Россиянинг Тольятти шаҳрида жойлашган Самара вилояти бўйича Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочишга уриниб кўрган 3 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожиридан бирининг оёғи синди. Оғир аҳволда қолаётган 26 ёшли бу ўзбек йигити аҳволи ёмонлашиб бораётганига қарамасдан, маҳаллий маъмурият томонидан жазо тарзида тиббий ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят қилди. Россиянинг бошқа минтақаларидаги Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш махсус муассасалари (СУВСИГ)да аҳвол бундан-да оғир экани хабар қилинмоқда.
“Бу ерда ётиш жонга тегди!”
Озодлик таҳририятига мурожаат қилган 26 ёшли навоийлик Комил (исми айрим сабабларга кўра ўзгартирилган – таҳр.) 31 май куни икки нафар хонадоши билан Тольятти шаҳрида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочишга муваффақиятсиз уриниш қилиб кўрди.
Комилнинг айтишича, у бинонинг учинчи қаватидан сакраган:
- Мен Тольяттидаги спецприёмникламан. Оёғим синиб ётибди, мана 5 кун бўлди¸ ҳеч ким ёрдам бераётгани йўқ. Махсус приёмник Новозаводский, 7а манзили бўйича жойлашган. На дори беради, на укол қилади, на қарайди... Оёғим синиб ётгани билан иши йўқ. Биз бу ердан қочишга уринган эдик – учинчи этаждан решеткани кесиб, сакраганман. Шифохонага олиб боришгани йўқ. Мен бу ерда бир умрга чўлоқ бўлиб қолишни хоҳламайман.31 май куни бўлган эди, кечадан температурам ҳам чиқиб кетаяпти, оғриғига чидаб бўлмаяпти, дейди Комил.
Тутқун йигит ўзи билан бирга қочишга уринган бошқа иккита ўзбекистонлик ҳам ушланиб, ортга қайтарилганини айтди.
Оёғи синиб ётган Комил тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини СУВСИГ раҳбарияти томонидан ўзига қўлланилаётган жазо сифатида қабул қилаётганини билдирди.
- Ётавериб жонга тегиб кетди: на жўнатади, на қўйворади. Бу ерда икки ойдан ортиқ вақтдан бери ётибмиз. Адвокатсиз суд қилиб, олиб келган бу ерга. Мени регистрациям йўқ бўлган. Гап шундаки, суд приставлари менга 15 кун границадан чиқмай тур деган. Шу вақт ичида регистрация муддатим ўтиб кетган. Мелисалар ушлаб, отделенияга олиб бориб, суд қилиб, бу ерга олиб келиб ташлаган. Оёққа гипс ҳам қўйишмади, ҳеч нарса қилишгани йўқ. Ошнам кеча битта тухум олиб келиб берган - ўшани боғлаб қўйдим, дейди Комил.
Суҳбатдошдан олинган маълумотга кўра, махсус приёмникда ойлардан бери ватанига жўнатилишини кутиб ëтган 100 ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси сақланмоқда.
Озодлик Ўзбекистон фуқаросига нима сабабдан тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини аниқлаш мақсадида махсус идора раҳбариятига мурожаат қилди. Телефон гўшагини кўтариб¸ ўзини Немиров деб таништирган марказ раҳбари муовинларидан бири:
- Йўўўқ, нега! У қочиб кетмоқчи бўлди, юқоридан сакради, оёғига шикаст етказди. Оёғи бинтланган, врачлар кўригидан ўтган, ҳаммаси жойида. Шу сабабли хавотир олишнинг ҳожати йўқ, дея гапни қисқа қилди.
Аниқланишича, Тольяттидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказида ўз шифокори ҳам бор экан.
Озодлик саволига шифокор Мельникова Комилнинг аҳволи тўғрисида шахсан муассаса бошлиғи Виктор Моисеевич Поповга хабар бергани ва маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатиш-кўрсатмаслик масалалари билан фақат “раҳбарият” шуғулланишини билдирди:
- Бу саволлар билан бошлиғимизга мурожаат қилинг: бизда фақат у ҳал этади бундай масалаларни. Қўлимиздан келганини эса юртдошингизга кўрсатдик – унга оғриқни босувчи укол қилдик. Бу шикоятларингизни менга қилманг! Муассасада сақланаётганларни қаёққа юбориш- юбормаслик масаласи билан фақат бошлиқ ҳамда администратор шуғулланади. Қолаверса, бу ҳақда ҳамманинг хабари бор. Улар қочишга уринганида биз бошлиққа оёғи жароҳат олганини маълум қилдик. Менимча, унинг оёғи қаттиқ лат еган, пайлари чўзилган, синган-синмаганини рентген кўрсатади. Рентген масаласи билан – бошлиққа, деди бошлиқсиз қадам қўя олмаслигини тушунтирган Мельникова хоним.
