“Ҳизбут - Таҳрир”га алоқадорлик айбланиб қўлга олинган Қорасувдаги “Ас Сарахсий” масжиди имоми Рашод Камолов милиция томонидан ҳибсхонада ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаганликда айбланмоқда. Бунинг ортидан Камоловга билдирилган айбловлар сони яна биттага кўпайиши мумкин.
Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишича, Ўш шаҳридаги ҳибсхонада сақланаётган таниқли имом Рашод Камолов “диний-экстремистик фаолиятини қамоқхонада ҳам давом эттириб, бу йўналишда Интернет тармоғидан фойдаланган”. Хабарларда айтилишича, мазкур ҳолат Рашод Камолов сақланаётган ҳибсхонада олиб борилган тезкор-қидирув ишлари давомида аниқланган. Камоловнинг камерасидан диний-экстремистик материаллар, уяли телефон топилган ва мусодара қилинган.
Бу маълумотни Озодликка Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Ашурбаев ҳам тасдиқлади:
- Диний экстремистик ташкилотлар фаолияти тақиқлангандан сўнг жамоатчилик орасида аввалгидай варақа ва дискларни тарқатишмай қўйган. Улар ҳозирда уяли телефон ёрдамида WhatsApp орқали ҳибсда ётиб ҳам ўз фаолиятларини давом эттиришаётгани исботланди. Ҳозирда унинг фаолиятига чекловлар қўйилди. У телефон орқали кимлар билан боғланган, кимларга нима юборгани текширилмоқда, - дейди Жениш Ашурбаев.
Айни пайтда Камоловнинг адвокати Валерян Ахметов Ички ишлар ходимларининг адвокат ва терговчилар иштирокисиз ўз ҳимоясидаги одамни ҳибсхонада тинтув ва сўроқ қилинишини Қирғизистон Жиноий Кодексининг қўпол тарзда бузилиши, деб ҳисоблайди.
- Биз ҳибсхонага борганимизда олган маълумотларимизга кўра, телефон Камоловга тегишли бўлмаган. У телефонда гаплашганини инкор қилмаяпти. Бироқ бу жиноий иш ёки жиноий жавобгарлик эмас. Негаки, бу телефон қандай қилиб ва нега ҳибсхонада пайдо бўлиб қолгани қамоқхона маъмурияти ўрганадиган ички ишдир. Агарда у ерда Камолов кимнидир нимагадир тарғиб қилгани тўғрисида маълумот пайдо бўлган бўлса, буни текшириш ва исботлаш ҳам керак. Бироқ нима учун айбланувчини тергов қилиш ҳуқуқи берилмаган тезкор ҳодимлар текширади? Бунга фақат терговчи ҳуқуқли ва у ҳам фақат адвокат иштирокида сўроқ қилиши мумкин, - дейди Камоловнинг адвокати Валерян Ахметов.
Асли Қирғизистоннинг Қорасув шаҳридан бўлган ва Фарғона водийсида танилган 37 ёшли ўзбек имоми Рашод Камолов Қирғизистон жиноий кодексининг 299-моддасининг бир неча бандларида айбланмоқда.
У шу йилнинг 9 февраль куни ўз уйидан бир неча ниқобли милиция ходимлари ва Қорасув расмийлари иштирокида Қорасув милициясига олиб кетилган, сўнгра Ўш шаҳар милициясига олиб келинган ва ҳибс қилинганди.
Бундан аввал Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг мулозими Раҳим Салимов шу кунга қадар милицияга Рашод қори Камолов фаолиятига оид кўплаб шикоятлар келиб тушганини айтганди.
Унга кўра, Камолов халифалик тузишга ва Конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга даъват қилганига исбот бор. Бу борада жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, фуқаролардан Рашод қори уларнинг болаларини Сурияга жиҳодга жўнатганига оид 10 та шикоят тушган.
Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли эса Камоловга билдирилган айбловларни асоссиз, деб атаб, ҳибсга олинган имом-хатибини ҳимоя қилиб, ҳукуматга сўровнома киритган эди.
Рашодхон Камолов Озодликнинг диний мавзулардаги саволларига жавоб берган ва чиқишларидан бирида "Исломий давлат" эълон қилган ҳалифаликни мусулмонлар тан олмаслиги керак, мазмунида фикр билдирган эди.
Парижнинг Charlie Hebdo журналида яна Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламга карикатура эълон қилинганига норозилик сифатида 2015 йилнинг 24 январида Ўш шаҳри марказида ўтказилган митингда Рашод Камоловнинг "ака-ука Қуашийлармиз!" дея қилган чиқиши кескин танқидларга сабаб бўлган.