Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:16

Президент сайлови арафасида Жиззахда пахта заводи ишчилари иш ташлади


Зарбдор туманидаги пахта тозалаш заводи
Зарбдор туманидаги пахта тозалаш заводи

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси беш ойдан бери маош берилмаётганига норозилик билдириб, иш ташлади. Завод ишчиларининг айтишларича, корхона маъмурияти уларнинг шикоятларига қулоқ солмаяпти, норозилик билдирганлар эса ишдан бўшатилиш билан қўрқитилмоқда.

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси 27 март куни иш ташлаш эълон қилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган завод ишчиларига кўра, улар маош берилмаётганига норозилик ўлароқ, иш ташлашлари ҳақида маъмуриятни олдиндан огоҳлантирган:

“Кеча завод ремонтида қатнашаётган барча ишчилар билан йиғилдикда, энди нима қиламиз деб маслаҳат қилдик. Кейин эртадан ишга чиқмасликка, иш ташлаш қилишга қарор қилдик. Бу ҳақда бош инженерни ва механикни огоҳлантирдик. Бугун эса ҳеч ким ишга чиқмади”, дейди ишчи.

Исмини ошкор қилмаган заводнинг бошқа ишчисига кўра, президент сайлови арафасида Ўзбекистон учун мисли кўрилмаган иш ташлаш чорасига уларни беш ойдан буён маош берилмаётгани, бунинг оқибатида эса, ишчиларнинг оғир моддий аҳволда қолгани мажбур қилган:

“Биз пахта пайтида кечаю-кундуз ишладик. Совуқда, қору-ёмғирда ҳам ишладик. Лекин шунча меҳнатимизга яраша ойлик ҳам бермаяпти. Декабрь ойида 30 фоиз, январда ўн фоиз ойлик билан алдаб қўйди. Тамом, шу билан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ўтган ҳафта эса бир қопдан ун беришди. Бу уннинг нархи бозорда 55 минг сўм бўлса, бизга 85 минг сўмдан ўтказишди”, дейди ишчи.

Суҳбатдошнинг айтишича, фақат ойлик ҳисобидан кун кечирадиган оилаларнинг моддий аҳволи жуда ҳам оғирлашган:

“Дўконлардан қарзга ботиб қолдик. Ахийри улар ҳам қарзга нарса бермай қўйишди, чунки қарзларимиз кўпайиб кетди. Кеча йиғилишиб директорга борган эдик, у яна келгуси ҳафта бўлади, деб алдади. Кейин иш ташлаш қилдик. Бошқа иложимиз қолмади, ҳеч бўлмаса сайлов олдидан ҳам ойликларимизни беришмади”, дейди пахта заводи ишчиси.

Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг директори Шодиёр Холбоевнинг мобил телефони кун бўйи ўчирилгани боис Озодлик у билан боғлана олмади.

Ўзини заводнинг ҳисобчиси, деб таништирган Акбар ака эса бу хусусда гапиришни истамади.

Зарбдор тумани пахта тозалаш заводида бир йилда 20 минг тоннага яқин пахта чигитдан ажратилиб, қайта ишланади.

Айни пайтда заводдаги бор пахта қайта ишланиб, ишчилар кузги пахта ҳосили учун агрегатларни таъмирлаш ишларига сафарбар этилган.

Ўзбекистонда давлат корхоналарида маошларнинг бир неча ойлаб кечикиши сурункали тус олмоқда.

Қорақалпоғистондаги “Оролбўйи гидрогеологик экспедицияси”нинг юздан ортиқ ишчиси эса камида етти ойнинг маошини ололмаётгани ҳақида Озодлик хабар қилди. Геологлар ўтган йилнинг июль ва август ойлари маоши бир кун аввал берилгани, сентябрдан кейинги ойликларнинг қачон берилиши мавҳум қолаётганидан арз қилишди.

Шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона азот заводи, Олмалиқдаги кимёвий завод каби йирик корхоналарида минглаб ишчилар ойлар давомида иш ҳақисиз қолаётгани тўғрисида Озодлик ўтган ойда хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG