бошқалар билан бу мавзуда гаплашишини ҳам айб деб ҳисоблайдилар.

Душанбе шаҳрида истиқомат қиладиган 43 ёшли Шоира Собированинг айтишича, бундай дарслар ёшларга акс таъсир қилади:

“Ўсмирлар бу ҳақда кўпроқ билганидан сўнг шаҳвати ошиб, бундай ишларга майли янада ошади. Бунинг ўрнига таълим сифатини яхшилаб, болаларни яхши ўқитишни йўлга қўйиш керак”, деди Шоира Собирова.

Расмий маълумотларга кўра, 2014 йилда биргина Душанбе шаҳрида 385 нафар фоҳиша ушланиб, жаримага тортилган.

2013 йилда эса Душанбеда 41 нафар балоғат ёшига етмаган қизлар фоҳишалик билан шуғуллангани аниқланган эди.

XS
SM
MD
LG