Оёғи синган Комилнинг аҳволидан Озодлик орқали хабар топган Тольяттидаги маҳаллий ўзбеклар диаспораси вакиллари унга зарурий ёрдам кўрсатишларини билдирди.
Ҳозирда ўзбеклар жамияти фаолларининг муҳожир йигитга энг аввало тиббий ёрдам кўрсатиш ва кейинчалик, Ўзбекистонга чиқиб кетишда кўмаклашишни режалаштиргани маълум бўлди.
Тольяттидаги муассаса - намунавийлардан бири
Айтилишича, “энг замонавий технологиялар” асосида 110 миллион рублга қурилиб¸ 2014 йилнинг 1 апрелида ишга туширилган Тольяттидаги Хориж фуқароларини сақлаш маркази 28 хонадан иборат бўлиб, унда бир пайтнинг ўзида Россия маъмурий қонунчилигини бузганликда айбланган 180 нафаргача шахс сақланиши мумкин. Идорани бошқаришга 82 нафар ФМС ходими ва иккита полициячи жалб қилинган. Йилига бу идорани бошқаришга давлат бюджетидан 45 миллион рубль (~800 минг АҚШ долл. - таҳр.) сарфланади.
Самара вилояти бўйича ФМС бошқармаси маълумотига биноан, ўтган йилнинг ўзида муассасадан 20 мамлакатдан бўлган 900 зиёд одам депортация қилинган ва уларнинг аксар қисмини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган.
Мамлакат Миграция идорасида Тольяттидаги депортация маркази Волгаорти минтақасида энг йириги ҳамда Россияда катталиги бўйича 4-ўринни эгаллаб туришини билдиришди.
Очилишидан бир неча кун ўтмасдан бу идорадан бир нечта маҳбус қочиб кетган. Самара вилояти ҳокимиятининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллигига муассасада сақланаётган хорижликлардан арз-шикоятлар келиб тушаётгани қайдга олингани хабар қилинди. Айтилишича¸ бу муассасада сақланувчилар ўзларининг узоқ муддат давомида ватанига жўнатилмаётгани, ҳужжатлари йўқотилгани, ноҳақ депортация қилинаётгани устидан тинимсиз шикоятларни жўнатиб келмоқда.
Бошқа СУВСИГларда ҳам шу аҳвол
Россиянинг турли минтақаларида қурилган Хорижликларни сақлаш марказларидаги мураккаб вазиятлар юзага келаётгани, у ерда сақланаётган ўзбекистонлик ва бошқа хориж фуқароларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани тўғрисида Озодлик хабар бериб келмоқда.
Жумладан, кўплаб муҳожирлар айнан маъмурият қўполлиги ва ўзини номуносиб тутиши устидан арз қилиб келади.
Хусусан, Свердловск вилояти ФМС идорасига қарашли Екатеринбургдаги депортация марказида шу йилнинг 11 апрелида хориж фуқаролари ошхонада берилган овқатдан оммавий заҳарланди. Одамларнинг тез ёрдам чақириш кераклиги тўғрисидаги талабларига муассаса раҳбариятидан рад жавоби олинди. Устига-устак, ўз ҳақини талаб қилаётган ва ичи ўтаётган “жанжалкашлар”ни тинчлантиришга ОМОН ходимлари чақиртирилиб, улар қаттиқ калтаклангани маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан аниқланди.
Москва вилоятининг Троицкий округидаги Сахарово қишлоғида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказидаги муҳожирлар 2015 йилнинг 24 февралидан бир неча кун давомида ОМОН ходимлари томонидан бирор сабабсиз қаттиқ калтаклангани тўғрисида Озодлик махсус суриштирув ўтказган эди.
Шунингдек, Россиянинг Псков шаҳридаги Реадмиссия қилинадиган шахсларни сақлаш марказида ("депортация маркази") бир гуруҳ ўзбекистонлик муҳожирлар маҳаллий маъмуриятнинг қўпол муносабати ва 5 ойдан ортиқ вақт давомида депортация лагерида ушлаб турилганига жавобан очлик эълон қилганди.
Ўтган йилнинг августида Краснодар ўлкасидаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қочишга урингани учун приёмникда полиция ходимлари ноқонуний равишда ташкил қилган зиндонда 5 кун кишанда сақланган андижонлик Фахриддин Исроилов Озодлик суриштируви натижасида озод қилинган эди.