Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:39

Ўзбек - қирғиз чегараси яна талошга тушди


Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Ақўтўк қишлоғи аҳолиси ўзлари яшаётган ҳудудда ўзбек-қирғиз чегараси халқдан яширинча аниқланаётганини иддао қилиб, аввалдан ўзлари фойдаланиб келган 16 километр ер Ўзбекистонга ўтиб кетганини билдирмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига қарашли Ақўтўк қишлоғи аҳолисига кўра, Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ичкарисига 16 километр кириб келган ва ўша ерга чегара қозиғини қоққан. Ҳозирда бу ҳудудда Ўзбекистон чегарачилари тўсиқларни ўрнатиб, чегарани белгилаётгани маҳаллий аҳолини ташвишлантирмоқда.

- Колхоз даврида, савхоз бўлганида буғдой экиб юрган ерларимиз ҳозир Ўзбекистонга ўтиб кетди. Барчасини ўзбек олволса, молимиз қаерда боқилади? Уйимнинг ёнгинасини олиб қўйса биз қаерда яшаймиз? Мана шу ерни сотган одам халқни сотган ҳисобланади. Уларни халқ душмани деб ҳисоблайман. Агарда ижобий натижа бўлмаса, бу одамларнинг барчасини ишдан олиш керак, тергов органларига бериш керак, - дейди ақўтўклик Таир Ниязов.

Махаллий ҳокимият етакчилари эса мазкур масала юзасидан тўла маълумотга эга эмаслигини айтмоқда. Расмийларга кўра, 2003 йилда мазкур ҳудуддан ўтувчи чегара чизиғи Ўзбекистон билан келишилган ҳолда белгиланган.

- Бу 2003 йили аниқланган чегара экан, ўша даврда мен йўқ эдим. Мен 2010 йилдан бери ишлаяпман. Бугунги кунда халқ 2003 йилда аниқланган чегара масаласига норозилик билдирмоқда. Биз ҳам ҳукуматга мурожат қилиб, чегара масаласини ҳал қилиб беришларини сўраймиз, - дейди қишлоқ етакчиси Наби Артиков.

Ақўтўқ қишлоғи Ўзбекистоннинг Сўх эксклави билан чегарадош. Расмий маълумотларга ишонилса, мазкур ҳудуддаги юз километрдан кўпроқ бўлган чегара чизиғининг 70 фоиздан ортиғи аниқлаб бўлинган.

Ақўтўкликлар даъво қилаётган ҳудуд эса расмий карталарга асосан қўшни Ўзбекистонга тегишли экани айтилмоқда. Қирғизистон Чегара хизмати эса маҳаллий аҳоли чегара чизиғини қайта кўриб чиқишни эмас, фақат мол-қўйларини мазкур ҳудудда эркин боқиш имконияти берилишини талаб қилаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил қилади. Мазкур чегара чизиғини аниқлаш масаласи 20 йилдан бери ҳал этилмай келинмоқда.Икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган 50 дан ортиқ ҳудуд борлиги айтилади.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида 2014 йилнинг 16 июлида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон билан чегаранинг аниқланган ҳудудлари юзасидан шартнома имзоланиши режалаштирилган эди. Бироқ томонлар аниқланган ҳудудлар узунлиги бўйича ягона фикрга кела олмагани хабар қилинган.

Қирғиз томони чегаранинг аниқлаб бўлинган ҳудуди 1003 километрни ташкил этишини билдирган, Ўзбекистон томони эса 701 километр аниқлаб бўлинган деган хулосага келган.

Бир неча ой олдинроқ эса Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон барча соҳаларда, жумладан, чегара масаласида ҳам икки томонлама сўзлашувларни музлатиб қўйганини иддао қилган эди.

XS
SM
MD
LG