Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Марғилонлик тоға жума куни жиянини масжидга қўймаган ўқитувчини пичоқлади


Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг ўқитувчиси Исломбек Маҳмудов ўтган жума мактаб ҳудудида пичоқланди. Расмийлар ўқитувчи 6-синф ўқувчисининг жума намозига боришга рухсат бермагач, унинг тоғаси томонидан пичоқланганини айтмоқда. Озодлик манбалари эса тоға ўқувчини жума намозига эмас, жума кунги савдода ёрдамлашиши учун олишга ошиққанини айтмоқда.

Марғилон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия ўқитувчиси Исломбек Маҳмудов 10 апрель куни мактаб биноси ҳудудида пичоқланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган марғилонлик манбанинг айтишича, муаллимни ўқувчилардан бирининг тоғаси пичоқлаган:

“Ўқувчини жума намозига олиб кетиш учун унинг тоғаси мактабга келган. Ўқитувчи рухсат бермаган. Кейин орада жанжал чиққан ва боланинг тоғаси ўқитувчига уч марта пичоқ санчган. Ўқитувчи реанимацияда ётибди”, деди манба.

Марғилон шаҳар ички ишлар бўлимида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“1994 йилда туғилган, шу 2-мактабда ўқиган Шерали Деҳқонов деган йигит жияни 6-синф ўқувчиси Бобуржон Эргашевни мактабдан олиб кетмоқчи бўлган. Лекин ўқитувчи Исломбек Маҳмудов рухсат бермаган. Кейин жанжаллашиб қолишган. Шунда Шерали Деҳқонов ўқитувчига уч марта пичоқ санчиб олган”, деди манба.

Ички ишлар мулозимининг айтишича, жиноятчи аввалига воқеа жойидан қочиб кетган ва бир кундан сўнг ўзи милицияга келиб таслим бўлган.

Марғилон шаҳар касалхонасидан олинган маълумотга кўра, ўқитувчи Исломбек Маҳмудовнинг аҳволи қониқарли ва у реанимация бўлимидан оддий палатага ўтказилган.

Исми сир қолишини сўраган 2-мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, ўқувчиларнинг жума куни дарсда бўлишини таъминлаш устидан қаттиқ назорат ўрнатилган:

“Ўзи ҳар жума куни масжидга бориб навбатчилик қиламиз. Намозга мактаб ўқувчилари келиб қолса, қўймаймиз. Бу ўқувчимиз Бобуржон Эргашев ҳам илгари бир неча марта дарсга келмай ёки дарсдан қочиб кетган эди. Ота-онасининг айтишича, бу бола жума куни масжиднинг олдида ўша пичоқлаган тоғасига қанд-қурс сотишда кўмаклашар экан”, деди ўқитувчи.

Ўзбекистонда мактаб, коллеж, лицей ўқувчиларининг масжидга бориши тақиқланган. Жума кунлари масжидлар олдида болаларни қўймаслик учун милиция ходимлари ва ўқитувчилар навбатчилик қилади.

Марғилонлик тадбиркорлардан бири Ҳамроҳ ака ҳукуматнинг мусулмонларга бу муносабати жамиятга акс таъсир қилмоқда, дейди:

“Буни қаранг. Масжидларга имомларни ҳукуматнинг ўзи тайинласа ва у ерда қандай гаплар айтилишини ўзи назорат қилса ҳам болаларни масжидларга қўймайди. Ахир давлат имомлари буларни йўлдан адаштирмайдику, у аксинча фойдали гапларни айтади, ҳой болалар мана бу нотўғри йўл, кўзларингни очинглар, дейди. Бунақада болаларнинг радикал диний оқимларга қўшилиб кетиш хавфи яна ортадику. Ахир бола қаердан исломий тарбияни олади?”, дейди Ҳамроҳ ака.

Ўзбекистонда ҳайит намозларига ҳам 18 ёшдан кичик бўлганларнинг кириши чекланиш ҳолатлари кузатилади.

XS
SM
MD
LG