Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:35

Шаҳрисабзда уйи бузилганларга товон пули ҳам, ер ҳам берилмаяпти


Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг Уйчилик маҳалласида истиқомат қиладиган аҳоли бузилган уйлари учун товон пули ҳам, ер ҳам ололмаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди. Одамларнинг айтишларича, уларнинг уйлари бульдозер солиниб мажбуран бузиб ташланган. Расмийлар бу воқеаларга изоҳ беришдан бош тортаётир.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг ижроси қўпол равишда бузиляпти.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган шаҳрисабзликларнинг айтишларича, маҳаллий ҳокимият уйлари буздирилган одамларга товон пули ҳам, ер ҳам бермаган.

Бир ойдан сўнг куз, тўрт ойдан сўнг қиш бошланади, бироқ ёш болали оилалар, қариялар кўчада қолиши аниқ бўлиб қолди. Чунки шаҳрисабзликлар товон пулини август ойида олган тақдирда ҳам қолган тўрт ой мобайнида янги уй қуриш имконсиз эканлигини айтмоқда.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги эса арз қилиб борган одамларни “эртага ҳал бўлади, индин ҳал бўлади” деб, уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юборяпти.

Шу кунларда бузилиш ва қурилишларнинг бир қисми шаҳарнинг Уйчилик маҳалласида олиб бориляпти. Маҳалланинг Янгибозор (собиқ Собир Раҳимов) кўчасидаги уйлар ўрнига кўп қаватли уй қурилиши мўлжалланган.

Ҳокимлик мулозимлари ва қурувчилар аҳолидан тезроқ уйларни бўшатиб, чиқиб кетишни талаб қилмоқда. Одамлар розилиги олинмай туриб уларнинг уйларига бульдозер солинмоқда.

- Уйимизнинг орқа томонини бизларга айтмасдан бузиб ташлаган. Нарсаларимизни ташқарига чиқариб ташлаган, шундай тупроққа беланиб ётибди. На товон пули беради, на ер беради. Ҳадемай ёғин-сочин бошланади, нима қилишни билмайди одам. Кимга дардимизни айтишни билмаймиз. Ҳокимга борсак Сафаров деган ўринбосарига юборади, Сафаровга борсак у Отабек деган қурилиш раҳбарига юборади. Отабекка борсак, ҳоким билади, дейди. Хуллас, аҳмоқ қилишяпти бизларни,- деди уйи бузилган шаҳрисабзликлардан бири.

Шаҳарнинг Янгибозор кўчасидаги 65-уйда яшайдиган Баҳодир Файзиев ҳам уч нафар ёш фарзанди билан қишда кўчада қолиб кетишидан хавотирланаётганини айтди:

- Уйларингни бузинглар, пул ва ер берамиз дейишди. Мен уларнинг гапига ишониб уйимни буздим, полу-патологларигача олиб ташладим. Лекин энди на пул бор, на ер. Ҳокимиятга мурожаат қилавериб силлам қуриди. Пул йўқ, дейишяпти. Эрта-индин совуқ тушса бизнинг аҳволимиз нима бўлади, наҳотки бизни сўрайдиган бирор киши бўлмаса,- деди Баҳодир Файзиев.

Янгибозор кўчасидаги 45-уйда истиқомат қиладиган Муҳиддин Жўраевнинг айтишича, ҳоким ўринбосари Абдурасул Сафаров биринчи августдан бошлаб товон пулини тўла тушириб беришга ваъда берган:

- Менинг 65 миллион сўмга баҳоланган уйим бузилганига икки ой бўляпти. Шу пайтгча бу пулнинг 20 фоизини пластикка тушириб берди. Қолганидан дарак йўқ. Бугун ҳоким ўринбосари билан учрашгандик. Биринчигача қолганини тушириб берамиз, деб ваъда қилди. Агар ваъдасини бажармаса юқорига арзга борамиз,- деди Муҳиддин Жўраев.

Озодлик суҳбатлашган бошқа шаҳрисабзликлар ҳам бузилган уйлари учун товон пули ҳам, ер участкаси ҳам ололмаётгани ҳақида гапирдилар.

Озодлик уйлари бузилган шаҳрисабзликларнинг арзлари бўйича шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Сафаров билан телефон орқали боғланди. Ҳоким ўринбосари саволимизни эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Фахриддин Норов эса Озодликнинг саволларига фақат юзма-юз жавоб бериши мумкинлигини айтди.

Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг 27 моддасига кўра, "фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига биноан ва тарафлар келишувига кўра барча қулайликлари бўлган аввалгисига тенг қийматли уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим".

Айнан шу кодекснинг 28 моддасида эса, “ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига кўра якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади”, дейилган.

Лекин шаҳрисабзликларнинг айтишларича, уларнинг ҳуқуқлари ана шу икки модда бўйича қўпол равишда поймол этиляпти ва бузилган уйлари учун на товон пули ва на ер участкаси бериляпти.

XS
SM
MD
LG