Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:37

АҚШ Хельсинки комиссияси раиси Тошкентни маҳкум журналистларни озод қилишга чақирди


АҚШ Хельсинки комиссияси раиси Крис Смит.
АҚШ Хельсинки комиссияси раиси Крис Смит.

АҚШ Хельсинки комиссияси раиси Крис Смит ЕХҲТга аъзо барча мамлакатларни ва айниқса Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжонни қамоқда ўтирган журналистларни озод қилишга чақирди. Бу баёнотни жаноб Смит 3 май – Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида берди.

АҚШ Хельсинки комиссияси раисига кўра, ЕХҲТга аъзо қатор мамлакатларда профессионал журналистларни қўрқитиш ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича маромига етказилган тактикадан фойдаланилади, бундан ташқари, сиёсий айбловлар бўйича ҳибсга олиш ҳаракатларидан истеъфода этилади.

“Бу Хельсинки Якуний актида акс этмиш фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига содиқ мамлакатлар учун йўл қўйиб бўлмас ҳаракатдир. Шу важдан мен ЕХҲТга аъзо барча мамлакатлар ва айниқса Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистонни қамоқхоналардан ўтирган журналистларни озод қилишга чақираман”, дейди Крис Смит ўз баёнотида.

Мазкур баёнотда жаноб Смит 5 май куни АҚШ Конгрессига 2015 йил учун Матбуот эркинлигини ҳимоя қилиш актини тақдим этишни режалаётгани ҳам қайд этилган.

Бу қонун АҚШ президентидан матбуот эркинлигини чеклаган амалдорларга қарши виза санкциялари жорий қилишни, АҚШ журналистлари ва оммавий ахборот воситалари ҳуқуқлари бузилган мамлакатлар давлат оммавий ахборот воситаларининг АҚШдаги фаолиятини чеклашни талаб қилиш ҳамда АҚШ ҳукуматини матбуот ва Интернет эркинлигига риоя қилиш зарурлиги ҳақидаги моддаларни халқаро битимларга қўшишга чақириш каби талабларни ўз ичига олади.

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда камида 9 нафар журналист узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Улардан бири - 61 ёшли мухолифатчи журналист Муҳаммад Бекжон 1999 йил 16 февраль портлашларига алоқадорликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 2012 йилда унга яна 5 йил қўшиб берилган.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Жэфф Ратке шу йилнинг 1 май куни Вашингтонда ўтган брифингда Ўзбекистон ҳукуматини 15 йилдан буён қамоқда қолаётган Муҳаммад Бекжонни озод қилишга чақирганди.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматини Муҳаммад Бекжонни озод этишга ва мустақил журналистларнинг қўрқувсиз фаолият юритишлари учун имкон яратиб беришга чақирамиз, - деганди Жэфф Ратке.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти 29 апрель куни тақдим этилмиш бу йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистонни сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият энг ёмон бўлган 10 мамлакат сирасига киритган.

Ташкилот вакилларига кўра, Ўзбекистон қонунлари расман цензурани тақиқлаган ва сўз эркинлигини кафолатлаган эса-да, амалда бу кафолатларга “президент Ислом Каримовнинг автократик ҳукумати давомли кўз юмади”.

Қароргоҳи Парижда бўлган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти эса Ўзбекистон президентини бир неча йиллардан бери “Эркин матбуот кушандаси” ўлароқ тавсифлаб келади.

Ўзбек расмийларини қамоқдаги журналистларни озод қилишга чақирган Крис Смит АҚШ Хельсинки комиссияси раислигига шу йил февралида қайта тайинланган.

АҚШ Хельсинки комиссиясида Сенат томонидан кўрсатилган 9 вакил, Намояндалар палатаси томонидан кўрсатилган 9 вакил, АҚШ Давлат департаменти, Савдо вазирлиги ва Мудофаа вазирлигидан эса бир нафардан вакил фаолият юритади. Мазкур комиссия Хельсинки шартномаларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.

XS
SM
MD
LG