Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:44

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини тўрт ойда 139 одам бузгани аниқланди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқлаб бўлинган ҳудудларини тиқонли симлар билан тўсиш давом этмоқда.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқлаб бўлинган ҳудудларини тиқонли симлар билан тўсиш давом этмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари берган маълумотлардан келиб чиқилса, йил бошидан то шу кунгача икки давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда ва чегара режимини бузганликда айбланиб камида 139 одам қўлга олинган. Чегарабузарларнинг 89 нафари Қирғизистонда, 50 нафари Ўзбекистонда аниқлангани айтилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева “Озодлик” радиосига 2015 йил биринчи чорагида ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазият қандай бўлгани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари расмийлари ўртасида шу йилнинг уч ойи ичида юздан ортиқ учрашувлар ўтказилган.

- 2015 йилнинг биринчи чорагида жами 103 учрашув ўтказилди. Бу учрашувларда, қирғиз-ўзбек чегарасидаги вазият, қўриқланаётган чегара қисмида вазият ўзгарса томонларни ҳабардор қилиш, аниқланмаган чегара ҳудудларида ҳамкорликда назорат ташкил қилиш тартиби каби масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари чегара ҳудудида боқилаётган қорамоллар Ўзбекистон ёки Қирғизистон ҳудудига ўтиб кетса қайтариш масалалари ва албатта, давлат чегараларини ноқонуний кесиб ўтиш, чегара режимини бузишга йўл қўймаслик бўйича бир қатор чоралар кўриш масаласи, икки томонда ҳам чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳолига тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича масалалар муҳокама қилинди, - деди чегара хизмати расмийси.

Гулмира Бўрубаеванинг айтишича, 2015 йилнинг биринчи чорагида қирғиз-ўзбек чегарасида давлат чегарасини бузган 40 нафар, чегара режимини бузган 49 нафар одам қўлга олинган.

- Чегарада қўлга олинганлар орасида Қирғизистоннинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам фуқаролари бор. Биз қанчаси Ўзбекистон, қанчаси Қирғизистон фуқаролари деб категорияларга бўлмаймиз. Негаки, чегара бузувчилар икки давлат, Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасини бузаётган бўлади, - дейди Гулмира Бўрубаева.

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати апрель ойида Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтганликда айбланиб 50 қирғизистонлик қўлга олингани ҳақида 30 апрель куни хабар тарқатган эди.

Ўзбекистон чегарачиларига кўра, Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Шамалдисай шаҳри, Олабуқа туманидаги Гулистон, Ўктам, Карвон, Ўзак Калинино қишлоқлари, Боткен вилоятидаги Қадамжой тумани билан чегарадош ҳудудларда чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари жуда кўп кузатилади.

24 апрель куни ўзбек матбуоти ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига таянган ҳолда Фарғона вилоятида милиция томонидан паспорт тартибини текшириш жараёнида Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний яшаб келган эллик уч нафар қирғизистонлик аниқланиб, мамлакатдан чиқариб юборилганини хабар берган эди.

Икки давлат чегарасидан муаммоли масалалардан маҳаллий аҳоли қора молларининг қўшни давлат ҳудудига ўтиб кетиши бўлиб ҳисобланади. Бундай ҳолларда икки давлат чегарачилари ўртасида уни қайтариш бўйича бир қатор ижобий ишлар қилинмоқда. Масалан, ўзбек чегарачилари Қирғизистондан қора мол ўтиб кетган ёки аксинча бўлган ҳолда қўшни томон чегарачиларига бу ҳақда ҳабар беради ва қорамол ўз эгасига топширилади. Ёки бирон бир низо юзага келса деярли воқеа жойида ҳал қилинмоқда.

Гулмира Бўрубаевага кўра, чегарадан ўтган қорамолни эгасига қайтаришда маъмурий жавобгарлик масаласи қаралади. Масалан, қора мол эгаси 500 қирғиз сўми, яъни тақрибан 8,5 АҚШ долларидан бошлаб жарима тўлаши керак бўлади.

Бундан ташқари, ҳозирда Қирғизистон чегаранинг аниқланган қисмларида девор, тўсиқлар ўрнатмоқда.

2010-йил воқеаларидан сўнг энг катта ва асосий пунктлардан бири бўлган Ўш шаҳридаги “Дўстлик” чегара чегара пункити каби икки давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари Ўзбекистон томонидан бир томонлама ёпиб қўйилган. Бундан ташқари Қирғизистон фуқароларининг Ўзбекистонга киришига бир қатор чекловлар қўйилган. Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга телеграмма, таклифнома билан фақат тўй ёки жаназа маросимларига бора олиши мумкин.

Бу чекловлар фақат Ўзбекистон томонидан қўйилган. Гулнара Бўрубаева Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга ўтиши учун ҳеч қандай чеклов йўқлигини айтди.

XS
SM
MD
LG