Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:40

Олмалиқдаги "Аммофос-Максам" корхонаси ишчилари икки ойдан буён маошсиз қолмоқда


Олмалиқдаги "Аммофос-Махам" заводи
Олмалиқдаги "Аммофос-Махам" заводи

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги "Аммофос-Максам" ҳиссадорлик жамиятининг уч мингга яқин ишчи-ходими январь ойидан буён маош олгани йўқ. Корхона ишчиларининг Озодликка арз қилишича, раҳбарият уларнинг оғир аҳволда қолаётганини эътиборга олмаяпти. Корхона раҳбарияти эса бунинг сабабини жаҳон бозорида аммофос нархи тушиб кетиши ортидан маҳсулот экспорти тўхтаб қолгани билан изоҳламоқда.

Олмалиқ шаҳридаги "Аммофос-Максам" ҳиссадорлик жамиятининг бир гуруҳ ишчиси Озодликка мактуб йўллаб, икки ойдан буён маош берилмаётганидан шикоят қилди:

“Икки ой рўзғорни маошсиз қандай тебратиш мумкин? Янги йилдан буён бир сўм ҳам ойлик олганимиз йўқ. Ёнимиздаги дўконлардан қарзга озиқ-овқат маҳсулотлари олиб турардик. Қарзимиз кўпайиб, улар ҳам бермай қўйишди. Корхона раҳбариятига мурожаат қилсак, ана эрта, ана индин деб алдаб келаяпти. Илтимос, бизга ёрдам беринглар”, деб ёзилади мактубда.

Озодлик боғланган ишчилардан бирининг айтишича, корхона ишлаб чиқараётган маҳсулот экспорт қилинаётган бўлса ҳам ойликдан дарак бўлмаяпти:

“Ҳар куни вагон-вагон аммофос корхонадан чиқиб кетади. Қаерга кетаяпти улар? Ойликларимиз нақд пул қилиб берилмаганигаку анча бўлди, ақаллан пластикка ҳам тушириб беришмаяпти”, деди ишчилардан бири.

Озодлик ишчиларнинг маошлари нега берилмаётганига изоҳ олиш учун "Аммофос-Максам" ҳиссадорлик жамияти билан боғланди.

Ўзини таништирмаган корхона мулозимларидан бири ҳақиқатан ҳам маошлар икки ойдан буён берилмаётганини тасдиқлади:

"Ҳозир январь ойининг маошини бериш учун кредит расмийлаштиряпмиз. Кейинги ҳафтага ойликларни беришни бошлаймиз. Шунинг ҳаракати бўлаяпти ҳозир", дейди суҳбатдош.

Мулозим маошлар кечикиши сабабини шундай изоҳлади:

"Биз ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни сотамиз ва тушган пулдан ойлик берилади. Вилоятлар қишлоқ хўжалигига сотилган маҳсулотнинг пули ҳам ҳали тушгани йўқ. Энди март ойининг охирига ваъда қилишаяпти. Экспортимиз ҳам тўхтаган. Чунки жаҳон бозоридаги нархларга бизники тўғри келмаяпти. Жаҳон бозоридаги аммофоснинг ҳозирги нархи бизникидан арзонроқ. Шунинг учун нархларимизни тушириб бериш ҳақида вазирликка хат билан чиқилган. Ҳозирча кредит ҳисобига ойликларни ёпишга ҳаракат қилаяпмиз", деди корхона мулозими.

"Аммофос-Максам" корхонасида қишлоқ хўжалик экинлари учун аммофос, олтингугурт каби минераль ўғитлар ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистондаги минерал ўғит ишлаб чиқарадиган бошқа корхоналар ҳам маошларни ойлаб бермаётгани ҳақида илгари ҳам хабар берган эдик.

Хусусан, шу йилнинг бошида “Фарғонаазот” корхонаси саккиз мингга яқин ишчисидан 15 миллиард сўмга яқин қарздор бўлиб қолган эди.

Ўтган йилнинг апрел ойида “Фарғонаазот” ва “Навоийазот” корхоналарининг жами 20 мингга яқин ишчи-хизматчиси бир неча ойлик ҳақини ололмаётгани тўғрисидаги хабар ортидан қарздорлик қисман қопланган эди.

XS
SM
MD
LG